Жаҳон | 17:35 / 04.07.2024
9929
8 дақиқада ўқилади

Днипро яна ўққа тутилди, Донецк областида Россия армиясининг янги юриши давом этмоқда. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 861-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • РФ мудофаа вазирлиги Часив Ярнинг «Новий» райони эгалланганини эълон қилди. Украиналик ҳарбийлар шаҳар бой берилиши «яқинлашди» деб ҳисобламоқда.
  • «Росатом» украин дронлари Энергодардаги нимстанцияга ҳужум қилгани ҳақида хабар берди. Саккиз киши жароҳатланган.
  • НАТО мамлакатлари 2025 йилда Украинага 40 миллиард евро ажратишга келишган, аммо Киевни кўплаб йиллар давомида қўллаб-қувватлашдан бош тортган.
  • Россия Днипрога ракета ва дронлар билан ҳужум қилди. Олти киши ҳалок бўлган ва 50 дан ортиқ киши яраланган. Катта эҳтимол билан, ҳужум нишони «Южмаш» заводи бўлган.
  • Россия ИИВ Москва областида ўқувчиларга РФ армиясининг Бучадаги жиноятлари ҳақида сўзлаб берган ўқитувчи қидирувга берилгани ҳақида эълон қилди.
  • Bloomberg: Россия ва Хитой Shaheed намунасидаги дронларни ишлаб чиқмоқда.
  • Новороссийскда денгиз дронлари ҳужуми тўғрисида хабар берилди. Расмийлар пляжга кириш жойларини вақтинча ёпган.
  • Politico: Трамп НАТО Путин билан келишувини назарда тутувчи режани «ўйлаб кўрмоқда».

Днипро ўққа тутилиши

Россия қўшини 3 июл куни Днипро бўйлаб ракета ва пилотсиз учиш қурилмалари билан зарба берди. 50 дан ортиқ киши жароҳатланган, 4 июл тонгида берилган маълумотларга кўра, олти киши ҳалок бўлган. Ҳудуд раҳбари Сергей Лисак 4 июл Днипропетровск областида қурбонлар хотирасига мотам куни эълон қилди.

Россия ракета зарбаси оқибатида Днипродаги Apollo савдо маркази шикастланган. Ушбу савдо маркази 2024 йил 29 декабрида ҳам Россия ракетаси ҳужумига учраганди, деб эслатади «Интерфакс-Украина». Ўшанда бино фасади шикастланганди
Днипропетровск области маъмурияти / AFP / Scanpix / LETA
Днипропетровск области маъмурияти / AFP / Scanpix / LETA
Днипропетровск области маъмурияти / AFP / Scanpix / LETA
«Сўнгги ҳафталарда душман бутунлай ақлдан озди ва деярли ҳар куни Днипрони бомбардимон қилмоқда», — дея ёзган ўз телеграм-каналида шаҳар мэри Борис Филатов. «Мен шундай зарбалардан кейин ҳар сафар воқеа жойига келганимда, жуда кўп кишилар билан гаплашаман. Ва барча ягона механизм бўлиб ишлаётганига гувоҳ бўламан: полиция, қутқарувчилар, шифокорлар елкама-елка туриб ҳаракат қилишади. Бунинг учун биз уларнинг ҳар биридан чексиз миннатдормиз», — дея қайд этган у.
Днипропетровск области маъмурияти / Anadolu / Getty Images
Днипро раҳбари коммунал хизматларнинг зарба оқибатларини бартараф этишдаги хизматларини алоҳида эътироф этади. «Оломон орасида эскирган тўқ сариқ рангли нимчалари билан ажралиб турадиган „чумоли“ одамлар. Бўйинлари ва қўллари шаҳар қуёшида қизарган камтар аёллар. Ҳеч қандай ишдан ажабланмай қўйган толиққан эркаклар. Ҳали [ҳаво] тревогаси чалиниб турганида, улар аллақачон ишга киришади. Парчаларни йиғишади, синган ойналарни  супуриб, ҳамма жойда эҳтиёткорлик билан ҳаракатланишади. Бундай лаҳзаларда сен улар зиммасида қанчалик кўп юк олиб юришганини аниқ тушунасан», — дея ёзади Филатов
Днипропетровск области маъмурияти / AFP / Scanpix / LETA
Россиянинг Днипро бўйлаб зарбаси оқибатида икки мактаб ва учта болалар боғчаси биносининг деразалари тўкилиб тушган, болалар шифохонасининг жонлантириш бўлими жойлаштирилган бинога снаряд парчаси келиб тушган, бошқа шифохонада архивхонада ёнғин чиққан, деб хабар беради шаҳар мэри. Украина президенти Володимир Зеленский Днипро бўйлаб навбатдаги зарба ҳақида гапираркан, «россияликлар террорини фақат икки нарса — замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳамда узоқ масофага ҳаракатланувчи қуроллар» тўхтатиши мумкинлигини айтган.
Днипропетровск области маъмурияти / AFP / Scanpix / LETA

Донецк областидаги украин жангчилари

Россия армияси Донецк атрофида янги юриш бошлаган: аввал қўшни Авдийивка фронтида ҳаракатланган йирик кучлар Торецк шаҳри (собиқ Дзержинск) томон юриш бошлаган. Украина қуролли кучлари жангчилари Россия қўшинларининг Донецк областидаги ҳужумларини қайтармоқда. Украин ҳарбийлари бунда бошқа техникалар қатори ғарб томонидан етказиб берилган М113 русумли зирҳли транспортёрлардан (БТР) фойдаланмоқда.

Донецк областидаги олдинги чизиққа жўнаб кетаётган украин жангчилари M113 БТР олдида
Roman Pilipey / AFP / Scanpix / LETA
M113 бортига экипажнинг икки аъзосидан ташқари 11 кишидан иборат десант гуруҳини сиғдира олади
Roman Pilipey / AFP / Scanpix / LETA
Июн ойи бошида АҚШ Украинага янги ҳарбий ёрдам пакети доирасида яна камида 200 дона M113 русумли БТР юбормоқчи экани маълум бўлганди
Roman Pilipey / AFP / Scanpix / LETA
M113 зирҳли транспортёри  — жаҳонда энг кенг тарқалган жанговар машиналардан биридир. 1960-йилларда, ушбу БТРларни серияли ишлаб чиқариш бошланганида, турли модификациядаги 80 мингга яқин шундай зирҳли машиналар ишлаб чиқарилган
Roman Pilipey / AFP / Scanpix / LETA

Херсон областида Россия армияси дрон операторлари

Икки томон ҳам турлича дронларни фаол қўллаши — Украинадаги урушнинг алоҳида жиҳатидир. Пилотсиз учиш қурилмалари, жумладан FPV-дронлар операторларга жанг майдонида нималар бўлаётганини жонли эфирда кузатиш имконини беради. Дронлар разведка ишларини олиб бориши ҳам, портловчи қурилмалар ташлаб, рақибга тўғридан тўғри зарар етказиши ҳам мумкин. Қуйидаги суратларда РФ қуролли кучларининг Херсон областидаги дронлар операторлари тасвирланган.

Алексей Коновалов / ТАСС / Profimedia
Алексей Коновалов / ТАСС / Profimedia
Алексей Коновалов / ТАСС / Profimedia

Белгород ўққа тутилиши

Украина билан чегарадош саналган Белгород области расмийлари мазкур ҳудуд артиллериядан ўққа тутилаётгани ва дронлар ҳужумига учраётгани тўғрисида деярли ҳар куни хабар беради ва бунда Украина қуролли кучларини айблайди. 3 июл куни регион раҳбари Вячеслав Гладков Белгород шаҳрига кириш жойида ва тўғридан тўғри шаҳар устида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари «бир неча ҳаво нишонлари»ни йўқ қилгани ҳақида хабар берган. Осколкалар техник хизмат кўрсатиш станциясига тушган. Шиналар сақланган омборда ёнғин бошланган. Одамлар тезлик билан бинони тарк этган, жароҳатланганлар йўқ, дея маълум қилган Гладков.

Вячеслав Гладковнинг Telegram-канали

Донецк ўққа тутилиши

ДХР назорати остида бўлган Донецк шаҳри маъмурияти мунтазам равишда украин ҳарбийларини шаҳарни ўққа тутишда айблаб келади. Энг кўп зарбалар шаҳарнинг ғарбий чеккаси ҳисобланган ва шаҳар марказидан анча узоқда жойлашган Петровск районига тўғри келади. 3 июл куни Донецк маъмурияти Петровск районида зарба оқибатида икки киши жароҳатланганини маълум қилган.

Донецкда вайрон бўлган супермаркет. 2024 йил 3 июл
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA
Донецкда зарбага учраган супермаркетнинг савдо зали, ДХР расмийлари ҳужумда украин ҳарбийларини айблаган. 2024 йил 3 июл
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA
Донецкда вайрон бўлган супермаркетда ишлаётган қутқарувчилар. 2024 йил 3 июл
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA

Мавзуга оид