Жаҳон | 08:01 / 10.06.2024
5057
3 дақиқада ўқилади

Европарламентга сайловларда ўнг марказчилар ғалаба қозонди

Европарламентга сайловларнинг дастлабки расмий натижалари тақдим этилди. Европа комиссияси раҳбари фон дер Ляйен ўз лавозимини сақлаб қолиши кутилмоқда. У Украинани қўллаб-қувватловчи кучлар билан ҳамкорлик қилиш ниятида.

Фото: Geert Vanden Wijngaert/AP/dpa/picture alliance

Европарламентга сайловларда, дастлабки расмий натижаларга кўра, ўнг марказчи партиялар алянси, Европа халқ партияси (ЕХП) ғалаба қозонди. 10 июн, душанба куни Тошкент вақти билан соат 04:10 ҳолатига кўра, ЕХП парламентдаги 720 ўриндан 189 тасини аниқ қўлга киритди. Таққослаш учун: жорий чақириқ Европа парламентида бу алянс 176 мандатга эга. 

Гарчи ўнг қанот популистик партиялар, жумладан, «Германия учун муқобил» 2019 йилга нисбатан ўз натижаларини сезиларли даражада яхшилаган бўлса-да, кучли Брюссел сиёсати тарафдорлари лагери катта бўлиб қолмоқда. Dpa агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, Европарламентга кирган барча ўнг қанот партиялар бирлашган тақдирда ҳам уларнинг вакиллари жами 200 дан ортиқ мандат ололмайди. Европарламентдаги кўпчилик учун 361 ўрин керак. 

Дастлабки натижаларга кўра, ЕХПдан кейин иккинчи ўринда социал-демократик кучлар турибди. Улар 135 та мандат оляпти (ҳозиргача улар 139 мандатга эга эди). Учинчи натижа 83 ўринга эга бўлган «Европани янгилаш» либерал фракциясида. Бу 2019 йилги Европа парламенти сайловлари натижаларидан 19 тага кам. 

«Яшиллар»/Европа эркин иттифоқи йирик мағлубиятга учради. Шу пайтгача улар Европа парламентида 72 ўринга эга эди. Бироқ жорий сайловларнинг дастлабки расмий натижаларига кўра, улар бор-йўғи 53 мандатни сақлаб қолиши мумкин. 

«Европа консерваторлари ва ислоҳотчилари» (ЕКИ) 72 ўрин, ўнг қанот миллатчи «Шахсият ва демократия» фракцияси - 58 ўрин, Европа бирлашган сўллар/Шимол сўл-яшиллари (ЕБС/ШСЯ) - 35 ўрин. Яна 95 та ўринни фракцияга кирмаган депутатлар эгаллайди. 

Дастлабки маълумотларга кўра, бутун Европа Иттифоқи бўйича сайловчиларнинг иштироки 51 фоизни ташкил этган. Беш йил аввал бу кўрсаткич 50,66 фоизга тенг бўлганди.

Урсула фон дер Ляйен Еврокомиссия раҳбари лавозимида қолиши кутилмоқда 

Айни пайтда, Германия Христиан-демократик иттифоқи (ХДИ) томонидан номзоди илгари сурилган Еврокомиссиянинг амалдаги раҳбари Урсула фон дер Ляйен ўз лавозимини сақлаб қола олишига ишонч билдирди. «Ҳа, ишончим комил, лекин, албатта, мен олдинда жуда кўп иш борлигини биламан, аммо мен иккинчи мандатни эгаллашимга ишончим комил», - дея Reuters унинг тегишли саволга жавобини келтирган. 

Бошқа нарсалар қаторида, фон дер Ляйен Украинани қўллаб-қувватловчи кучлар билан ҳамкорликни давом эттириш ниятида эканлигини таъкидлади. 

Мавзуга оид