Жамият | 18:07 / 20.06.2024
9163
7 дақиқада ўқилади

Бодрумга бориш учун 7 сабаб

Туркиянинг Бодрум курортлари ёзда мароқли ҳордиқ чиқариш учун ажойиб маскан. Ҳозир Бодрумга «Uzbekistan Аirways» билан Тошкентдан тўғридан тўғри парвоз қилиш имконияти бор. Asialuxe Travel эса сизга энг мос турпакетларни тайёрлаб бера олади.

Гарчи Ўзбекистон жойлашган кенгликлардан бироз жануброқда жойлашган бўлса ҳам Бодрум Туркиянинг Ўрта ер денгизи бўйидаги курорт шаҳарларига ҳамда Ўзбекистонга нисбатан бироз салқинроқ.

Бодрум курортлари айниқса европаликлар орасида жуда машҳур. Бодрум/Милас аэропортига қўнаётган самолётларнинг 80 фоизи Европа давлатларидан эканининг ўзи бундан далолат беради. Шунингдек, туркларнинг ўзи ҳам Бодрумда дам олишни севади.

Сўнгги пайтларда Бодрум МДҲ ва Марказий Осиё, хусусан ўзбекистонликлар орасида ҳам машҳур бўлиб бормоқда. Ўзбекистондан ҳар шанба Бодрумга чартер рейси қўйилган.

Чунки Бодрумда мароқли ҳордиқ чиқариш учун барча шароитлар муҳайё: оқ қумли шаффоф денгиз, шириндан шакар таомлар, қизиқарли тунги ҳордиқ ва маданий осори-атиқалар. Унинг энг асосий устунлиги — тиниқ ва тоза сувни билдирувчи Мовий байроққа эга 70 га яқин пляжларидир.

Ҳа, Туркия ўзининг ажойиб курортлари ва соҳиллари билан машҳур. Биз эса ушбу мақолада нега айнан Бодрумда дам олиш кераклиги хусусида еттита сабабни санаб ўтамиз. 

1. Тоза ҳаво ва табиат.

Эгей ва Ўрта ер денгизлари бирлашадиган кўрфаз ичига кириб борган Бодрум яримороли ўзининг мафтункор табиати, тоза ҳавоси билан сизга, албатта, ёқади.

Бодрумда одамни ҳолсизлантирадиган жазирама иссиқ ва намлик йўқ, тунлар ҳам у қадар салқин бўлиб кетмайди. Ёз ойларида кундузлари ҳаво 28-32 даража, тунлари 24-28 даража атрофида сақланади. Бемалол сайр қилиш мумкин.

Ораста ва гулларга бурканган кўчалар эса кўзларингизни қувонтиради.

2. Мовий пляжлар ва бухталар

Бодрум ўзининг тиниқ ва мовий денгизлари, оқ қумли пляжлари билан машҳур. Туркия тозалиги учун тақдим этиладиган Мовий байроққа эга пляжлари билан жаҳонда учинчи ўринни эгаллайди. Бодрумдаги пляжларнинг барчаси Мовий байроққа эга.

Июн ойидан бошлаб денгиз сувининг ҳарорати танга энг ёқадиган даража — 23-25 градусгача кўтарилади ва август ойининг охирларигача сақланиб туради.

Бодрумнинг ложувард пляжлари кўпроқ тошли, бироқ қумли пляжни истайдиганлар бунақасини ҳам топиб, бемалол қуёшда тобланиши мумкин. Энг яхши қумли пляжлар, Битез, Гумбат, Ўртакент, Оқёрлар ва Турғутраисда жойлашган — танлайверасиз.

Бодрумда кема сайри, денгизда чўмилиш сизга такрорланмас таассуротлар тақдим этади. Қораада ва Бодрум яриморолининг ложувард қўлтиқлари бўйлаб кемада сайр қилишингиз ва тиниқ денгиз сувларида чўмилишингиз мумкин.

3. Ажойиб ва ҳашаматли ҳотеллар.

Бодрумнинг ҳотеллари меҳмонларга юқори комфорт даражасини тақдим этади. Тўғри, нархлари Анталя ва Мармарисдагидан бироз юқорироқ. Лекин унутманг, Бодрум элитали ва ҳашаматли курорт ҳисобланади. Шу сабаб бу ердаги барча нарса шу даражага мос.

Меҳмонхоналарда all inclusive ва ultra all inclusive даражасида хизмат кўрсатилади.

Бодрум оилавий дам олиш учун эмас, деган нотўғри қараш бор. Аслида оилавий дам олиш учун барча инфратузилмага эга ажойиб меҳмонхоналар кўп. Меҳмонхоналарда болалар чўмиладиган ҳовузлар, аттракционлар, ўйин майдонлари қилинган. 

4. Такрорланмас архитектура

Бодрумнинг такрорланмас архитектураси, гулларга бурканган кўчалари сизда бир умрлик таассурот қолдириши табиий.

Туркиянинг бошқа курорт шаҳарларидан фарқли ўлароқ, Бодрумда уйлар маълум бир қоидалар асосида, оқ рангли қилиб қурилади. Бу ерда бошқа шаҳарларга хос кўп қаватли уйлар йўқ. Ҳашаматли ва катта меҳмонхоналарни ҳисобга олмасангиз, уйлар кўпи билан 2-3 қаватли, коттеж типида қурилган.

Туркларнинг кўпчилиги ва ҳаттоки хорижликлар ҳам Бодрумда ёзги уйларига эга. Истанбулликлар ёзда Бодрумга кўчиб келишади, шу сабабли бу ерни «Кичик Истанбул» деб ҳам аташади. 

5. Осори-атиқалар

Бодрум ўзининг кўҳна тарихи билан ҳам меҳмонлар эътиборини тортади.

Александр Македонский ҳозирги Бодрум ҳудудини Порсия юриши даврида эгаллаб, бу ерда қўналға ташкил этган ва уни Ҳаликарнас деб атаган. Бу шаҳар узоқ асрлар мобайнида муҳим савдо маркази бўлиб хизмат қилган.

Бу шаҳарда Ҳеродот туғилган. Бу ерда жаҳоннинг антик етти мўъжизасидан бири Ҳаликарнас мавзолейи қолдиқлари сақланмоқда. Қадимда юнонлар ушбу шаҳарда қалъаси деворлари, саройлар, театрлар, ибодатхоналар ва амфитеатрлар қурилган. 

Бодрумда бугун тарихий осори-атиқаларнинг кўпчилиги сақланиб қолган. Уларни, албатта, томоша қилиш керак. Масалан, авлиё Пётр қасри, Ҳаликарнас мавзолейи қолдиқлари, Бодрум амфитеатри шулар жумласидан. Шунингдек, жаҳондаги энг йирикларидан бии ҳисобланувчи сувости археологияси музейида чўкиб кетган кемалар, ҳайкаллар ва бошқа қадимий осори-атиқаларни томоша қилиш мумкин. 

6. Гумушлук ва Ялиқавақ

1980-йилларда бу ерларда балиқчилар қишлоғидан бўлак ҳеч нарса бўлмаган. Ўша ҳарорат ва манзара Гумушлукда сақланиб қолган. Бироқ гўшанинг гўзаллиги ҳақидаги гап-сўзлари элита орасида тезда тарқалади ва Бодрумда зодагонлар ҳамда интеллектуаллар ҳордиқ чиқара бошлайди.

Таниқлилар ва миллионерлар папарацциларнинг севимли мавзуси бўлгани сабабли, шаҳар тез орада танилиб, шуҳрат қозона бошлайди ва ҳашаматнинг синонимига айланади.

Бугунги Ялиқавақ қимматбаҳо яхталар тўпланадиган ажойиб маскандир. Жаҳонга машҳур брендларни Ялиқавақда кўриш мумкин. Турк киноси ва эстрадаси юлдузлари ҳам тўпланиб туришади.

Гумушлукдаги қуён ороли

Гумушлук эса манзарали дам олиш масканига айланган. У соҳил бўйлаб пиёда сайр қилиш учун жуда хос жой. Масалан, қадимда қурилиб, бугунги кунда сувга ғарқ бўлган Қуён оролига пиёда ўтказувчи тўғон қолдиқлари туристларнинг севимли жойи. Айнан шу ерда Ҳаликарнас қироли ва қироличаси қуёнларни овқатлантириш ва қуёш ботишини томоша қилишни яхши кўрган, дейилади.

7. Емаклар ва шопинг

Гарчи Бодрум меҳмонхоналарида «барчаси қўшилган» тизими бўйича ишласа ҳам, шаҳарга чиқиб маҳаллий таомлардан татиб кўриш имконияти доимо сизда бор. Ресторан ва барларнинг кўпчилиги шундоққина соҳил бўйида жойлашган. Мазали таомлар, коктейллар ва қаҳва менюси тақдим этилади.

Лўнда қилиб айтганда, бир ойлик маош сарфланадиган ресторанларни ҳам, арзон ҳордиқни таклиф этувчи, барчаси қўшилган меҳмонхона таомларини ҳам танлаш имконияти бор.

Туркиядан эсдалик бўлиб қолиши учун бирор эсдалик харид қилмоқчи бўлсангиз ҳар қадамда сизни сувенирлар дўкони қарши олади. Шунингдек, жаҳон брендлари ҳамда машҳур турк дизайнерларидан қимматбаҳо кийимлар ҳам харид қилиш мумкин.

Бодрумнинг энг катта савдо марказлари «Oasis» ва «Emelse» ҳисобланади.

Яқинларингизга, албатта, турк ширинликларини олиб келишни ёддан чиқарманг. Уларни марказий бозордан харид қилганингиз маъқул.

Мумкулар ва Чўқмақдағ қишлоқларида эса уй учун безаклар, хусусан, ажойиб гиламлар қўл меҳнати билан тайёрланади.

Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.

Мавзуга оид