Ўзбекистон | 09:43 / 10.06.2024
10849
2 дақиқада ўқилади

ИИВ биноси яқинида ёнғин чиқди (видео)

Ҳодиса ер остидан ўтказилган кабелда рўй берган. Бу пойтахтнинг марказий қисмларида светофорлар фаолиятига таъсир кўрсатгани айтилмоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Бугун, 10 июн куни тонгда Тошкент шаҳри марказида, Ички ишлар вазирлиги биноси яқинида ёнғин рўй берди. Ижтимоий тармоқларда «Космонавтлар» бекати яқинида ёнғин чиққани ҳақида видео тарқалган.

«Тошкент метрополитени» томонидан билдирилган муносабатда юзага келган ушбу ёнғиннинг метрополитен тизимига алоқаси йўқлиги, «Космонавтлар» бекатидаги барча қурилмалар нормал ҳолатда ишлаётгани маълум қилинган.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари Шота Руставели, Бобур, Бешёғоч, Байналмилал кўчаларидаги светофорлар ўчгани ҳақида хабар беришган.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ матбуот котиби Фахриддин Нуралиевга кўра, ёнғин ер остида кабеллар шикастланиши натижасида юз берган бўлиши мумкин. «Ҳолат мутахассислар томонидан ўрганилмоқда. Бу бўйича қўшимча маълумот берилади», деди у Kun.uz’га берган изоҳида.

ФВВ матбуот хизмати ҳам ҳодиса юзасидан маълумот берди. Маълум қилинишича, шу куни соат 08:10 да Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Афросиёб ва Ш.Рашидов кўчалари кесишмаси олдида жойлашган ерости туннелида электр симларини туташи кузатилди.

Воқеа жойига 9 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 08:15 да етиб бориб, соат 09:08 да қуршаб олинган ва ҳодиса соат 09:15 да бартараф этилди.  

Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш холатлари қайд этилмаган.  

Воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар вазири етиб борган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг ноябр ойида ҳам ушбу ҳудудда кучли ёнғин содир бўлганди.

Мавзуга оид