Ўзбекистон | 10:26 / 02.07.2024
3953
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда 15 млрд сўмлик давлат харидларини амалга оширишда қонун талаблари бузилган – Рақобат қўмитаси

Қорақалпоғистонда таълим тизимидаги ташкилотлар 21 та ҳолатда умумий қиймати 15 млрд 74,3 млн сўмлик давлат харидларини амалга оширишда қонун талабларини бузган.

Қорақалпоғистон Олий таълим фан ва инновация вазирлиги тизимидаги ташкилотлари томонидан ўтказилган танлов савдолари бўйича 21 та ҳолатда давлат харидларини амалга оширишда қонун талаблари бузилган. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

«Давлат харидлари танловларининг баъзиларида иштирокчиларга қўйилаётган малака талабларини баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилмаганлиги, айримларида ишлаб чиқилган мезонларда қандай ҳолатда юқори ёки паст балл қўйиш бўйича аниқ тартиб белгиланмаганлиги натижасида харид комиссияси аъзолари томонидан иштирокчиларга асослантирилмаган баҳолар қўйилган ва харид ҳужжатларига мувофиқ таклифларни баҳолаш талаблари бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланди», дейилади қўмита хабарида.

Жумладан, қуйидаги ҳолатларда давлат харидларини амалга оширишда қонун талаблари бузилган:

  • Олий таълим муассасалари томонидан 16 та ҳолатда ўтказилган танловларда жами 14 млрд 29, 5 млн сўмлик;
  • Касб-ҳунар мактаблари томонидан 3 та ҳолатда ўтказилган танловларда жами 685 млн сўмлик;
  • Академик лицейлар томонидан ўтказилган 2 та танловда 359,8 млн сўмлик.

Ўрганиш натижалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Рақобат қўмитаси томонидан бегиланган тартибда иш қўзғатилиб, тегишли чоралар кўрилган.

Мавзуга оид