Иссиқ иқлимга мос йўл қопламаси: ОИИБ 165 млн долларга Бухородаги абгор йўлни таъмирлаяпти
Осиё инфратузилма инвестициялари банки Бухородаги асосий халқаро йўл, хусусан, темирйўл вокзалини шаҳар маркази билан боғлайдиган йўлни реконструкция қиляпти. “Биз маҳаллий иқлим шароитига мос йўл қуряпмиз, бу технология мамлакат ва минтақа учун мутлақо янги”, деди Kun.uz билан суҳбатда ОИИБ вакиллари. Уларнинг айтишича, таъмирлаш ишлари келаси йил ўрталаригача якунланади.
Осиё инфратузилма инвестициялари банки Ўзбекистонда “Бухоро йўл тармоғини яхшилаш лойиҳаси”ни амалга оширяпти. Бунда Бухоро шаҳридаги асосий халқаро трансчегаравий йўлларнинг ҳамда Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятларидаги йўл тармоқларининг самарадорлиги, хавфсизлиги ва иқлимга чидамлилиги оширилади.
1-босқичда А-380 халқаро йўлининг муҳим қисми реконструкция қилинади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 214,7 млн долларни ташкил этади. Шундан 49,5 млн долларини Ўзбекистон ҳукумати ажратади, шунингдек, ОИИБдан 165,5 млн долларлик қарз маблағи жалб этилади.
Банк вакиллари – лойиҳа менежерлари Рунзе Ю ва Комрон Ражабиён Kun.uz'га берган интервюсида лойиҳанинг баъзи тафсилотларини айтиб ўтди.
Рунзе Ю – Осиё инфратузилма инвестициялари банкида транспорт масалалари бўйича мутахассис. Банкда 6 йил, Ўзбекистонда эса 5 йилдан бери ишлаяпти. У ОИИБда лойиҳаларни тайёрлаш, амалга ошириш ва мониторинг қилиш билан шуғулланади.
Комрон Ражабиён – Осиё инфратузилма инвестициялари банкида 4,5 йилдан буён фаолият юритмоқда. Банкдаги вазифаси инвестицион шериклик, бундан ташқари, Ўзбекистондаги айрим операциялар учун қўшма лойиҳа гуруҳи раҳбари сифатида ҳам фаолият юритади. У лойиҳаларни аниқлаш, амалга ошириш, мониторинг қилиш, тугатиш билан шуғулланади, умуман тўлиқ циклда лойиҳалар устида ишлайди.
— Банк ҳозирда Бухорода йўл инфратузилмасини яхшилаш лойиҳаси устида ишлаяпти, лойиҳа ҳақида батафсил маълумот бера оласизми?
Рунзе Ю: Лойиҳа реконструкцияга қаратилган. Бу трансчегаравий аҳамиятга эга халқаро автомагистрал бўлиб, шунча йиллик оғир фойдаланишдан кейин, унинг ҳолати ёмон аҳволга тушиб қолган. Бу қўшни давлатларни боғлайдиган асосий йўлдир. Биласиз, Ўзбекистон “икки карра” денгизга чиқа олмайдиган давлат. Демак, халқаро йўлаклар устида ишлаш нафақат мамлакатнинг ўзи, балки бутун Марказий Осиё ва қитъалараро алоқа учун катта аҳамиятга эга.
Биз ушбу лойиҳани ишлаб чиқаётиб, унинг иккинчи босқичи ҳақида ҳақида ҳам ўйлаяпмиз. Шунингдек, бажариладиган ишларнинг боришини кузатиш учун ускуналар сотиб олишни ҳам таклиф қиляпмиз.
Комрон Ражабиён: Сиз ҳам бухоролик экансиз, билсангиз керак, бу ерда иқлим шароити анча жиддий. Биз иқлим шароитига мос йўл қопламасини ётқизамиз. Ушбу технология мамлакат ва минтақа учун мутлақо янги бўлгани учун иқлим ўзгаришининг янги шароитини ҳисобга олган ҳолда, биз халқаро стандартларга мос келадиган янги меъёрларни ишлаб чиқиш, келгусида қуриладиган янги йўлларни таъмирлаш, уларни сақлаш ва эксплуатация қилишнинг халқаро стандартларга мос келишини таъминлаш бўйича илғор тажрибаларни ўзлаштиришда институционал салоҳиятни ошириш учун ҳукуматни ҳам қўллаб-қувватлаймиз.
Бухоро жанубдан ғарбга, шимолдан шарққа томон йўлларнинг чорраҳасида жойлашган. Шунинг учун ҳозирча жанубдан ғарбга йўналишига эътибор қаратяпмиз. Келажакда биз йўлнинг ушбу икки қисмини кесиб ўтмоқчимиз ва ушбу ҳудуд минтақа, мамлакат ва шаҳарга самарали хизмат кўрсатиши учун дизайн хусусиятлари ва ечимларини қидиряпмиз.
Лойиҳа учта лотга бўлинган. Биз жанубий йўналишда Қашқадарё вилоятини Бухоро вилояти билан боғлаймиз, шимолий йўналишда эса йўл Бухоро йўл тизимининг жуда муҳим қисмидан ўтади, бу темирйўл вокзалини шаҳар маркази билан боғлайди. Шу боис аҳоли ва маҳаллий бошқарув органлари ушбу йўлни яхшилашдан жуда манфаатдор деб ўйлайман. Шунда биз шаҳарга кўпроқ сайёҳларни жалб қилишда, уларни вокзал ва шаҳар маркази ўртасида яхши йўл билан таъминлашимиз мумкин бўлади. Йўллар Бухоро шаҳри ва унга туташ Когон шаҳри аҳолисига хизмат қилади.
— Банк нима учун айнан шу йўлни реконструкция қилишга қизиқяпти?
Рунзе Ю: Ўзбекистон бизнинг таъсисчи аъзоларимиздан бири ва биз билан ҳукуматнинг мақсади бир – трансчегаравий алоқаларни ривожлантириш. Бизни Бухоро нима учун қизиқтиради, чунки у тарихий жиҳатдан муҳим минтақа бўлиб, мамлакат ва қитъаларни боғлашда ҳамон катта аҳамиятга эга. Ростини айтсам, шундай бой тарихга эга масканда меҳнат қилиш биз учун шарафдир. Биз бу ерда кўп марта бўлганмиз ва ҳақиқатан ҳам мамлакатнинг сифатли транспорт инфратузилмасига бўлган эҳтиёжи жуда юқори эканини кўрдик.
Шундай қилиб, бу мамлакатда йўл соҳасида ишлаш бизга нафақат маблағ жалб қилиш, балки ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан билим ва тажриба алмашиш имконини берди. Ўтган йиллар давомида биз Транспорт вазирлиги билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйдик.
Комрон Ражабиён: Агар Ўзбекистон харитаси ва Бухоро жойлашган локацияга қарасангиз, унинг ва вилоятнинг транспорт тугуни, логистикаси нақадар муҳимлигини дарҳол тушунасиз. Шунинг учун ҳам биз жорий лойиҳага сармоя киритмоқдамиз.
Қолаверса, бизда нафақат автомобил, балки темирйўл соҳасида ҳам лойиҳалар бор. Биз доимо энг яхши экологик амалиётларга риоя қилишга ҳаракат қиламиз. Темирйўл лойиҳасида электрлаштиришни давом эттирмоқдамиз, бу эса мамлакат транспорт тизимини яшиллаштиришда яна бир қадамдир. Бу ерда ОИИБ ўз қизиқишлари ва қадриятларини кўради.
— ОИИБ лойиҳани 2020 йилда бошлаган. Жараён қандай кетяпти?
Рунзе Ю: Биз 2024 йилда турибмиз. Лойиҳа банк томонидан маъқуллангандан кейин, бутун дунё COVID пандемиясидан азият чекди, бу эса лойиҳани амалга оширишда сезиларли кечикишларни келтириб чиқарди. 380-йўлни реконструкция қилиш бўйича қурилиш ишлари бўйича шартнома 2023 йилга келибгина имзоланган ва ўтган йил давомида биз ҳаракатларимизни фаоллаштирдик.
Комрон ва мен, Бухородаги қурилиш ҳудудидан ҳозиргина қайтдик ва бундан жуда хурсандмиз. Ҳозирда бетон қопламани ерга ётқизяпмиз. Йўл қўмитаси билан бирга ишлаяпмиз, менимча, ҳамма бир мақсадда, биз жараённи тезлаштирамиз ва келгуси йилда лойиҳани ўз вақтида якунлаймиз.
— Мен ўзим худди шу йўлдан бир неча марта ўтишимга тўғри келган. Йўлнинг ярми қурилиш учун ёпилгани сабаб машиналар тор йўлдан ҳаракатланади. Йўлнинг умумий аҳволи эса жуда ачинарли. Агар лойиҳа 2020 йилда бошланган бўлса, нима сабабдан ҳамон тугамади? Реконструкция якунланиши секин кетяптими?
Рунзе Ю: Кузатувларингиз тўғри. Менимча, бошиданоқ пудратчи ускуналарни сафарбар қилишда бироз қийинчиликларга дуч келган. Бу ерда гап цемент, бетон қоплама ҳақида кетяпти. Фақат махсус ихтисослашган машинагина бундай йўлларни ётқизиши мумкин. Бу импорт қилинадиган катта машина ва ускунлардир, уларнинг асосий етказиб берувчиси – Германия. Мамлакатда кўплаб йўл қурилиши лойиҳалари амалга оширилмоқда. Шунинг учун бу машиналарга талаб катта. Шундай экан уларни олиб келиш ишни бироз кечиктирди.
Қурилиш ҳудудига бориб, йўл қўмитасидаги ҳамкасбларимиз ва пудратчи билан суҳбатлашдик. Ишонаманки, Бухоро аҳолиси тез орада ишда сезиларли силжишларни кўради. Айнан лойиҳа суръатини тезлаштириш учун биз шу ерга келдик. 2024 йилнинг иккинчи ярмига қадар жараённи якунлаймиз деган ижобий кутилмамиз бор. Кейинги йилнинг ўрталарига қадар эса йўл тўлиқ таъмирланиб бўлади деб ўйлайман.
– Йўлнинг сайёҳлар учун аҳамияти қандай?
Рунзе Ю: Барчамизга маълумки, Бухоро бутун йил давомида дунёнинг турли бурчакларидан келган туристларни ўз бағрига оладиган UNESCO шаҳри ҳисобланади. Кўпчилик Бухорога поездда келади ва лойиҳамиз амалга оширилаётган йўл айнан вокзални шаҳар билан боғлайди. Шундай қилиб, у кўплаб сайёҳлар томонидан фаол фойдаланилади. Бу масала ОИИБ учун жуда муҳим, чунки биз ҳар бир лойиҳа учун иқтисодий фойда ва кенгроқ таъсирни аниқлаймиз. Туризмнинг фойдаси эса бу лойиҳани тайёрлашда биз эътиборга оладиган жиҳатлардан биридир. Шунинг учун лойиҳанинг тугашини интиқлик билан кутяпмиз.
Комрон Ражабиён: Лойиҳамизнинг яна бир хусусияти шундаки, йўл нафақат икки шаҳар орасидаги халқаро йўлак бўйлаб ўтади, балки шаҳарнинг ўзига ҳам хизмат қилади.
Лойиҳани амалга ошириш орқали биз икки катта гуруҳ манфаатларига хизмат қиламиз. Биринчиси, шаҳарлар ўртасида ёки чет элга саёҳат қилувчилар, иккинчидан, шаҳар ичида яшовчи ва ҳар куни ушбу йўлдан фойдаланадиганлар. Менимча, бу лойиҳамизнинг ижобий жиҳати сифатида таъкидлашимиз мумкин бўлган яна бир омилдир.
– Лойиҳани амалга оширишда қандай муаммоларга дуч келдингиз?
Рунзе Ю: Банкимиз инфратузилма лойиҳасини қуриш жараёнида барча инвестицияларимизнинг экологик ва ижтимоий таъсирига, шунингдек, соғлиқ, хавфсизлик ва саломатлик масалаларига катта эътибор қаратди.
Лойиҳамизда ҳали ҳам бир муаммо сақланиб қоляпти. Гап шундаки, сизларда йўлларни қуриш ёки реконструкция қилишда, иш йўлнинг бир томонидан бошланади. Йўл участкаларининг 50 фоизини ёпасиз, натижада барча транспортлар йўлнинг иккинчи қисмидан ҳаракатланади. Бу, албатта, хавфсизлик нуқтайи назаридан тўғри чора эмас.
Бу масалада биз ҳамкоримиз, ижрочи ташкилотимиз, яъни Автомобил йўллари қўмитасига таянамиз. Улар маҳаллий ҳокимият органлари ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати билан биргаликда қурилиш вақтида нафақат одамлар, балки ишчи кучи хавфсизлигини таъминлаши лозим.
Комрон Ражабиён: Менимча, биз босқичма-босқич ҳал қилаётган муаммолардан бири бу – иложи борича кўпроқ дарахтларни сақлаб қолиш билан боғлиқ. Йўл дарахтлар ва ўсимликлар жуда кўп бўлган ҳудудлардан ўтади. Шу сабабли, лойиҳани амалга оширишда биз Автомобил йўллари қўмитаси билан биргаликда дарахтларни кесишни камайтириш бўйича ечимларни излаяпмиз, мавжуд ўсимликларни сақлаб қолиш учун лойиҳани такомиллаштирамиз.
Қайта экиладиган дарахтлар учун биз маҳаллий ҳокимлик, атроф-муҳит бўйича мутахассислар билан ҳамкорликда, дарахтлар кесилган тақдирда ўрнига кўпроқ экилиши учун ечимлар топамиз. Сақлаб қолиб бўлмайдиган дарахтларни компенсация қилиш учун улар Бухоро шаҳри атрофидаги белгиланган ҳудудга кўчириб ўтқазилади.
Мадина Очилова суҳбатлашди.
Мавзуга оид
09:45 / 18.12.2024
Йўлга ноқонуний тўсиқларни ўрнатганлик учун жавобгарлик белгиланяпти
17:03 / 15.12.2024
Бухорода ҳайдовчи маст ҳолда автобус бошқариб, одам ташиётганда ушланди
15:29 / 03.12.2024
Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида мотоцикл ва скутер кабиларнинг ҳаракати чекланди
11:04 / 02.12.2024