«Ҳақиқий элита» билан учрашган Путин ва Вовчанскда позицияни мустаҳкамлаётган жангчилар. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 842-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Путин Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш учун шартларни маълум қилди. У Украинадан Донецк, Луҳанск, Херсон ва Запорижжя областларини тўлиқ топширишни талаб қилган.
- Зеленский Путиннинг шартларини «ишониб бўлмайдиган ва аввалгиларидан ҳеч нарсаси билан фарқ қилмайдиган ултиматум» деб атади. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг фикрича, Путин томонидан айтилган шартлар Россия Украинанинг янада кўпроқ ҳудудини назорат қилишни хоҳлаётганини кўрсатади.
- Шебекино ўққа тутилиши оқибатида кўп квартирали уй подъезди қулади. Беш киши ҳалок бўлиб, олти киши жароҳатланган.
- «Катта еттилик» мамлакатлари Украинанинг Россия босқинидан зарарини 486 миллиард долларга баҳолади. Улар Россиянинг музлатилган активлари фақат мазкур маблағ тўланганидан кейин қайтарилишини маълум қилишган.
- Зеленский Си Жинпинг Хитой Россияга қурол сотмасликка сўз берганини айтди.
Путин «СВО» иштирокчилари — «янги элита» вакиллари билан учрашувда
14 июн куни Владимир Путин Украинага «реал тинчлик таклифи» берди: унга кўра, тинчлик сулҳи тузилиши учун мамлакат Россияга ўз ерларини, жумладан Россия қўшини ҳеч қачон назорат қилмаган ҳудудларни ҳам топшириши лозим бўлади; Украина президенти Володимир Зеленский буни «ишониб бўлмайдиган» навбатдаги ултиматум деб атади.
Шундан кейин Путин Москва яқинида «Время героев» дастури иштирокчилари билан учрашди. У Путин мамлакатнинг «ҳақиқий элитаси» деб атаган «махсус ҳарбий амалиёт» иштирокчилари учун «губернаторлар мактаби» дастури ва «Россия етакчилари» конкурсига муқобил сифатида очилган: машғулотлардан кейин улар ҳокимият органлари ва давлат компанияларида ишлаши мумкин бўлади. Дастур учун саралаб олинган 80 киши орасида Краснодарнинг собиқ мэри ва Давлат думаси депутати Евгений Первышов ҳамда Новосибирскдаги темирйўллар менежери, урушда қўл ва оёғидан айрилган Владимир Сайбел бор. Путин уларнинг иккисига ҳам ишга жойлашишда ёрдам ваъда қилди.
Шебекино ўққа тутилиши вақтида вайрон бўлган бино
14 июн куни Белгород областининг Украина билан чегара яқинидаги Шебекино шаҳрида Украина қуролли кучлари зарбаси оқибатида турар жой подъезди қулади. Губернатор Вячеслав Гладковнинг сўзларига кўра, беш киши ҳалок бўлган — тўрт жасад харобалар остидан олиб чиқилган, яна бир аёл шифохонада жон берган. Олти киши жароҳатланган.
Харкивдаги шифохонадан катта ёшли беморларнинг эвакуация қилиниши
РФ қўшини Харкивга мунтазам равишда ракеталар билан зарба бериб, авиабомбалар ташламоқда ва дронлар билан ҳужум қилмоқда. Украина расмийларига кўра, зарбалар фуқаролик инфратузилмалари объектлари, жумладан шифохоналар бўйлаб ҳам берилмоқда. Айрим шифохоналарнинг беморлари ва ходимларини зарбалардан яхшироқ ҳимояланган тиббиёт муассасаларига кўчиришга ҳаракат қилишмоқда. Харкив шаҳри мэри Игор Терехов 2024 йил майида, Россия қўшини Харкив областида янги юриш бошлаганида шундай деганди: «Биз соғлиқни сақлаш вазирлиги билан даволаш муассасалари базасида ер остида жонлантириш ва жарроҳлик бўлимларини ташкил этиш устида ишламоқдамиз».
Купянск яқинида Россиянинг «Град» тизими
Россия қўшини бир йилдан ошиқ вақтдан буён Харкив областидаги стратегик аҳамиятга эга шаҳар бўлмиш Купянскка киришга ҳаракат қилмоқда, Россия бу шаҳарни урушнинг илк ҳафталарида эгаллаб олган, аммо кейин Украина 2022 йил кузида уни озод этганди. 2024 йил майида Россия бу йўналишда янги юриш бошлади ва бир неча қишлоқ ҳамда мустаҳкамланган позицияларни эгаллаб олди.
РФ қуролли кучларининг Луҳанск яқинидаги минадан тозалаш машинаси
2022 йил сентябрида Россия давлат ахборот агентликлари Украинанинг оккупация қилинган ҳудудларида Т-90 танки базасида ташкил этилган БМР-3М «Вепр» русумли миналардан тозаловчи миналанган машинадан фойдаланилаётгани ҳақида репортаж намойиш этганди. «Вепр» миналаштирилган майдонларни ҳарбий техникалар ва пиёдалар ҳаракатланиши учун тозалашга мўлжалланган. РФ мудофаа вазирлигининг «Звезда» телеканали 2022 йил кузида «Вепр» роботи Мариупол атрофида ишлаётгани акс этган кадрларни намойиш этганди. Репортажда минадан тозалаш машинасида кондиционер борлиги қайд этилган. 2015 йилда, «Вепр»ни биринчи бор кўрсатишганида журналистлар ва ҳарбий техникалар бўйича шарҳловчиларда зирҳли машинага печка эмас, нега айнан кондиционер ўрнатилгани борасида саволлар пайдо бўлганди. Шунингдек, «Вепр»да ҳожат чиқариш ва овқат тайёрлаш учун шароит яратилганига, бу экипаж бир неча кун давомида машинада қолишига имкон беришига алоҳида эътибор қаратилганди.
Харкив областида олдинги чизиқдаги украин ҳарбийлари
Харкив области шимолида украин ҳарбийлари иккинчи ойдирки Россиянинг янги юришини қайтармоқда. Украина қуролли кучлари Россия қўшини илгарилашини секинлаштиришга муваффақ бўлган; икки томон ҳам бу йўналишга захира кучларни ташлаган. Вовчанск шаҳри ва унинг атрофида жанглар кетмоқда. Россиянинг бу юришдан мақсади катта эҳтимол билан Харкивдан жануби-шарқдаги Купянск томон қилинаётган юришни қўллаб-қувватлаш ҳисобланади.
Киевда украиналик фотографнинг дафн маросими
Мавзуга оид
21:42
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
22:14 / 21.12.2024
Украинада аскарлар етишмаётгани сабаб ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбийларини юбориш буюрилди
20:38 / 21.12.2024
Курск областининг Рилск шаҳри ўққа тутилди
18:44 / 21.12.2024