Жамият | 16:28 / 27.06.2024
20309
2 дақиқада ўқилади

“Сирдарё сув таъминоти” АЖнинг уч нафар ходими чиқинди сувни ҳайдайдиган қувурга тушиб заҳарланди

Ишчиларнинг бири ҳалок бўлган, икки нафари шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Уларнинг аҳволи ўта оғир экани айтилмоқда.

Фото: Коммерсантъ

“Сирдарё сув таъминоти” АЖнинг уч ишчиси чиқинди сувларни шаҳардан ташқарига ҳайдайдиган қувурни тозалаш учун тушиб, заҳарланган. Kun.uz манбасининг хабар беришича, ҳодиса бугун, 2024 йил 27 июн куни тушга яқин содир бўлган.

ФВБ ходимлари икки нафар ишчини қувурдан чиқишган ва улар шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Уларнинг аҳволи ўта оғирлиги айтилмоқда. Бир нафар ишчи ҳалок бўлган.

“Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродовнинг хабар беришича, “Сирдарё сув таъминоти” АЖнинг уч нафар ходимида номаълум заҳарланиш кузатилган ва улардан бири вафот этган.

Маълум қилинишича, соат 10:00 ларда Гулистон шаҳрида жойлашган 5-оқова сув ҳайдаш насос станциясидан вилоят ФВБга тезкор мурожаат келиб тушган. Унда мазкур объектда “Сирдарё сув таъминоти” АЖ Гулистон шаҳар филиалининг 3 нафар ходимида номаълум заҳарланиш ҳолати кузатилгани ва аҳволи оғирлашгани айтилган.

Қайд этилишича, ходимлардан бири Ҳ.И. вафот этган. Қолган икки нафар ходим З.Б. ҳамда Х.А. вилоят касалхонаси жонлантириш бўлимига ётқизилган. Шифокорлар уларнинг аҳволи ўта оғирлигини маълум қилган.

“Ҳолат юзасидан тегишли идоралар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганиш якунлари бўйича қўшимча маълумот берилади”, дейилади хабарда.

Мавзуга оид