Ўзбекистон | 21:02 / 06.07.2024
25350
2 дақиқада ўқилади

Хатирчида қоидабузарлиги ортидан 9 яшар боланинг умрига зомин бўлган BYD'ларнинг ҳайдовчилари қамоққа олинди

Аҳоли пунктида катта тезликда ҳаракатланиб, пиёдалар ўтиш жойида 9 яшар боланинг ўлимига сабаб бўлган иккала кроссовернинг “учар” ҳайдовчилари қамоққа олинди.

Фото: Видеодан кадр

Навоий вилоятининг Хатирчи туманида ЙТҲ оқибатида 2-синф ўқувчисининг ҳалок бўлгани ҳолати бўйича икки нафар ҳайдовчи қўлга олинди. Бу ҳақда Kun.uz сўровига жавобан вилоят ички ишлар бошқармаси маълум қилди.

Ҳайдовчиларга қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввал хабар қилинганидек, воқеа 1 июл куни Хатирчи туманининг Янгиработ маҳалласида рўй берган. Воқеа видеосидан кўринишича, BYD автомобили фожиадан бир неча сония олдин тезликни 142 км/соатгача оширган, лекин бу тезлик билан ҳам ўзидан бироз олдинда кетаётган кроссовердан ўзиб кетолмаган. Бундан англашиладики, ҳар иккала ҳайдовчи тезликни 142 км/соатдан оширган.

“Учар”лар пиёдалар ўтиш жойига яқинлашаётганига қарамай тезлигини камайтирмаган, шу аснода аввалига биринчи кроссовернинг ҳаракати сабаб йўлакдан ўтмоқчи бўлган 9 яшар қизча йиқилиб тушган, унинг ортидан келаётган BYD эса қизни босиб кетган, натижада бола воқеа жойида ҳалок бўлган.

Kun.uz манбасига кўра, қизни тоғаси туман марказидаги паркка айлантириб келиш мақсадида олиб кетаётган бўлган.

Болалар иштирокида кунда-кунора рўй бераётган бундай фожиаларнинг навбатдагиси ҳам жамоатчиликни қаттиқ ларзага солди.

Йўллардаги ўлимлар ва жароҳатланишларга оид ўта аянчли статистикага қарамай, масъуллар қатор чораларни татбиқ қилишни йиллардан буён ортга суриб келаётгани норозиликларга сабаб бўлмоқда.

Мавзуга оид