Ўзбекистон | 17:00 / 06.07.2024
4211
4 дақиқада ўқилади
Реклама

Навоий кон-металлургия комбинати “Барқарор” прогнози билан “ББ-” даражасидаги халқаро кредит рейтингини олди

“Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти ўз тарихида биринчи марта “S&P Global Ratings” халқаро рейтинг агентлиги томонидан кредит рейтингини олди. Компанияга Ўзбекистон Республикасининг суверен рейтингига мувофиқ “Барқарор” прогнози билан “BB-” узоқ муддатли кредит рейтинги берилди.

Фото: “НКМК” АЖ матбуот хизмати

“S&P Global Ratings” халқаро рейтинг агентлиги рейтингни баҳолаш доирасида бир вақтнинг ўзида компаниянинг кредитга лаёқатлилик хусусиятларини (SACP) “bb+”даражасида баҳолади, бу бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси корхоналари орасидаги энг юқори кўрсаткичдир.

“S&P Global Ratings” халқаро рейтинг агентлиги релизига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида жойлашган “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ 2023 йил якунига кўра 2,9 миллион унция олтин ишлаб чиқарган ва жаҳонда тўртинчи ўринда турувчи йирик олтин ишлаб чиқарувчи корхона ҳисобланади. Компания ишлаб чиқариш таннархининг арзонлиги ва бой ресурс базаси, шунингдек, қарз юкининг консерватив кўрсаткичлари: айланма капиталда ўзгаришгача операцион фаолиятдан пул оқими (FFO) қарзга нисбатан кўрсаткичининг 60 фоиздан барқарор ошиши билан ажралиб туради.

2023 йил якуни бўйича “НКМК” АЖда олтиннинг бир унцияси учун ишлаб чиқаришнинг умумий харажати (TCC) 745 АҚШ долларини ташкил этди ва рейтинг агентлиги баҳолаган компаниялар орасида энг паст кўрсаткичлардан биридир. “S&P Global Ratings” рейтинг агентлиги релизида олтин нархининг қулай конъюнктура шароитида “НКМК” АЖ томонидан келгуси йилларда юқори операцион ва молиявий кўрсаткичларга эришиши таъкидланди.

Бош директорнинг трансформация масалалари бўйича ўринбосари Е.А. Антонов “S&P Global Ratings” халқаро рейтинг агентлиги релизини қуйидагича шарҳлади: “Компаниянинг биринчи халқаро кредит рейтингини олиши республикадаги энг йирик корхона ривожланишидаги муҳим босқич бўлиб, халқаро капитал бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтиради, корхонанинг халқаро эътирофини оширади ҳамда бутун мамлакатимизда, жумладан, Компанияда ислоҳотлар ва трансформация жараёнлари муваффақиятли амалга оширилаётганидан далолат беради. Компаниянинг Ўзбекистон Республикаси корхоналари орасида биринчи бўлиб “S&P Global Ratings”  агентлиги томонидан “bb+”даражасидаги кредитга лаёқатлилик баҳосини (SACP) олиши тарихий воқеа бўлди. Бу халқаро молия бозори иштирокчиларининг Компаниянинг барқарор молиявий стратегияси ҳамда ишлаб чиқариш ва инвестиция фаолиятини янада ривожлантириш режаларига юксак ишончини тасдиқлайди”.

Бош директорнинг иқтисод ва молия бўйича ўринбосари Ж.Т.Хасанов: “Рейтингни олиш компаниянинг молиявий барқарорлик, мустақиллик ва шаффофлик тамойилларига содиқлигини тасдиқлайди. Кредит рейтингини олиш жараёнида Citi банк эксклюзив маслаҳатчи сифатида иштирок этди. Ушбу ютуқ биз учун янги марраларни очади, Компаниянинг халқаро капитал бозорларига чиқишига, янада барқарор ўсишни таъминлаш ва инвестиция жозибадорлигини ошириш учун қулай шартларда инвестицияларни жалб қилишга кўмаклашади”, - дея таъкидлади.

“S&P Global Ratings” релизи билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин.

“НКМК” АЖ матбуот хизмати

Мавзуга оид