Жаҳон | 18:30 / 11.06.2024
14158
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистонида ноқонуний Ҳаж қилган 300 мингдан ортиқ киши аниқланди

Уларнинг кўпчилиги зиёрат визаси ўрнига туристик виза билан Ҳажни бажаришга ҳаракат қилган. 

Фото: Getty Images

Саудия Арабистони расмийлари Ҳажда қатнашиш учун рўйхатдан ўтмаган 300 мингдан ортиқ одамни аниқлади. 

Sharqpress хабарига кўра, 157 мингга яқин хорижлик зиёрат визаси ўрнига туристик визада Ҳаж зиёратига боришга уринган. 

Ҳаж хавфсизлиги қўмитаси раҳбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ал-Басамий Ҳаж қоидалари ва кўрсатмаларига риоя қилмаган зиёратчиларнинг 140 та гуруҳи ва 64 та транспорт ташкилоти аниқланганини маълум қилди. 

Саудия Арабистони расмийларига кўра, 8 июндан буён мамлакатга рўйхатдан ўтган 1,3 миллиондан ортиқ зиёратчи Ҳажда қатнашиш учун келган. 

Саудия Арабистони расмийлари ҳар йили ноқонуний равишда Ҳаж зиёратини адо этишга уринган шахсларни қўлга олади. Ўтган йили 17 мингдан ортиқ одам рухсатсиз Ҳажга боришга урингани учун ҳибсга олинган эди. 

Аввалроқ мамлакат ҳукумати хориж фуқаролари ва резидентларини 2024 йилги Ҳажда ноқонуний иштирок этганлик учун қаттиқ жазоланишидан огоҳлантирган эди. Баёнотга кўра, зиёрат қилиш учун рухсатномаси бўлмаган шахслар 2 ойдан 6 ойгача қамоқ жазосига ва 50 минг Саудия риёлигача (13,3 минг доллардан ортиқ) жаримага тортилиши мумкин. 

Шунингдек, қонунбузар хорижликлар депортация қилинади ва мамлакатга кириши 10 йилга тақиқланади. 

Саудия Арабистони қонунчилигига кўра, туристик виза билан зиёрат қилиш мумкин эмас. Зиёрат учун икки хил виза мавжуд - Ҳаж визаси ва Умра визаси. Бу икки хил виза бўлиб, бирини ўрнига бошқасидан фойдаланиш қоидабузарлик ҳисобланади. Шунингдек, ушбу визалар билан мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш мумкин эмас: Жидда, Макка ва Мадинадан бошқа шаҳарларга кириш чекланади.

Мавзуга оид