Жамият | 19:22 / 28.06.2024
47294
8 дақиқада ўқилади

“Сенга 4 млн доллар жўнатяпман” – эски услубдаги янгича фирибгарлик

Навоийда шаҳрида ишловчи шифокор аёл катта миқдордаги пулга чув тушди. У чет эл фирибгарларининг 4 млн доллар нақд пул жўнатиши, унинг 40 фоизини ўзига олиб қолиб, қолганини эҳтиёжмандларга тарқатиши кераклиги ҳақидаги ёлғонига ишонган. Фирибгарлар ижтимоий тармоқлар орқали сохта фото ва видеолар юбориб, аёлдан пулни Ўзбекистонга олиб келишда божхона тўловлари ҳамда бошқа тўсиқлар учраганини айтиб, 7,5 минг доллар ундирган.

Навоий шаҳрида яшовчи шифокор аёл фирибгарлар ёлғонига алданиб, катта миқдордаги маблағидан айрилди. Ҳолат бир неча кун олдин содир бўлган.

4 млн долларлик “хўрак”

Шифокорнинг Kun.uz мухбирига ҳикоя қилиб беришича, унга ижтимоий тармоқ орқали бир аёл ёзиб, Лондонда яшашини, оғир касалликка дучор бўлганини, пулдорлигини, шу кунларда операцияга кираётганини билдирган. “Одамларга яхшилик қилмоқчиман. Бу ишни амалга ошириш учун кўплаб инсонлар орасидан сени танладим”, деган у.

Лондонлик аёл ўз бойлигидан 4 млн доллар пулни нақд кўринишида жўнатишини, унинг 40 фоизини хизмати учун ўзига олиб, қолганини ҳудуддаги эҳтиёжмандларга тарқатиши кераклигини айтган. У “ўлжа”сини ишонтириш учун тинмасдан шифохонада ётгани, операцияга тайёрланаётгани акс этган фотолар жўнатиб турган.

Навоийлик шифокор аёл ёлғонга ишонган ва бу тузоққа илинган.

“У менга тинмасдан бу ишни ҳеч кимга айтмаслигимни, сабаби 4 млн доллар катта миқдордаги пул эканини, маблағ қўлимга хавфсиз етиб келиши кераклигини таъкидларди. Афсуски, мен ўзим ҳам билмаган ҳолда унга ишониб қўйдим ва буни ҳеч кимга айтмадим”, дейди аёл.

Эски фирибгарликка қўшилган янги элемент: агент

“Миллионер хоним” 4 млн доллар пулни махсус сейфга жойлаштириб, унинг кодини аёлга айтади. Исбот учун катта миқдордаги доллар сейфга жойлаштирилгани акс этган видео жўнатади. Кейин юкни Ўзбекистонга Туркия орқали жўнатиб юбориш учун агентга топширганини маълум қилади. “Сейф кодини ҳеч кимга, ҳатто агентга ҳам билдирма. Ўзим операцияга киряпман, агент сен билан боғланади” дея таъкидлайди.

Шу тариқа энди орада учинчи одам – юкни олиб келиш учун бириктирилган агент пайдо бўлади ва у кўп куттирмасдан шифокор аёлга боғланади ҳамда юкни олиб йўлга чиққанини билдиради.

Айни шу нуқтагача “ўлжа”дан бирор пул ёки бошқа нарса сўралмаган. Натижада, сохта ҳужжатларни ҳамда гўёки унинг манзили томон келаётган сейфдаги 4 млн долларни кўрган аёлда ишонч янада ортган.

Қармоқни тортиш

Фирибгарлар кўришганки, аёл чиндан “хўракка илинди”. Эндиги навбат асосий мақсад – унинг пулини олишга уриниш эди.

Агент Туркияга етиб келганини, аэропортда ходимлар юкни очиб кўрмоқчи бўлаётганликларини айтади. “Агар 2500 АҚШ доллари тўланса, юкни очиб кўришмас экан. Юк хавфсизлиги учун бу пулни тўлашимиз керак” дейди у.  

Ичида бироз шубҳа уйғонган аёл вазиятни “миллионер хоним”га билдиради. У эса “агентнинг айтганини қил, пул қўлингга етиб боргач, қилган харажатингни қўшиб олаверасан, мен операцияга кириб кетяпман”, дейди.

Шошиб қолган шифокор йиғиб қўйган маблағини олиб, банкдан айтилган манзилга, яъни Туркияга, Cetin Yeter исмли шахсга жўнатилади.

Орадан кўп ўтмай агент юкни Туркиядан Ўзбекистонга жўнатишда ҳам шунақа муаммо юзага келганини билдиради ва тезда 1550 доллар жўнатишни сўрайди. Шифокор иккинчи марта ҳам сўралган пулни банк орқали жўнатади.

Агент бу орада аёлнинг ишончини ушлаб туриш учун аэропортдан видеолар, суратлар юбориб туради.

Орадан 1 кун ўтиб, агент яна алоқага чиқади ва Ўзбекистонга келганини айтиб, Тошкент халқаро аэропортидан видео жўнатади.

“Мана, ниҳоят шу ердаман. Бироқ мен сизнинг мамлакатингизда яна муаммога дуч келдим. Ходимлар юкни очиб, ичида нима борлигини кўришмоқчи. Буни қилмаслик учун 3500 доллар сўрашяпти, буни ҳал қилмасак бўлмайди”, дейди.

Аёл қарз олиб, учинчи бор 3500 доллар жўнатади.

Шу тариқа, аёл ўтказган пуллар жами 7550 АҚШ долларга етган. Ҳар учта ҳолатда ҳам пулн Туркия давлатига, Cetin Yeter исмли шахсга кўчирилган. 

Аёл энди ҳаммаси ҳал бўлди дея уйида ўтириб, 4 млн долларни кута бошлайди. Аммо бу сўнгги нуқта эмасди. Чунки фирибгарлар аёлни то у бунинг ёлғонлигини билиб қолгунича “шилишни” мақсад қилишганди. Шу сабабли, агент яна алоқага чиқади ва унинг уйига яқин жойда эканини, йўлда милиция ходимлари ушлаганини, тезда 1200 доллар жўнатмаса бўлмаслигини маълум қилади.

Манзилни айтинг, ўзимиз борамиз, деган саволларни эса “агент” жавобсиз қолдиради. Шунагина аёл буларнинг барчаси ёлғон эканини тушуниб етади ва 7550 долларга чув тушганини англайди.

Эски услубнинг янгича кўриниши

Аслида бу эски фирибгарлик услубнинг янгича кўриниши холос. Бундай турдаги фирибгарликлар Ўзбекистонга 20 йиллар олдин кириб келган. Ўшанда асосан электрон почталарга сохта адвокатлар томонидан хатлар жўнатилар ва “эгасиз” қолган катта миқдордаги пулларни бўлишиб олиш таклиф этиларди.

Ижтимоий тармоқлар оммалашгач, фирибгарларга “ўлжа” топиш анча осонлашди. Эндиликда улар ижтимоий тармоқлар орқали “ҳужум”га ўтишди. Уларнинг услуби ҳам “замонавийлаша” борди.

“Сиз билан бир хил фамилияга эга бўлган мижозим оила аъзолари билан биргаликда автоҳалокат қурбони бўлди. У нефт савдоси билан шуғулланарди. Ёлғиз ўғлининг келажаги учун банкка 50 млн доллар сармоя қўйганди. Афсуски, ўғли ҳам вафот этди. Сизни унинг қариндоши сифатида кўрсатиб, ушбу пулни олишимиз мумкин. Фақат маблағни тақсимлаб оламиз, ярми менга, ярми сизга. Менинг турмуш ўртоғим саратонга чалинган, уни даволатишим учун ҳозир менга катта маблағ зарур”.

Айни шу мазмундаги мактубларга ишониб қолиши ортидан кўплаб одамлар фирибгарларга чув тушди.

Вақтнинг ўтиши билан бу услуб эскирди ва “самара” бермай қўйди: кўплаб одамлар бунинг ёлғонлигидан хабар топиб бўлишди. Шу туфайли “сценарий” ўзгартирилиб, юқоридаги каби “агент” ўйлаб топилди. Афсуски, соддалик қилиб, бундай ёлғонларга ишонаётганлар ҳамон бор.

Текин пишлоқ қопқонда бўлади

Аслида, бу фирибгарлик эканини англашга ҳар қандай юк божхона кўригидан сканер орқали ўтиши ва текширилишини, уни очиб кўрмаслик учун пул талаб қилинмаслигини, бундай катта миқдордаги нақд пул маблағи бир давлатдан иккинчи давлатга шунчаки сейфда чиқариб юборилмаслигини тушунишнинг ўзи етарли эди. Қолаверса, шифокор аёл учинчи ҳолатда, яъни агент Тошкент халқаро аэропортидаман, деганида ҳам ҳеч шубҳаланмай у сўраган пулни Туркияга кўчириб берган.

Kun.uz юртдошларимизни яна бир бор бундай фирибларга ишонмасликка, шундай шубҳали ҳолатларда атрофидаги яқинларидан маслаҳат олиб иш тутишга чақиради. 

Руслан Сабуров,
Kun.uz

Мавзуга оид