Жаҳон | 14:50 / 24.06.2024
18157
10 дақиқада ўқилади

Бир йил олдин Пригожин исёни Кремлни ва бутун мамлакатни шокка солганди. Москвага юриш ҳақида нималарни эслаш муҳим?

Қуйида воқеалар хроникаси ва Вагнер қолдирган мерос ҳақида.

Максим Шипенков / EPA / Scanpix / LETA

2023 йил 24 июн тонгида Вагнер хусусий ҳарбий компанияси отрядлари Луҳанск области ва Россия чегарасини икки жойдан кесиб ўтганди. Шундай қилиб олдинги куни Евгений Пригожин томонидан эълон қилинган «адолат марши» — қуруқ гап эмаслиги (аввалига Кремлдагилар шундай тахмин қилишганди), балки узоқни кўзлаган ҳақиқий исён экани маълум бўлади. «Медуза» бир йил олдинги воқеалар хроникасини тиклади

ХҲК мероси: Пригожин «армияси»дан ҳеч нарса қолмади — аммо вагнерчиларнинг тактик элементларидан РФ қуролли кучлари ҳам, Украина қуролли кучлари ҳам фойдаланмоқда

Бир йил муқаддам қуруқликда исёнчиларга ҳеч ким қаршилик кўрсатмаганди (агар Москва томон асосий трассаларда юк машиналаридан ўрнатилган баррикадалар ҳисобга олинмаса). РФ қуролли кучлари раҳбарияти ёлланма жангчиларга қарши фақат яқин атрофдаги аэродромлардан армия авиациясини — асосан вертолётларни юборганди. Ҳукумат кучлари авиацияси билан бир неча тўқнашувлардан кейин ХҲК ёлланма жангчилари Липецк области Красное қишлоғига етиб боради ва шу ерда лагер тиклайди. Колонна Тула области чегарасини барибир кесиб ўтмайди.

Кейин нималар бўлгани охиригача аниқ эмас — бунгача бўлган ҳаракатланиш маршрутлари ва тўқнашувлар видеоларда акс этганди. Евгений Пригожин Кремл билан ўтказган музокара тафсилотлари фақат Александр Лукашенконинг ҳикояси орқали маълум. Унинг гаплари чинлигига эса ишониб бўлмайди.

Нима бўлганда ҳам, 24 июн куни кечга бориб Пригожин — Лукашенко воситачилигида Кремл билан ўтказилган музокаралардан кейин — исённи давом эттиришдан воз кечади ва бу билан ўзига ҳамда ўзининг хусусий ҳарбий компаниясини ўлимга ҳукм қилади.

Вагнер эндиликда ҳеч қандай кўринишда мавжуд эмас:

  • ёлланма жангчиларнинг бир қисми мудофаа вазирлиги билан шартномалар имзолайди (буни ўша вақтдаги мудофаа вазири Сергея Шойгу талаб қилганди, исён ҳам шу сабаб билан бошланган);
  • ХҲК отрядлари Африкада ҳам мудофаа вазирлиги назорати остида ҳаракатланишда давом этмоқда (фақат МАРда улар Вагнер брендини сақлаб қолган);
  • сиёсий мотивлар туфайли Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорлик қилишга рози бўлмаган бошқа ёлланма жангчилар эса Росгвардия сафларига ёзилган;
  • ХҲКнинг қолган қисми Росгвардиянинг Чеченистондаги «Ахмат» полкига қўшилгани ҳақида гаплар тарқатилган бўлса-да, минглаб ёлланма жангчилар қодировчиларга қўшилгани бўйича ҳеч қандай ишончли маълумот пайдо бўлмади.

Армияда Пригожинга симпатия «адолат марши»дан олдинроқ юзага келганди, у ҳам айнан шунга ишониб исён бошлаганди. Кўплаб офицерлар чиндан ҳам мудофаа вазирлиги ва Бош штабдаги командирларидан норози эди, аммо Пригожиннинг методлари ҳам улар учун мутлақо яроқсиз бўлиб кўринган. Исёндан бир йил ўтиб Шойгу истеъфога чиққани офицерлар орасидаги ички мухолифатга ҳам барҳам берди.

Аммо Вагнер ХҲК барибир ўзидан муҳим мерос қолдирди: унинг Соледар ва Бахмутни эгаллашда қўл келган самарали тактикаси РФ қуролли кучларида ҳам, Украина қуролли кучларида ҳам ўзлаштирилган.

  • Юришларда ва қарши ҳужумларда икки армия ҳам зирҳли техникаларда ёриб киришга эмас (улар осон ўнлаб ва юзлаб дронлар билан тўла бўлган шароитда жуда заиф бўлиб қолишмоқда), кўпинча ҳаракатларини артиллерия билан мувофиқлаштирувчи пиёдаларнинг кичик штурмчи гуруҳларига таянмоқда.
  • Хусусий ҳарбий компаниянинг штурм тактикаси (душманга нисбатан қўлланганида, буни одатда «гўшт штурмлари» деб аташади) мустаҳкамланган позицияларни эгаллаш ва рақибни сиқиб чиқаришга, унинг логистикаси ва бошқарувига муаммолар туғдиришга имкон беради. Тактикада камчиликлар ҳам йўқ эмас: фақат пиёда ҳолда амалга оширилгани туфайли илгарилаш тез кечмайди, тактик муваффақиятни тезда ривожлантириш инструментларини Пригожин ҳам, унинг командирлари ҳам, кейинроқ унинг методларини қўллашга ўтган РФ ва Украина қуролли кучлари ҳам ўйлаб топа олмаган. Бундан ташқари, штурм гуруҳлари жуда катта йўқотишлар бериш эвазига ҳаракатланади.
  • Вагнер ХҲК бу муаммони қамоқхоналарда маҳбусларни ёллаш ҳисобига ҳал қилган. Ва РФ қуролли кучлари ҳам, Украина қуролли кучлари ҳам ёллашнинг бу усулидан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда, аммо бир деганда 50 минг кишини ёллаган ва бир йўналишда фойдаланган Пригожиннинг компанияси кўламида эмас.

Қайд этиш керакки, 2023 йил июнида Москвага юришда собиқ маҳбуслар иштирок этмаган — бу вақтда уларнинг кўпчилигида ярим йиллик шартнома муддатлари якунланганди ва улар Пригожин «армия»сини тарк этишганди. Луҳанск области ва Россия чегарасини фақат бир неча минг киши кесиб ўтган, улар қамоқхоналардаги рекрутинг кампаниясига қадар ҳам хусусий ҳарбий компания асосини ташкил этарди. Катта эҳтимол билан, айнан куч етарли эмаслиги ва армия томонидан кутилган қўллов бўлмагани Пригожинни исённи тўхтатишга мажбур қилган.

Исён хроникаси: Москвага юришнинг асосий воқеалари

  • Ёлланма жангчиларнинг Пригожин бошчилигидаги илк гуруҳи Новошахтинск райони ҳудудида чегарани кесиб ўтиб, 24 июн тонгида Ростов шаҳри ва Жанубий ҳарбий округ штабини эгаллайди. Штабда улар бир неча генераллар «СВО» оператив бошқарув кучлари офицерлари ҳамда уларнинг қўриқчиларини учратади. Бош штаб бошлиғи ва Украинадаги қўшинлар гуруҳи қўмондони Валерий Герасимов штабда йўқ эди, ҳолбуки у одатда Ростовдаги кабинетда туриб бошқарарди. Пригожин кечгача шаҳарда қолади.
  • Ёлланма жангчиларнинг бошқа гуруҳи танклар, «Стрела-10» ҳаво ҳужумидан мудофаа комплекслари, зирҳли машиналар, ҳарбий ва юк машиналари, пикаплардан иборат колонналарда 200 километр шимолроқда чегарадан ўтади ва Воронеж томон юра бошлайди. Пригожин бу гуруҳнинг якуний манзили Москва бўлишини айтганди.
  • Хусусий ҳарбий компания колоннаси ҳаракатланган йўлда рус қўшинлари йўқ эди: доимий жойлашув манзиллари Ростов, Воронеж ва Липецк областларида бўлган ҳарбий хизматчиларнинг аксари Украинада жанг қилаётганди. Йўлни тўсиш учун юк машиналардан ҳосил қилинган тўсиқлар ёлланма жангчилар томонидан осон ортда қолдирилади.
  • Кун ярмида, бу колонналар Воронеж атрофидаги айланма йўл бўйлаб юраётганида уларга РФ ҳаво-космик кучларининг зарбдор вертолётлари ҳужум қилади. Вертолётларнинг биринчи гуруҳидаёқ хусусий ҳарбий компаниянинг камида битта пикапи йўқ қилинади. Кейинги ҳужумлар у қадар муваффақиятли чиқмайди: Воронеж яқинида юк машинаси йўқ қилинишига жавобан ёлланма жангчилар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларидан вертолётларни ўққа тутади ва Бабяково (Воронеж чеккаси)да ҳаводаги нишонлардан бири уриб туширилади. Воронежнинг ўзида эса Ка-52 вертолёти қарши ҳаракат воситаларини қўллаш орқали ракетадан қочиб қолади.
  • Кейинроқ Воронеж областида яна бир неча вертолёт уриб туширилган (РФқуролли кучлари жами олтита вертолёт ҳамда Ил-22 русмли бошқарув самолётини йўқотган; тахмин қилиш мумкинки, айнан Ил-22 нинг камёб мутахассис саналган пилотлари ўлдирилгани учун қасос олинган, Кремл икки ой ўтганидан кейин Пригожинни экзотик усулда йўқ қилади — унинг самолёти портлатиб юборилади).
  • Ракеталардан бири (катта эҳтимол билан, вагнерчиларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа комплексидан учирилган) қуруқликда портлайди: Воронеж чеккасидаги нефт база шикастланади. Яна бир ракета эса шаҳардаги турар жой комплекси ҳовлисида портлаган. Тинч аҳоли орасида жабрланганлар бўлмаган.
  • ХҲК шаҳарларни эгаллашга ҳаракат қилмайди (Ростовдан ташқари) ва уларни айланиб ўтади. Ҳаво-космик кучларига яқин бўлган манбаларнинг айтишича, ёлланма жангчилар бир неча авиабазаларни (хусусан, Миллероводаги) эгаллаб олган, аммо Украинада жанговар миссияларни амалга оширишга тўсқинлик қилмаган.
  • 24 июн куни кундузи ХҲК колонналари Липецк областига етиб боришади. Улардан бири Елец шаҳридан ўтгач, шарққа бурилиб, Рязан области томон юра бошлайди. Ушбу колоннанинг олд қисми кўринган видео Красное посёлкаси ҳудудида (Москвагача 400 километр масофа) тасвирга олинган.
  • Ҳукумат ёлланма жангчилар отрядлари ҳаракатини қийинлаштириш учун Липецк ва Рязан областлари чегарасида йўлни экскаваторлар билан қазиб ташлашга кўрсатма беради. 
  • Ёлланма жангчилар у ерга (шунингдек Тула областига) кирганини тасдиқловчи визуал тасвирлар ўшанда ҳам, кейин ҳам пайдо бўлмайди. Шу тариқа, айтиш мумкинки, «адолат марши» аслида, Пригожин айтганидек, Москвадан 200 километр масофада эмас, 400 километр масофада тўхтаган.
  • Хусусий ҳарбий компаниянинг бу гуруҳи шарққа, Рязанга бурилиши катта эҳтимол билан РФ қуролли кучлари ва Росгвардия қўмондонлиги Тула ва Москва областларида, Ока дарёси бўйида биринчи мудофаа линиясини қуришга қарор қилгани билан боғлиқ. Кўприкларга кириш жойлари юк машиналар ва автобуслар билан тўсиб қўйилган, атрофда махсус топшириқли бўлинмалар турарди. Ёлланма жангчилар эса дарёни шарқроқда — Коломнада (Москвагача 120 километр) кечиб ўтишни режалаштирган бўлиши мумкин. Лекин у ерда ҳам кўприклар мудофаага тайёрланганди.
  • Пригожиннинг ўзи эса кун бўйи Ростовда қолади. РФ қуролли кучлари раҳбарияти Украинадан (Донецк областининг ўша вақтда шиддатли жанглар кечган Марйинка шаҳри атрофидан) Ростовга «қодировчилар» — Росгвардиянинг «Ахмат» полки кучларини юборган. Улар Ростов области чегарасидан ўтган, аммо хусусий ҳарбий компания билан жангга киришмаган.
  • 25 июнга ўтар кечаси ХҲК ёлланма жангчилари ортга, Луҳанск областига қайтади. Ростовни тарк этишда, ўша кундан сўнгги видеода Пригожин исён якунларини баҳолайди: «Нормал натижа. Барчани оёққа турғиздик».

Мавзуга оид