Ўзбекистон | 18:56 / 04.07.2024
7122
6 дақиқада ўқилади

Вазир: “Йил охиригача электрон рецепт тизимини йўлга қўямиз”

Электрон поликлиника, электрон стационар ва электрон рецепт тизимлари 2024 йил охиригача тўлиқ йўлга қўйилиши кутилмоқда, дея маълум қилди соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров. Унинг сўзларига кўра, рақамлаштириш ва давлат тиббий суғурта тизими соҳада рақобат муҳитини яратади ва беморларга кўпдан кўп кераксиз дорилар ёзиб берилишининг олдини олади.

Савдо-саноат палатасининг YouTube-саҳифасидаги эфирдан кадр

Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотига тайёргарлик доирасида, 4 июл куни соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасидаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Унда сўзга чиққан соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров Сирдарёда синовдан ўтказилган давлат тиббий суғурта тизими концепцияси муваффақиятсиз бўлганини айтди. “Сирдарёдаги давлат суғурта тизими концепциясини биз бошқа жойларга татбиқ эта олмаймиз”, деди у ва бунинг сабабларини изоҳлади.

“Суғурта тизимига ўтишимиз шарт, бу соғлиқни сақлаш тизимининг келажагини белгилаб беради. Тўғри, қийинчилик бўлади, хатолар бўлади. Бирорта давлат бунга силлиққина ўтмаган. Туркияда 12-15 йил вақт талаб қилинган суғурта тизимига ўтишга. Таймаут қилиш учун, ўзимни ҳимоя қилиш учун айтаётганим йўқ, бу ерда мутахассислар, молиячилар ўтирибди.

Президент топшириқ берган, суғурта тизимига босқичма-босқич ўтишимиз керак. Бу йил Тошкент шаҳрида ва йил охирида Қорақалпоғистон Республикасида янги тамойил бўйича [синовдан] ўтказамиз. Бу ерда нимага эътибор берамиз? Кафолатланган пакет белгиланиши шарт, қайси кўламда ва ихтисослашган бўғимда ёрдам кўрсатамиз? Иккинчиси, тартиб-қоидалар, энг кўп учрайдиган касалликлар, тарификация – ҳаммасини кўрамиз.

Сирдарё вилоятидаги қилган хатомиз шундан иборат бўлдики, талаб ўрганилмаган, молиявий ҳажм билан аҳоли талаб қиладиган ҳажмнинг номутаносиблиги юзага келгани учун молиявий томондан муаммо бўлган. Бундан ташқари, рақамлаштириш масаласида катта муаммо юзага келган. Рақамлаштиришсиз суғуртани ривожлантириб бўлмайди”, – деди вазир.

Тиббий суғурта тизими жорий йил Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида пилот тариқасида йўлга қўйилади, 2025 йилда яна 5 та ҳудуд, 2026 йилда эса тўлиқ республика бу тизимга ўтиши керак.

“Суғурта тизими хусусий сектор учун ҳам жуда қўл келади. Чунки суғурта фондига ажратилган пул беморнинг орқасидан юради, яъни у даволанган муассасага пул боради. Яхши хизмат қилган жойга пул боради, рақобат юзага келади. Бусиз ривожланишнинг имконияти йўқ”, – деди Худоёров.

ССВ раҳбарининг таъкидлашича, поликлиникалар ва рецептларни рақамлаштириш бўйича Рақамлаштириш вазирлигининг “O‘zinfocom” ташкилоти билан ишланяпти.

“Буни ҳам қийинчиликлар билан бўлса-да, инвентаризацияси бошланди. Тошкент шаҳрида пилот тариқасида бир нечта поликлиналарда қилдик. Йил охиригача электрон поликлиника, электрон стационар, электрон рецепт тизимларини тўлиқ йўлга қўймоқчимиз”, – деди у.

Худоёров электрон рецепт ва давлат тиббий суғуртаси тизимлари доирасидаги реимбурсация амалиёти ҳақида айтиб ўтди.

“Бу йил, 2024 йилга режамиз бор, президент томондан ҳам топшириқ берилди: аҳолини хавфсиз дори-дармонлар билан таъминлаш ва уни тартибга солиш учун ривожланган давлатлардаги каби бизда электрон рецептура тизимига ўтишимиз керак. Бу бўйича рақамлаштириш технологиясини Тошкент шаҳрида эксперимент қилдик.

Электрон рецептга ўтиб, суғурта тизими юрганидан кейин – бу йил Тошкентда бўлади, худо хоҳласа, биз эксперимент қилдик, яхши натижа берди – фуқаро ўзига керак бўлган дорини қатъий белгиланган нархда фақат “Дори-дармон” аптекасидан эмас, хоҳлаган хусусий аптекада олиш ҳуқуқига эга. Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаро боради, дорини олади, фиксация бўлади, марказга информация келади, давлат шу хусусий аптекага фуқаро учун тўлаб беради.

Бу реимбурсация тизими дейилади. Сирдарё вилоятида бошланишида бу ўзини оқлади. Қийинчилик бўлади, лекин электрон рецептурага ўтгандан кейин, нархлар борасида рақобат муҳити пайдо бўлади”, – деди вазирлик раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, электрон рецепт тизимига ўтиш аҳолига кераксиз дори-дармон ёзилиши ва дори-дармон контрабандаси муаммоларини ҳам ҳал қилишда ёрдам беради.

“Электрон рецептуранинг яхши томони, бизга – Соғлиқни сақлаш вазирлигига кераклиги сабаби – аҳолига жуда ҳам кўп асоссиз, кераксиз дори-дармонлар тавсия қилиняпти. Бу полипрагмазия дейилади. Полипрагмазия бўлгани учун аҳолига жуда ҳам кераксиз, тижорий манфаат билан ҳам дори-дармон бериляпти.

Электрон рецептура бўлса, программага нима киритилади, масалан, қон босими кўтарилганда қайси стандарт бўйича қайси дорилар ишлатилиши керак, ундан ортиқчаси бўлса врач ҳам қўлга тушади, аптекачи ҳам қўлга тушади.

Иккинчидан, бу ерда биз контрабанда товарни ҳам кўришимиз мумкин. Чунки умумий базага фақат қонуний кирган, Ўзбекистонда регистрация бўлган дори воситалари киритилади, контрабанда товар сотилган тақдирда бу кўринади. Оғир бўлади кўпчиликка, лекин бу йўлдан қайтмаймиз”, деди Асилбек Худоёров.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошида имзоланган президент қарорига билан, “Электрон соғлиқни сақлаш” ахборот тизимлари йўлга қўйилиши ва республиканинг барча тиббиёт ва фармацевтика ташкилотлари, шу жумладан дорихоналар мажбурий тартибда босқичма-босқич рақамли соғлиқни сақлаш платформасига уланиши белгиланган.

Май ойида президент соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ишлар тақдимоти билан танишганди. Унда уч йил аввал тажриба тариқасида Сирдарё вилоятида тиббий суғурта механизмлари йўлга қўйилгани ва бу соҳадаги кўплаб камчиликларни кўрсатиб бергани таъкидланганди.

Тиббиёт муассасалари етарлича рақамлаштирилмагани сабабли суғурта тизими тўлиқ ишламаяпти. Шифокорларнинг кўп вақти ҳисобот тўлдиришга кетяпти.

Йиғилишда Тошкент шаҳрида соҳани рақамлаштириш бўйича намунавий тизим яратиш вазифаси қўйилганди. Бунинг учун барча муассасалар янги компютер ва техника воситалари билан жиҳозланиши, йил якунигача “Электрон поликлиника” ва “Электрон шифохона” тизимлари ишга туширилиши маълум қилинди.

Шунга асосланиб, 2024 йилда пойтахтда давлат тиббий суғурта механизмлари жорий этилиши ҳам таъкидланганди.

Мавзуга оид