Олий таълим вазири ОТМлардаги форма масаласига муносабат билдирди
Қўнғиротбой Шариповнинг айтишича, кийим таълим сифатига таъсир қилмайди, лекин агар форма бўйича талаблар бўлмаса, “жамиятда ҳар хил кийимдаги одамлар пайдо бўлади”, бу эса “ҳар хил тўқнашувлар ва зиддиятлар”га олиб келади. Шунингдек, вазир ўзбек олийгоҳлари 2030 йилгача топ 500 таликка кира олишига ишонч билдирди.
21 июн куни Тошкентдаги Ёшлар ижод саройида олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ёшлар билан учрашди. Тадбирдан кейин вазир журналистлар саволларига жавоб берди.
Қўнғиротбой Шарипов Kun.uz мухбирининг саволига жавобан ўзбек олийгоҳлари 2030 йилгача дунёнинг топ-500талик ОТМлари рейтингига кира олишига ишонч билдирди. Унинг айтишича, ҳозир Ирригация институти 550-ўринда турибди.
“Албатта, ҳали олдимиздаги стратегияга 3-4 йил бор, шу “темп”да давом эттирса, нафақат 500таликка, балки 300таликка ҳам кириши мумкин. Бунинг учун ўз устида доимий ишлаш керак. Миллий университет ҳам ҳозир 700-ўринда, унда ҳам бу имконият бор”, – деди олий таълим вазири.
Шунингдек, Шариповга талабалар формаси ҳақидаги анъанавий савол ҳам берилди. Унинг сўзларига кўра, ОТМлардаги кийиниш бўйича талаблар олийгоҳнинг “ўз брендини яратиши” билан боғлиқ бўлиб, вазирлик томонидан ОТМларга кийим борасида ҳеч қандай топшириқ берилмаган.
“Ҳеч ким томонидан унақа топшириқ бўлмаган. Лекин ҳар бир олий таълим муассасаси ўзининг брендини яратиши керак. “ОТМ юқори малакали мутахассис тайёрлаяпти” деган бренд, бу нафақат ўқитувчиларда, талабаларда ҳам кўриниши керак. Чунки ОТМ – бу маданият ўчоғи ҳам.
Ҳар бир ОТМда қабул қилинган тартиб бор. Шу тартибга риоя қилса, марҳамат… У ОТМ билан шартнома қиляпти… Масалан, ҳозир сиз яхши кийинибсиз, мана шундай кийиниб юрса, нимаси ёмон, келаверсин дарсга, нега “галстук таққин” дейиш керак?” – таъкидлади ОТФИВ раҳбари.
Қўнғиротбой Шарипов кийим таълим сифатига таъсир қиладими, деб саволга: “Албатта, таъсир қилмайди ”, дея жавоб берди.
“Лекин бу – жамият. Ундай бўлса, жамиятда ҳар хил кийимдаги одамлар пайдо бўлади. Битта бизни айтяпсизлар... Ҳозир мен бошқа нимага тегсам, сизлар бошқача талқин қиласизлар уни, шунинг учун буни битта йўналишга кўпроқ эътибор бериб, бошқа йўналишга эътибор бермасак, у ҳам яхши эмас. Кейин ҳар хил тўқнашувлар ва зиддиятлар пайдо бўлади”, – деди у.
Вазирга: “Ўзбекистонда HEMIS тизимининг қолиб кетган фанларни кредит тўлаб ёпиш қисмигина ишлайдими, қачон Ўзбекистон талабалари ҳам бошқа хорижий университет талабалари каби ўзлари хоҳлаган фанларни ва ўқитувчиларни танлаш имкониятига эга бўлади?” деган савол билан мурожаат қилинди.
Шарипов тизим хорижий экспертлар билан ишлаб чиқилгани, олдинда ҳали қилинадиган ишлар борлиги ва мавжуд масалалар шу жараёнда ҳал қилинишини айтди.
“HEMIS устида ишлаш жараёни ҳали охиригача етмаган. Бу бизнинг айбимиз демаймиз, бу – доимий жараёнда. Олдимизда турган масала – олий таълимни рақамлаштиришимиз керак. Бунинг биринчиси босқичи HEMIS бўлган. Бу тизимда талабалар билимини баҳолаб бориш учун, улар учун қўшимча 40 га яқин хизмат бор (маълумотлар олиш нуқтайи назаридан). Шунинг учун ҳали олдинда қиладиган ишларимиз бор”, – деди олий таълим тизми раҳбари.
Мавзуга оид
21:42 / 22.12.2024
Ўзбекистонда ўқишни кўчириш бўйича аризаларни қабул қилиш бошланди
13:50 / 21.10.2024
Ҳиндистон Ўзбекистон ОТМда онлайн смарт-аудиторияларни ташкил этиши мумкин
15:23 / 21.09.2024
“Қўлингдан битта жакет сотволиш келмайдими, уятсизлар...” — ТДПУда форма киймаган талабалар босимга учради
14:49 / 21.09.2024