Ўзбекистон | 21:23 / 07.06.2024
5856
6 дақиқада ўқилади

7 июннинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеа-ҳодисалар

Шавкат Мирзиёев Ғазодаги уруш ҳақида гапириб, Ғарб давлатларини икки хил стандартларда айблади. Россия Ўзбекистонда қурадиган АЭСнинг нархи махфий маълумот деб эълон қилинди. 4 та ҳудудда 5 нафар солиқчи пора билан ушланди.

АЭСнинг нархи очиқланмайди

Ўзбекистонда Россия томонидан қуриладиган кичик атом электр станциясининг биринчи реактори 5 йилдан кейин ишга туширилиши режа қилинган. Бу ҳақда “ЎзАтом” агентлиги Spot нашрига маълум қилган.

Агентликка кўра, станция Жиззах вилоятининг Фориш тумани Тузкон кўли яқинидаги майдонда, яъни аввалроқ катта АЭСни қуриш режа қилинган жойда барпо этилади.

“Ўрнатилган қуввати 330 МВт бўлган, олтита РИТМ-200Н реактор блокидан иборат кам қувватли атом электр станциясини қуриш лойиҳасининг қиймати махфий маълумот ҳисобланади ва ошкор этилмайди”, – дейилади агентлик хабарида.

Таъкидланишича, кичик АЭСнинг биринчи реактори қувватини ишга тушириш 5 йилдан кейинга режа қилинган. Ҳар бир кейинги реактор олти ой ичида ишга туширилади. Жами олтита реакторнинг барчасини ишга тушириш 2033 йилдан кейинга мўлжал қилинган.

Хитойдан Ўзбекистонга темирйўл

6 июн куни Хитой пойтахти Пекин шаҳрида “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темирйўли қурилиши бўйича ҳукуматлараро битим имзоланди. Ўзбекистон номидан битимга транспорт вазири Илҳом Маҳкамов имзо қўйди.

Битимга мувофиқ, темирйўл Қашғар – Торугарт – Макмал – Жалолобод – Андижон йўналиши бўйлаб ўтади. Бу темирйўлда йилига 15 млн тоннагача юк ташилиши мумкин. Лойиҳа амалга оширилгач, товарларни якуний истеъмолчиларга етказиш муддати 7 кунга қисқаради. Темирйўл билан бирга, замонавий транзит ва логистика инфратузилмаси, омборхоналар ва терминаллар ҳам барпо этилади.

Уч давлат раҳбарлари битимни имзолаш маросими иштирокчиларига видеомурожаат йўллаган. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўз мурожаатида бу темирйўл Хитойни Марказий Осиё билан боғловчи энг қисқа қуруқлик йўлига айланиши, келгусида истиқболли Трансафғон коридори орқали Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ давлатларининг кенг бозорларига чиқиш имконини беришини таъкидлаган.

Аввалроқ Қирғизистон президенти Садир Жапаров “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темирйўли қурилиши жорий йил октябр ойида бошланишини айтганди.

Қўлга олинган солиқчилар

Давлат хавфсизлик хизмати тўртта ҳудудда солиқ ходимларини коррупцион жиноятларда гумонлаб қўлга олди.

Идора хабарига кўра, Қарши туман солиқ инспекциясининг бош инспектори 5 та фирмада камерал солиқ текширувлари ўтказмаслик эвазига 2300 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. У ушбу пул маблағини вилоят солиқ бошқармасининг бош инспекторига бериши кераклиги маълум бўлгач, тезкор тадбир давом эттирилган ва вилоят даражасидаги солиқ мансабдори ҳам 2300 долларни олган вақтида ҳибсга олинган.

Бухоро вилоятида эса Ғиждувон туман солиқ инспекцияси катта инспектори якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолиятига раҳнамолик қилиш эвазига 8 млн сўм олган вақтида ушланган. Шунга ўхшаш ҳолат Тошкент шаҳар Яккасарой туманида ҳам кузатилган, бу ерда туман солиқ инспекциясининг бош инспектори 600 доллар билан қўлга тушган. Иш доирасида Яккасарой туман солиқ инспекциясининг шуъба бошлиғи ҳам ҳибсга олинган.

Солиқ тизимидаги яна бир коррупцион ҳолат Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида аниқланган. Бу ерда бир компаниянинг 900 млн сўмлик солиқ қарздорлигини тизимдаги танишлари орқали камайтириб беришни ваъда қилган туман солиқ инспекцияси камерал назорат шуъбасининг собиқ бошлиғи 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган. Юқоридаги ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Президент – Ғазо ва Ғарб ҳақида

Ғарб давлатларининг Ғазо секторидаги урушга нисбатан бўлаётган муносабати улардаги икки хил стандартларни кўрсатмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Анқарада туркиялик ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўған билан музокаралардан кейин берган баёнотида айтиб ўтди.

Ўзбекистон президенти Ғазо секторида 8 ойдан бери қонли уруш давом этаётгани, натижада 40 мингга яқин аҳоли, хусусан аёллар ва болалар ҳалок бўлаётганини чуқур изтироб билан қайд этиб, яқинларини йўқотганларга ҳамдардлик билдирди. Мирзиёев Ғарб давлатларининг фожиага бўлган муносабати хавотирли экани, амалда иккиёқлама стандартлар кузатилаётганини таъкидлади.

“Демократия ва инсон ҳуқуқларини кенг тарғиб қилган ва уларнинг ҳимоясида турган етакчи, ривожланган давлатлар бу қотилликларга, бу ваҳшийликларга кўз юммоқда. Албатта, зўравонликни тўлиқ тўхтатиш ва тинчлик жараёнини бошлаш керак. Ғазо фожиаси ҳанузгача ҳал қилинмаган Исроил–Фаластин зиддиятининг аянчли оқибатларидир. Барқарор ва узоқ муддатли тинчликка эришиш учун, албатта, мустақил ва озод Фаластин давлати ташкил этилиши шарт. Аслида Фаластин муаммоси бутун Яқин Шарқ муаммосидир”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари Ўзбекистон бу ўткир муаммо бўйича Туркия президенти билдираётган адолатли ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Корея президенти Ўзбекистонга келади

Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл келаси ҳафта Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистонга давлат ташрифи билан келади. Бу ҳақда унинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси биринчи ўринбосари Ким Тэ Хе маълум қилди.

Корея президенти офиси мулозими ўз сўзида Марказий Осиё Европа ва Осиёни боғловчи стратегик нуқта эканини таъкидлаб, Украинадаги уруш ва Яқин Шарқдаги можаро туфайли минтақанинг стратегик аҳамияти ортиб бораётганини қайд этди.

Юн Сок Ёл рафиқаси билан душанба куни аввалига Туркманистонга, кейин Қозоғистонга, ундан кейин Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштирган. Эслатиб ўтамиз, Кореянинг аввалги президенти Мун Чжэ Ин 2019 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган эди.

Мавзуга оид