Ўзбекистон | 15:28 / 25.06.2024
39521
3 дақиқада ўқилади

“Кунлик “доля”сини бермагандим” – Тошкентда “самокатчи” йигитни мажбурлаб машинага ўтқазиб, олиб кетишга уринишди

Ҳолат “Халқлар дўстлиги” метро бекати ёнида, одамлар кўз ўнгида содир бўлган: бир нечта шахс 22 ёшли йигитни мажбурлаб, машинага ўтқазишган ва олиб кетишга уринишган. Аммо улар ИИО ППХ ходимлари келаётганини кўриб, қочиб қолишган. Kun.uz олиб кетилмоқчи бўлган йигит билан суҳбатлашди.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳрида, “Халқлар дўстлиги” метро бекати ёнида бир нечта шахс ёш йигитни мажбурлаб, машинага ўтқизиб олиб кетишга уринган. Аммо мақсадларига етолмаган. Ҳолат 24 июн куни соат 23:50 лар атрофида бўлган.

Олиб кетилмоқчи бўлган йигит Азизбек Усмонжонов Kun.uz’га мурожаат қилиб, бу жанжалнинг сабабини очиқлади. Унга кўра, жанжал сабаби пул билан боғлиқ.

“Икки-уч ойдан бери “Халқлар дўстлиги” санъат саройи олдида электр самокат ижараси билан шуғулланаман. Дилдора исмли опа бор. Ҳудудда ишлаганимиз учун шу опага кунига 100 минг сўмдан “доля” бериб турардик. Яқинда фаолиятимни қонуний йўлга қўйдим. Якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, солиқ тўлай бошладим. Шунинг учун опага “доля” бермаслигимни айтдим. Пул бермасанг, сен бу ерда ишлай олмайсан, деди ва шу ҳолат бўлди.

Машинага ўтқазиб олиб кетишга уринишди. Бироз юрганимиздан кейин мени ушлаб ўтирган йигитлардан бирининг қўлини қаттиқ тишладим. Олдинда ички ишлар органлари ходимлари келаётганини кўриб, мени машинадан тушириб юборишди”, дейди Азизбек Усмонжонов.

Тошкент шаҳар ИИББ ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди. Маълум қилинишича, жорий йил 24 июн куни тахминан соат 23:50 ларда “Халқлар дўстлиги” метро бекати олдида 2002 йилда туғилган А.У. ва унинг танишлари – 2002 йилда туғилган Х.О., 2002 йилда туғилган М.А., 2004 йилда туғилган С.Т. ва бошқалар ўзаро келишмовчилик сабабли оғзаки тортишиб қолган. Сўнг ушбу фуқаролар А.У.ни ўзларига тегишли Matiz машинасига ўтқазаётган вақтида, ИИО ППХ ходимлари келаётганини кўриб, қочиб кетган.

“Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Ҳуқуқбузарлардан уч нафари ушланган, қолганларни ушлаш чоралари кўрилмоқда. Текширув якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади”, дейилади расмий муносабатда.

Қўшимча қилинишича, ҳеч ким тан жароҳати олмаган ва пичоқ билан таҳдид қилиш ҳолати аниқланмаган.

Мавзуга оид