Ўзбекистон | 07:24 / 12.06.2024
3889
2 дақиқада ўқилади

Бош вазир ўз ўринбосарлари ва вазирлар билан биргаликда ҳар ярим йилда парламентга ҳисобот тақдим этиши белгиланмоқда

Янги таҳрирдаги конституциядан келиб чиқиб, ҳукуматнинг иқтисодиёт, бюджет, молия, солиқ, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги ваколатлари қайта кўриб чиқилмоқда.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Қонунчилик палатасининг 11 июндаги мажлисида депутатлар “Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқиб, қабул қилди.

Қонун лойиҳаси билан Вазирлар Маҳкамасининг мақоми, таркиби, уни шакллантириш тартиби, ваколатлари ҳамда фаолиятини ташкил этишга оид бир қатор янгиликлар назарда тутиляпти.

Хусусан, бош вазир, унинг ўринбосарлари ва вазирлар билан биргаликда ҳар ярим йилда Қонунчилик палатасига ҳисобот тақдим этиши белгиланмоқда. Янги таҳрирдаги конституциядан келиб чиқиб, ҳукуматнинг иқтисодиёт, бюджет, молия, солиқ, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги ваколатлари қайта кўриб чиқилмоқда.

Қонун лойиҳасининг 4-моддасида республика ижро этувчи ҳокимият органларининг (вазирлик, қўмита, агентлик, инспекция) хусусан, ҳудудий бўлинмалар кесимидаги ҳар бирининг мақоми, уларни ташкил этиш ва тугатишнинг аниқ, ягона тартиби ҳамда бир-биридан фарқловчи мезонлари белгилаб берилмоқда.

Вазирларнинг ўзи раҳбарлик қилаётган вазирликда ишни натижадор ва самарали ташкил этиш, бириктирилган соҳа ва тармоқларда ягона давлат сиёсатини самарали олиб бориш, уни ривожлантириш бўйича мақсадли кўрсаткичларга эришиш, йил якунигача мақсадли кўрсаткичлар (индикаторлар)га эришиш ҳолати юзасидан ҳисобот бериш ва уни очиқ эълон қилиш каби йўналишлар бўйича масъулияти ва шахсий жавобгарлиги кучайтирилмоқда.

Мавзуга оид