Ўзбекистон | 19:32 / 12.06.2024
10328
3 дақиқада ўқилади

Диний мазмундаги материалларга лайк босган йигитни суд айбсиз деб топди

Нарпай туман ИИБ 20 ёшли йигитга нисбатан "диний мазмундаги материалга лайк босиш"да ифодаланган ҳаракати учун маъмурий баённома расмийлаштириб, судга юборган. Бироқ суд ишида қатнашган мутахассис "You tube’да лайк босиш қўллаб-қувватлаш экани, тарқатишга кирмаслиги" ҳақида хулоса берган.

Фото: Getty Images

Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида суд диний мазмундаги материалларга лайк босган йигитни айбдор деб топмади. Суд иш суриштирув органи томонидан нотўғри малакаланган деб ҳисоблади. Бу кўп кузатилавермайдиган ҳолат.

Kun.uz ўрганган суд ҳужжатида келтирилишича, 2024 йилнинг 19 феврал куни Самарқанд вилояти Нарпай туман ИИБ ходимлари томонидан туманда яшовчи 20 ёшли О.Ш. ўзига тегишли телефондан You tube ижтимоий тармоғидаги профилида сақланаётган диний мазмундаги маърузалар, фикр ва фатволарини эшитиб келгани аниқланган. Йигитга тегишли Redmi 8T телефони далилий ашё сифатида олиниб, унга нисбатан Нарпай туман ИИБ профилактика инспектори С.Иззатуллаев томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-2-моддаси (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган ҳамда судга юборилган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита экспертлар гуруҳининг 2024 йил 6 март кунги IG-073 хулосасига кўра, йигит лайк босган диний мазмундаги маърузалар, фикр ва фатволари кўринишидаги материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланиши маълум қилинган. Судда сўралган О.Ш. You tube’даги ўз профилининг тарихида сақланаётган диний мазмундаги маърузаларга лайк босганини, аммо уларни тарқатмаганини, ҳеч кимга кўришни таклиф қилмаганини билдирган ва ишни қонуний кўриб чиқишни сўраган.

Судда иштирок этган мутахассис You Tube ижтимоий тармоғида лайк босиш қўллаб-қувватлаш эканини, йигитнинг ҳаракатларини тарқатиш деб ҳисоблаб бўлмаслигини маълум қилган.

Суд О.Ш.га нисбатан тўпланган маъмурий иш материалларини ҳар томонлама таҳлил этиб, унинг содир этган ҳаракати суриштирув органи томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-2-моддаси билан нотўғри малакаланган деб ҳисоблаган. Суд қарори билан иш тугатилган.

Олдинроқ навоийлик кекса аёл 5 йил олдин “Одноклассники.ру” саҳифасида диний маърузага “класс” босгани учун 3 йилга озодликдан чекланганди.

Мавзуга оид