Ўзбекистон | 19:54 / 19.06.2024
19809
2 дақиқада ўқилади

Наманганда опа-сингилни сел вақтида девор босиб қолди

Ҳодиса оқибатида 14 ёшли қиз воқеа жойида вафот этган. Ҳозирда 16 ёшли қизнинг ҳам аҳволи оғир экани айтилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Наманган вилоятининг Чуст туманида сел вақтида 16 ва 14 ёшли қизларни уй девори босиб қолди. Улардан бири вафот этган. Бу ҳақда Kun.uz’га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳолат 17 июн куни соат 16:00 да туманнинг Тоймособод маҳалласи Камарбаста кўчасида содир бўлган. 14 ёшли З.Ю. ва 16 ёшли К.Ю. уй дарвозахонасига кираётган ёмғир сувини тўсиш мақсадида девор олдига борган. Шу вақтда уй девори таг қисми билан уларнинг устига қулаб тушган.14 ёшли З.Ю. воқеа жойида ҳалок бўлган, К.Ю. эса жароҳат олиб, туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Ҳодиса жойи туман прокурори Х.Хакимов раҳбарлигидаги тезкор тергов гуруҳи аъзолари томонидан кўздан кечирилиб, процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Марҳумада қўшма шикастлар, калла мия, бўйин, кўкрак қафаси, қорин, чаноқ шикастлари борлиги, калла гумбаз, пешана тепа, ўнг чакка суяк синиқлари калла асосига ўтиши, мия мажағланиши, бўйин ва кўкрак умуртқалари кўплаб синиши, чап томондан кўплаб қовурғалар синиши, ўпкалар ва юракнинг кўкрак қафасидан пастга чиқиб қолиши каби жароҳатлар аниқланган.

Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмасининг дастлабки маълумотида К.Ю.нинг танасида қўшма шикаст, чаноқ суяклари ва ўнг болдир суякларининг силжиган синиши, тананинг кўплаб шилинмалари борлиги, аҳволи оғир ҳолатдалиги кўрсатилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Чуст туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бормоқда.

Мавзуга оид