Ўзбекистон | 12:09 / 19.06.2024
7480
2 дақиқада ўқилади

«Ўзэнергосотиш» компаниясига раҳбарлар тайинланди

«Ўзэнергосотиш» компанияси раиси ва раиснинг биринчи ўринбосари в.б. тайинланди. Бу лавозимларни мос равишда Жаҳонгир Обиджонов ва Шоҳрух Қорабоев эгаллади. 1 июлдан бошлаб корхона электр энергиясини марказлашган ҳолда харид қилиш ва сотиш функциясини бажаради.

Фото: Энергетика вазирлиги

Жаҳонгир Обиджонов «Ўзэнергосотиш» компанияси бошқаруви раиси этиб тайинланди. Компания электр энергиясини марказлаштирилган ҳолда харид қилиш ва сотиш бўйича масъул бўлади, деб хабар қилди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати. 

Жаҳонгир Обиджонов 1976 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1998 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2006 йилда президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. 

2004-2007 йилларда Ўзбекистон Марказий банкида турли лавозимларда ишлаган. 2007-2017 йилларда «Ўзсаноатқурилишбанк» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари бўлган. 2017-2019 йилларда «Ўзбекэнерго» бошқаруви раисининг ўринбосари, шунингдек, бошқарув раиси вазифасини бажарувчи сифатида ишлаган. У 2020-2022 йилларда «Ҳудудий электр тармоқлари» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари бўлган. 

2024 йилда Anglia Rusking University (Британия)да магистратурани (MBA) тамомлаган. 

Шоҳрух Қорабоев «Ўзэнергосотиш» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. 

Бунгача у Энергетика вазирлиги қошидаги Электр энергетикаси соҳасини ислоҳ қилиш лойиҳа бюроси директори ўринбосари лавозимида ишлаган. 

Ўзбекистон президентининг ўтган йил сентябрдаги энергетика соҳасини ислоҳ қилиш тўғрисидаги фармони асосида электр энергиясини марказлаштирилган харид қилиш ва сотиш функциясини бажарувчи «Ўзэнергосотиш» компанияси ташкил этилган. У 1 июлдан бу вазифани бажаришни бошлайди.

Мавзуга оид