Ўзбекистон | 15:48 / 03.07.2024
2682
2 дақиқада ўқилади

Алкогол ва гиёҳванд моддалар истеъмоли йилига 3,2 млн кишининг ўлимига сабаб бўлаётгани маълум қилинди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозир Ер юзида қарийб 400 млн киши алкогол ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилишдан азият чекмоқда.

Спиртли ичимликлар истеъмоли йилига 2,6 млн кишининг умрига зомин бўлмоқда. Бу дунёдаги барча ўлим ҳолатларининг 4,7 фоизига тенг. 600 минг одамнинг ҳаётдан эрта кўз юмиши эса психоактив моддалар қабул қилиш билан боғлиқ. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботига таяниб Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таҳлилларида келтирилишича, ҳозир Ер юзи аҳолисининг қарийб 400 млн нафари алкогол ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилишдан азият чекмоқда. Улардан 209 млн киши спиртли ичимликларга қарам бўлиб қолган.

Масалан, 2019 йилда алкогол билан боғлиқ ўлимнинг тахминан 1,6 миллиони юқумли бўлмаган касалликлар, жумладан, 474 мингтаси юрак-қон томир ва 401 мингтаси саратон хасталиклари туфайли содир бўлган. Тахминан 724 минг киши жароҳатлар, хусусан, йўл-транспорт ҳодисалари, ўз-ўзига зарар етказиш ва шахслараро зўравонлик натижасида вафот этган. Яна 284 минг киши юқумли касалликлар қурбонига айланган.

Спиртли ичимликлар билан боғлиқ ўлим ҳолатларининг энг юқори улуши, яъни 13 фоизи 20-39 ёшдаги аҳоли қатламига тўғри келган.

Қайд этилишича, жаҳон бўйича 15-19 ёшли ўсмирларнинг 23,5 фоизи спиртли ичимликлар истеъмол қилувчилар ҳисобланади. Уларнинг катта қисми Европа минтақаси (45,9 фоиз) ҳамда Шимолий ва Жанубий Америка (43,9 фоиз)да яшайди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳукуматларни 2022-2030 йилларга мўлжалланган алкоголга қарши глобал ҳаракат режасини амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиришга чақирган.  

Мавзуга оид