Ўзбекистон | 10:17 / 25.06.2024
3004
2 дақиқада ўқилади

Ҳудудларда 12 та археология ёдгорлигига 8,3 млрд сўмлик зарар етказилганлиги аниқланди

Ўтказилган назорат тадбирларида ёдгорликлар уй-жой, иссиқхона ёки хўжалик иншоотлари қуриш учун қисман бузилганлиги кузатилган.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Республиканинг турли ҳудудларида 12 та археология ёдгорлигига катта миқдорда зарар етказилганлиги маълум бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, прокуратура органлари томонидан Маданий мерос агентлиги билан биргаликда ҳудудларда назорат тадбирлари ўтказилган. Унда қонун бузилиши ҳолатлари аниқланиб, бир қатор археология ёдгорликлари йўқотилишининг олди олинган. 

Хусусан, назорат тадбирларида қуйидаги ҳолатлар аниқланган:

– Қашқадарёда “Кофиртепа-2” (VII – ХIII асрга оид) ёдгорлигининг 2,4 метр куб, “Бештерактепа”нинг (IХ – ХII) 6 метр куб ҳамда “Хонтепа”нинг (ХI – ХIII) 189 метр куб қисми уй-жой;

– Жиззахда “Томошотепа-2” (IV – V) ёдгорлигининг 14 метр куб қисми ҳожатхона ҳамда “Қоратепа”нинг (V – VI) 30 метр куб қисми иссиқхона;

– Сирдарё “Ҳашартепа” (IХ – ХII) ёдгорлигининг 6,4 метр куб қисми ҳлжатхона ва ҳаммом;

– Навоийда “Ғазғонтепа” ёдгорлигининг 16 метр куб қисми мобил компания антеннаси, “Нонвойлартепа-2”нинг 5,3 метр куб, “Калтепа”нинг (V – VIII) 23 метр куб ҳамда “Ясилтепа”нинг (III – ХI) 20 метр куб қисми хўжалик иншоотлари;

– Тошкент вилоятида “Номсизтепа-1” ёдгорлигининг 15 метр куб қисми ҳожатхона, “Номсизтепа-2”нинг 1,92 метр куб қисми иссиқхона қуриш учун қисман бузилган.

Қайд этилишича, 12 та ёдгорликка 8,3 млрд сўмлик зарар етказилган. Ҳозирда барча ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид