Спорт | 08:37 / 05.07.2024
28057
8 дақиқада ўқилади

Еврода сиёсий можаро: Демирал миллатчилик учун жазоланиши мумкин

Туркиядагилар барчасини инкор этмоқда. Ҳозирда УЕФА томонидан расмий баёнот берилиши кутилмоқда.

Фото: HENDRIK SCHMIDT/PICTURE ALLIANCE VIA GETTY IMAGES

Ўзи нималар бўлди?

4 июл куни немисларнинг Bild нашрида «шошилинч» белгиси остида шундай хабар чиқарилди: Туркия миллий жамоаси ҳимоячиси Мериҳ Демирал УЕФА томонидан Евро-2024нинг икки ўйинига дисквалификация қилинди. 26 ёшли футболчига бу жазо 1/8 финалда Австрияга қарши кечган (2:1), Демирал дубл қайд этган ўйин якунида мухлисларга кўрсатилган сиёсий жест туфайли берилган.

Bild шундай изоҳлади: «УЕФА жиддий. Албаниялик ҳужумчи Мирлинд Даку ҳам икки ўйинга дисквалификация қилинганди. Гуруҳ босқичи иккинчи туридаги Хорватияга қарши ўйиндан кейин (2:2) ҳужумчи ўз жамоаси мухлисларини миллий қўшиқ сўзлари билан гижгижлаганди — ва ўзи ҳам куйлаганди. УЕФА бу ҳаракат учун уни жазолашга қарор қилди».

Демирал фашистик ҳаракат қилишда гумонланмоқда — у голни нишонлашда кўрсаткич ва кичик бармоқларини юқорига кўтарган ҳолда бўри саломини кўрсатган. Ўйиндан кейин ҳимоячининг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифасига ушбу ҳолат суратини жойлаштирган. Сурат остига шундай сўзлар илова қилинган: «Ўзини турк дея оладиган одам нақадар бахтиёр!» Бу ибора Туркия Республикасининг биринчи президенти ва замонавий давлат асосчиси Мустафо Камол Отатуркка тегишли. Бу сўзлар турк миллатчиларининг норасмий шиори саналади.

Нашр хабарида Англия миллий жамоаси яримҳимоячиси Жуд Беллингҳем дисквалификациядан қутулиб қолгани, аммо у ҳам 1/8 финалда Словакияга қарши ўйиндаги (2:1) жести учун камида 20 минг евро миқдорида жаримага тортилиши айтилган. Ўша ўйинда «Реал» ҳавбеки сўнгги дақиқаларда ҳисобни тенглаштирувчи голини нишонлаётганида трибуналарга қўли билан бел соҳасини кўрсатганди. Беллингҳем буни стадионда бўлган дўстларига қилинган ҳазил деб изоҳлаган.

Катта эҳтимол билан, унинг ҳаракатида сиёсий мазмун йўқлиги учун ҳам енгилроқ жазо берилган.

Фото: BRADLEY COLLYER/PA IMAGES VIA GETTY IMAGES

Бу маълумотга ишониш мумкинми?

Bild — немислар таблоиди бўлиб, доим ҳам ишончли хабарлар тарқатмайди. Туркиядагилар ҳам шундай фикрда. Anadolu Ajans агентлиги футбол федерациясидаги расмийга таянган ҳолда шундай баёнотни эълон қилган: «Bild нашрида «Мериҳ Демирал УЕФА томонидан икки ўйинга дисквалификация қилинади» сарлавҳаси остида тарқатилган хабар ҳақиқатга мос келмайди. Бизда футболчини ҳимоя қилиш учун асослар тақдим этишга вақт берилган».

Демирал қайси ўйинларни ўтказиб юбориши мумкин?

Агар маълумот тасдиқланса, ҳимоячи миллий жамоасига Евро-2024 чоракфиналида Нидерландияга қарши ўйинда ёрдам бера олмайди. Бундан ташқари, Демиралнинг дисквалификацияси, агар Туркия яримфиналга чиқса, ушбу босқичга ҳам тааллуқли бўлади.

«Бўри салюти» нима дегани?

Бу турк миллатчилари ишлатадиган жестдир. Бу ултраўнг қарашлари билан ажралиб турадиган «Бозкурт» («Кўк бўрилар») ташкилоти билан ассоциация қилинади. Жестнинг ўзи «бўри салюти» деб аталади, чунки ҳаракат иштирокчилари бир-бири билан шундай саломлашади. Рамз сифатида бежиз бўри танланмаган: мифологияга кўра, туркий халқлар кулранг бўри аждоди Асенадан тарқалган.

«Кўк бўрилар» ташкилоти Францияда қонундан ташқари ҳисобланади, унинг рамзи эса Австрияда тақиқланган.

Бу ҳодиса Туркияда «Кўк бўрилар»нинг собиқ етакчиси, 2022 йил июнида Анқарада отиб кетилган Синан Оташнинг қотиллиги бўйича 22 фигурант устидан суд жараёни бошланган кунга тўғри келган.

Демирал нималар деди?

Фото: Gettyimages/Dan Mullan

— Мен голни турклигим билан боғлиқ нишонлаш ҳақида ўйлагандим, — деган ҳимоячи Австрия устидан ғалабадан кейин. — Турк эканим билан жуда фахрланаман, бу жестдан маъно ҳам шу. Трибунадаги одамлар ҳам менга худди шундай ишора кўрсатаётганини кўрдим. Менда бундай жестни намойиш этиш имконияти яна бўлишига умид қиламан.

Европадагилар қандай муносабатда бўлишди?

Аввалига австриялик журналист Михаэл Бонвалот бунга эътибор қаратиб, дарҳол УЕФАни Демирални жазолашга чақирди: «У очиқчасига «Кўк бўрилар»нинг фашистик жестини намойиш этди. Бу ҳарбийлашган тузилма минглаб ўлимларга жавобгар. УЕФА қачон ҳаракатни бошлайди?»

Кейин эса Германия ички ишлар вазири Нэнси Фезер сўз олди. У ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида шундай ёзди: «Турк ултраўнг экстремистларининг рамзларига бизнинг стадионларда жой йўқ. Футбол бўйича Европа чемпионатидан ирқчиликни тарқатиш учун платформа сифатида фойдаланишга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Биз УЕФА бу ишни текшириши ва санкция қўллаш имкониятини кўриб чиқишини кутамиз. Бизнинг хавфсизлик органларимиз Германиядаги турк ўнг экстремистларини синчиклаб кузатиб бормоқда. «Кўк бўрилар» Конституция муҳофазаси бўйича федерал идора назорати остида».

Германия озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги вазири, турк муҳожирлари фарзанди бўлган Жем Оздемир ҳам бир четда турмади. У Демиралнинг жести «ўта ўнгчи» экани ҳамда «террор ва фашизм рамзи» ҳисобланишини билдирди.

Бундан ташқари, «Кўк бўрилар»ни яҳудийлар, шунингдек, арманлар, юнонлар ва курдлар учун таҳдид деб атаган немис-исроил жамияти Германия расмийларини ушбу ташкилотни тақиқлашга чақирган. «Бу фашистик миллатчиларнинг мафкуравий устунлиги жамоат хавфсизлигига таҳдид солади», — деган жамият президенти, германиялик сиёсатчи Фолкер Бек.

Туркия қандай муносабатда бўлди?

Ватанида барча Демирал томонида. Текширув бошланганидан хабар топган футболчи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Отатуркка тегишли бўлган иборани яна бир бор ёзиб қолдирди: «Хайрли тонг, менинг Туркиям. Ўзини турк дея оладиган одам нақадар бахтиёр!»

Туркия ташқи ишлар вазирлиги УЕФАнинг ҳаракатини қоралаб, баёнот берди: «Европа футбол иттифоқи бизнинг футболчи Мериҳ Демиралга нисбатан интизомий текширув бошлаганини қабул қилиб бўлмайди. Германиядаги Конституция муҳофазаси бўйича федерал идоранинг 2023 йил сентябрида эълон қилинган ҳисоботида «кўк бўрилар» ўнг экстремизм билан боғланиши шарт эмаслиги қайд этилган. «Кўк бўрилар» Германияда тақиқланган рамз эмас. Бундай ҳолатда немис расмийларининг Демиралга реакциясининг ўзини ксенофобик деб ҳисоблаш ммкин».

Кўплаб туркиялик сиёсатчилар ҳам Демирални қўллаб-қувватлаб чиқишди. Хусусан, Туркиядаги ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси расмий вакили Омер Челик Германия ИИВ баёноти ҳамда УЕФА текширувини қабул қилиб бўлмас деб атади.

Бундан ташқари, Туркия ТИВ чоршанба куни кечқурун немис ҳукумати баёноти юзасидан протест билдириш учун Германия элчиси Юрген Шулцни чақиртирган. Германия ТИВ эса, ўз навбатида Туркиянинг Берлиндаги элчисини чақиртирган.

Туркиянинг кейинги ўйини қачон?

Туркия миллий жамоаси Европа чемпионати чоракфиналида Нидерландия билан ўйнайди. Ўйин 6 июл куни Берлинда ўтказилиши белгиланган. Демирал иши бўйича расмий қарор шу ўйиндан олдин эълон қилиниши керак.

Мавзуга оид