Жаҳон | 12:58 / 04.07.2024
19886
14 дақиқада ўқилади

Байден дебатдаги мағлубиятига изоҳ берди

Байден Трамп билан дебатлар чоғида «ухлаб қолишига сал қолгани»ни тан олди. Демократик партия сафларида унинг ҳолатидан хавотирлар кучаймоқда.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Жо Байден журналистларга Доналд Трамп билан дебат олдидан бир неча бор узоқ масофали парвозларни амалга ошириши унинг унчалик ақлли бўлмаган ҳаракати бўлгани, шу туфайли унинг чиқиши яхши муваффақиятли бўлмаганини айтди.

«Гап шундаки, мен у қадар ақл-ҳушим жойида эмасди. Мен дебатларлар олдин дунё бўйлаб саёҳатга чиқдим ва 100 га яқин соат белбоғларини кесиб ўтдим. Мен ўз ёрдамчиларимнинг гапига қулоқ тутмадим, қайтиб келганимдан сўнг саҳнада ухлаб қолай дедим», — деган у сешанба куни кечқурун Виржинияда маблағ йиғиш тадбири вақтида ўз сафари тўғрисида гапираркан.

«Бу ўзимни оқлаш эмас, балки тушунтириш беришдир», — дея қўшимча қилган у.

Байден 15 июн куни, республикачилар номзоди билан дебатдан икки ҳафтага яқин вақт олдин сўнгги сафаридан қайтганди.

У шунингдек ўз чиқиши учун узр сўраган ва ноябрда ўтказиладиган сайловларда ғолиб бўлиш унинг учун ўта муҳим эканини айтган, деб хабар қилади ABC News.

Бу вақтда Демократик партияда ва уни қўлловчи либерал ОАВда 81 ёшли президентнинг саломатлиги ва когнитив қобилиятлари бўйича хавотир кучаймоқда.

Бироз аввалроқ Техас штатидан бўлган демократ конгрессмен Ллойд Доггетт ошкора тарзда Байденни дебатдаги муваффақиятсиз чиқишдан кейин истеъфога чақирганди.

«Умид қиламанки, у истеъфога чиқишдек оғриқли ва қийин қарорни қабул қилади», — деган Доггетт.

Сешанба кунги баёнотида Ллойд Доггетт дебатлар ундаги Байден сайлов кампаниясини давом эттирмаслиги кераклиги ҳақидаги фикрларни мустаҳкамлаган.

«Сайловчиларни тинчлантириш ўрнига, президент ўзининг кўплаб ютуқларини самарали ҳимоя қила олмади ва Трампнинг кўплаб ёлғонларини фош этолмади», — деган у.

Техасдаги Остин шаҳридаги сайловчилар манфаатларини ифода этувчи, илк бор 1995 йилда қасамёд қилган Доггеттнинг ўзи 77 ёшда бўлиб, у Конгрессга яна номзодини қўйган.

Унинг сўзларига кўра, Байденнинг соғлиги ёмонлашуви билан боғлиқ хавотирлар туфайли Трампга ютқазиши учун сабаблар кўпайиб кетган.

«Унда етакчиларнинг янги авлодини илҳомлантириш имконияти бор, улардан очиқ демократик жараён орқали мамлакатимизни бирлаштириш учун номзодни танлаш мумкин, — деган Доггетт. — Менинг бу жиддий мулоҳазаларни оммага олиб чиқиш қарорим енгилтаклик эмас ва ҳеч қанақасига президент Байден қилган барча ишларга ҳурматимни камайтириб қўймайди».

Жорий ҳафтада айрим кўзга кўринган демократ конгрессменлар Байденнинг когнитив қобилиятида ёшга боғлиқ ўзгаришлар ва унинг пойгани давом эттириш имконияти бўйича хавотирларини билдиришганди, аммо ҳозирча улардан ҳеч бири уни ўз номзодини қайтариб олишга чақирмади.

Тиғиз тақвим

Дебатгача бўлган 23 кун давомида Байден ўзининг нисбатан ёшроқ ёрдамчиларини ҳам ҳолдан тойдирган юқори суръатни сақлаб қолди: у хорижлик етакчилар билан кўришиш мақсадида икки бор Атлантика океанини кесиб ўтди, кейин эса Италиядан Калифорнияга учиб, сайлов кампанияси учун хайрия маблағлари йиғиш тадбирида иштирок этди, кейинги куни Вашингтонга қайтди.

Оқ уй вакиллари олдинроқ у дебат кунида шамоллаб қолгани ҳақида хабар беришганди.

Сешанба кунги чиқишида президент бетоб бўлгани ҳақида эслатиб ўтмади. Оқ уй матбуот котиби аввалроқ дебат куни у шамоллашга қарши ҳеч қандай дори қабул қилмаганини айтганди.

Трамп билан дебатга тайёрланаркан, давлат раҳбари олти кунни Кэмп-Дэвидда, Вашингтондан 100 км масофадаги президент қароргоҳида ўтказди.

Сешанба куни The New York Times газетаси Байденнинг иш тақвими билан таниш бўлган аноним манбасига ҳавола қилган ҳолда дебатларга тайёрланган кунларда унинг иш куни соат 11:00 да бошлангани ва ҳар куни ухлаш учун вақт ажратилгани ҳақида хабар берган.

Биринчи леди Жилл Байден ўз турмуш ўртоғи сайловолди кампаниясини давом эттиришга қодирлиги ва шундай қилиши кераклигини айтмоқда

Газета шунингдек, у сафарлардан шу қадар толиққани, шу туфайли Делавэрдаги уйида тўлиқ дам олиши учун дебатларга тайёргарлик жараёни икки кунга қисқартирилгани ҳақида ёзган.

Унинг матбуот котиби Эндрю Бейтс эса президент Кэмп-Дэвиддалигида эрталабки машғулотлардан кейиноқ, соат 11:00 дан анча олдинроқ ишлашни бошлаганини айтган.

«Мураккаб вазият»

Байденнинг ёши — сайловлар арафасидаги энг асосий муаммолардан бири сифатида муҳокама қилинмоқда: сўровларга кўра, сайловчилар, у самарали ишлаш учун жуда қарилик қилади деб ҳисоблашмоқда.

Аммо ҳозирча демократлар партия конференциясида айнан уни президентлик лавозими учун номзод сифатида кўрсатиши кутилмоқда. Унинг ўзи йўлдан қайтмаслиги ва сайловларда ғалаба қозонишига ваъда қилмоқда.

Бошқа етакчи демократларнинг ҳам Байденнинг ғолиб чиқиш қобилияти борасида хавотирлари бор, аммо пойгадан чиқиш қарорини фақат унинг ўзи қабул қилиши мумкинлиги, унинг характеридан келиб чиқилса, бунинг эҳтимоли деярли йўқлигини қайд этишмоқда.

«Жо Байден ўзи тўғри деб биладиган ишни қилиши керак бўлади», — деган сешанба куни MSNBC учун берган интервюсида Вакиллар палатасининг собиқ спикери Нэнси Пелоси.

Байденнинг муҳим тарафдорларидан бири, Жанубий Каролинадан бўлган конгрессмен Жим Клайберн агар Байден истеъфога кетадиган бўлса, вице-президент Камала Ҳаррис партиядан номзод бўлишини қўллаб-қувватлашини билдирган, аммо улар бундан кейин ҳам дуэт сифатида ишлашда давом этишини хоҳлашини қўшимча қилган.

Мэрилендлик демократ, конгрессмен Жейми Раскин дам олиш кунларида MSNBC телеканалидаги чиқишида дебатлардан кейин «мураккаб вазият» юзага келганини таъкидлаган.

«Партиямизнинг барча даражаларида жуда самимий, жиддий ва батафсил мулоқотлар ўтказилмоқда, — дея тан олган у. — Президент Байден қандай қарорга келишидан қатъи назар, партиямиз ҳамжиҳатлигича қолади ва бизнинг кампаниянинг олиб борилиши ҳақидаги муҳокамаларимиз марказида у туриши керак».

Адашув ва хатолар

81 ёшлиларга хос тарзда Байден ҳам кўп марта номларни унутиб қўйган ва фактларни адаштириб юборган

Демократия партияга хайрихоҳ бўлган New York Times газетаси президентнинг саломатлигига бағишланган кенг қамровли мақоласида сўнгги ойлар ва ҳафталарда Байден томонидан йўл қўйилаётган хатолар ортгани ўзининг атрофидагиларда ҳам ташвиш уйғотаётгани қайд этилган.

Гарчи «кўп ҳолларда» теранлик ва ишчанликни сақлаб қолаётган бўлса ҳам, унинг ёшидаги кўплаб одамлар қатори 81 ёшли Байден ҳам ноўрин гапириб қўйган, номларни ёки фактларни чалкаштириб юборган вазиятлар бўлмоқда, дея ёзади газета. Аммо сўнгги вақтларда у билан бир хонада ўтирадиган кишилар бундай қўпол хатоликлар кўпайгани ва янада хавотирли тус олганини қайд этишмоқда.

Байден паришонхотир бўлиб қолган охирги эпизодлар маслаҳатчиларни ҳам, иттифоқчиларни ҳам хавотирга солди, дея давом этади газета.

6 июн куни Иккинчи жаҳон уруши давридаги иттифоқчилар десант туширганининг 80 йиллиги муносабати билан ўтказилган маросим вақтида ҳам Байден ўзини яхши ҳис қилмаганди. Кейинги кун, президент Володимир Зеленский билан учрашув вақтида у Украинага янги ҳарбий ёрдам траншининг мақсадини нотўғри тушунтириб, бу маблағлар мамлакат электр тармоқларини тиклаш учун мўлжалланганини айтганди.

New York Times суҳбатдошлари эса Байден «кўп ҳолларда» ақли расо ва яхши суҳбатдош бўлиб қолишига эътибор қаратган

10 июн куни у Қўшма Штатларда қуллик бекор қилинганининг йиллигини нишонлаш маросими вақтида бир нуқтада қотиб қолгандек кўринганди. 18 июн куни иммиграция масалаларига бағишланган тадбирда у жуда паст овозда сўзлаб, ўзининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича котибининг исмини эслашга уриниб, катта пауза қилганида ёнидагиларни хавотирга солганди: кейинроқ атрофдагилар ўша вақтда «ларзага тушгани»ни айтишди. Байден ўшанда ўзига келиб, котибнинг номини эслай олган, дея ёзади NYT.

Байденнинг Италиядаги «еттилик» саммитига ташрифидан кейин унда иштирок этган европалик юқори мартабали мулозим президентнинг жисмоний ҳолати ўтган йил кузидан буён анча ёмонлашганини ва европаликлар кўрган нарсаларидан ҳайратда қолишганини айтган. Унинг сўзларига кўра, Америка президенти вақти-вақти билан «ҳуши жойида эмасдек» кўринган ва уни сайр вақтида суҳбатга тортиш қийин бўлган.

Шу билан бирга, нашр Байден доим ҳам бундай ҳолатда бўлмаслигига эътибор қаратган.

Дебатдаги фиаскодан кейинги кунларда ёрдамчилар ва у билан учрашган кишилар, жумладан хорижлик расмийлар унинг ҳолати яхшилигини айтиб, у миллий хавфсизлик бўйича муҳим масалаларни муҳокама қилишда қийин мунозараларда иштирок этганига мисоллар келтиришган.

Оқ уйдагилар ҳам президент ажойиб формада эканини ва унинг дебатдаги муваффақиятсиз чиқиши нормадагидан вақтинча четга чиқиш бўлганини айтишган.

Оқ уй шифокори, Кевин К. О’Коннор феврал ойидаёқ кичик муаммоларга қарамай, президент «иш учун яроқли» эканини айтганди. Унинг сўзларига кўра, тестлар «Паркинсон касаллигига мос келадиган бирор белги»ни аниқламаган.

Оқ уйдагилар президент яхши формада экани ва деменцияга қарши дориларга ҳожат йўқлигини билдирган

New York Times саволларига жавоб бераркан, Оқ уй матбуот котиби Бейтс доктор О’Коннор Байденда Паркинсон касаллиги бор-йўқлигини аниқлаш учун такрорий текширувлар ўтказишга сабаб топмаганини, унда касаллик аломатлари йўқлиги ва у даволаниш учун ҳеч қандай дори қабул қилмаганини айтган.

Президентнинг ёрдамчилари NYT учун интервюда ҳамон унинг ақли расо экани, диққатини жамлай олиши ва тушунарли гапириши, дебатдаги Байден эса — улар ҳар куни мулоқот қиладиган Байден бўлмаганини билдиришган.

Байден энди аввалгидек эмас

Аммо, умуман олганда, Байден бугунги кунга келиб уч ярим йил муқаддам лавозимга киришганидаги каби ҳолатда эмас, дея ёзади газета, Оқ уй у баъзида жойлар, одамлар ва саналарни чалкаштириб юборадиган чиқишларнинг стенограммасига тузатишлар киритишига тўғри келишини эслатган ҳолда. Сўнгги марта дебатдан кейин, Байден хайрия кечасида уруш фахрийлари тўғрисида гапира туриб Франция ва Италияни адаштириб юборганида ҳам шундай қилинганди.

Ундан бироз аввалроқ, Украинага ҳарбий ёрдам тўғрисида гапираётганида, у «Ироққа маблағ ажратиш» тўғрисида айтганди — бу эса илк ҳолат эмас ва буни унинг чиқишлари ва Оқ уй сайтидаги стенограммаларни солиштириш орқали ҳам кўриш мумкин.

Дебатлардан кейин Байденнинг атрофидагиларда президентнинг саломатлиги ёмонлашиши тезлашаётгани борасида хавотирлар кучайди. «Сўнгги икки йилда унинг ҳолати ёмонлашганини тушуниш учун Овал кабинетда Жо Байден билан бирга ўтириш шарт эмас. Фарқ яққол кўзга ташланади», — деган президентлик сиёсати тарихчиси Дуглас Бринкли NYT учун интервюда.

Трампга қарши муваффақиятсиз дебатдан кейин Байден унинг ўша оқшомдаги чиқиши — бахтсиз тасодиф бўлганини исботлашга ҳаракат қилди. Кейинги куни у сайловолди митингида жўшқин нутқ сўзлади ва хайрия маблағлари йиғиш бўйича қатор тадбирларда қатнашди ва бу учрашувларда асабий донорларини тинчлантиришга уринди.

«У оташин нутқ сўзлади, қоқилмади, ғудранмади ва паришонхотир кўринмади, — деган Демократик партиянинг Ню Йоркдаги бўлими собиқ раиси, шанба куни Ист-Ҳэмптонда ўтказилган фандрайзингда қатнашган Жудит Ҳоуп. — У ўзига ўхшар, аввалгидек Жо амаки эди».

78 ёшли Трамп ҳам вақт ўтган сайин ёшармаяпти, дея қайд этади NYT. У кўпинча номларни ва тафсилотларни чалкаштириб юборади ва бир-бирига боғланмаган гапларни айтади. Унинг иш графиги Байденникидан эркинроқ, у спорт билан шуғулланмайди ва яқинда бўлиб ўтган суд жараёнида мудраб ўтирганди — лекин у буни атайлаб қилган бўлиши ҳам мумкин. Унинг сайловолди штаби унинг саломатлиги ҳақида қисқача маълумот берган — атиги уч абзацда.

Шунга қарамай, Байденнинг саломатлиги сайловчиларни Трампникидан кўра кўпроқ хавотирга солмоқда, айниқса дебатларда республикачилар номзоди кутилмаганда ўзини анча хотиржам тутиб, изчиллик билан гапирганидан кейин.

Байденнинг Трамп билан дастлабки дебатлари 28 июн куни бўлиб ўтганди. Икки номзоднинг мунозаралари чоғида Оқ уйнинг амалдаги раҳбари паришонхотир кўринган, гапларида тутилиб қолиб, аксарият ҳолларда тушунарсиз гапирганди.

Демократик партия сафларида Байденнинг электорал истиқболлари борасидаги хавотир шу қадар кучлики, New York Times газетасининг дебатдан кейинги кундаги сонида чиқарилган муҳаррир мақоласида ҳам очиқчасига президент  сайлов пойгасини тарк этишга чақирилганди.

CNN маълумотларига кўра, дебат якунлари бўйича америкалик телетомошабинларнинг 67 фоизи ғалабани Трампга тортиқ этишган. Байденнинг муваффақиятсизлиги АҚШ демократик партияси ичида «саросима» келтириб чиқарган, ҳаттоки унинг президентлик кампанияси ҳомийларида Байден Трампга қарши туриб бера оладими, деган иккиланиш пайдо бўлган.

Мавзуга оид