Доғистондаги район раҳбари ҳибсга олинди
Унинг ўғиллари терактда иштирок этишда гумонланганди.
Маҳачқалъанинг Ленин район суди Сергоқалъа районининг собиқ раҳбари, ўғиллари Доғистондаги терактларни амалга оширишда қатнашгани гумон қилинаётган Магомед Омаровни 10 кун муддатга ҳибсга олди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги Доғистон олий суди матбуот хизмати раҳбари Зарема Мамаевага асосланиб хабар бермоқда.
Омаров майда безорилик (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 20.1 моддаси, 1-қисми) бўйича маъмурий моддага асосан ҳибс қилинган. У айнан нимада айбланаётганига Мамаева аниқлик киритмаган.
ТАССнинг Доғистондаги ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси Омаровга террорчиларга ёрдам бериш бўйича айблов эълон қилиниши мумкин.
Магомед Омаров 23 июн куни кечқурун унинг ўғиллари — Осман ва Адил Омаров Маҳачқалъа ва Дербентдаги ҳужумларда иштирок этгани ҳақидаги хабарлардан кейин ушланганди. Mash маълумотига кўра, ака-укалар Дербентдаги синагог ҳамда православ ибодатхонасига террорчилик ҳужумини амалга оширишда иштирок этган. ТАСС хабарига кўра, Осман Омаров Маҳачқалъадаги аксилтеррор амалиёт чоғида ўлдирилган. Baza ҳам терактда Омаровнинг ўғиллари Осман ва Адил, шунингдек, унинг қариндоши Абдусамад Амадзиев иштирок этгани ҳақида хабар қилган.
The Insider ўз манбасига таяниб ёзишича, Адил Омаров ҳужумда қатнашмаган, у тирик ва полиция бўлимига олиб борилган. «Интерфакс» Магомед Омаров қўлга олингани тўғрисидаги материалида, дастлабки маълумотларга кўра, Дербент ва Маҳачқалъадаги ҳужумларни содир этганлар орасида районнинг собиқ раҳбарининг ўғилларидан бири бўлганини ёзган.
- Жангарилар Дербент ва Маҳачқалъада 23 июн куни ҳужум содир этганди. Улар иккита православ черковига, синагогга ҳамда йўл-патрул хизмати постига ҳужум қилишган. Яна бир ҳужум Дербентдан 80 километр масофадаги Сергоқалъа қишлоғида уюштирилган. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳужумлар оқибатида 21 киши ҳалок бўлган, шундан 16 нафари полициячилар ва Росгвардия ходимидир. Доғистон республикаси раҳбари Сергей Меликов Магомед Омаровни терактдан кейинги куниёқ истеъфога чиқарган.
Мавзуга оид
23:07 / 05.12.2024
Доғистонда рақибини симоб билан заҳарлашга уринган шахматчига жиноий иш очилмайдиган бўлди
21:22 / 17.10.2024
Рамзан Қодиров қонли қасос билан таҳдид қилган депутатлар Давлат думаси мажлисларига келмай қўйди
07:30 / 14.10.2024
Доғистон раҳбари Қодировнинг Керимовга қарши таҳдидларига жавоб қайтарди
10:01 / 28.09.2024