Ўзбекистон | 14:51 / 08.07.2024
4673
2 дақиқада ўқилади

6 ойда 550 млрд сўмлик табиий газ ва электр энергияси ўғирланди — Энергоинспекция

2024 йилнинг ўтган 6 ойида қиймати 249 млрд 312 млн сўм бўлган 163,3 млн метр куб табиий газ ҳамда 300 млрд 977 млн сўмлик 220,7 млн киловатт-соат электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган. Ўтказилган назорат тадбирларида 4 537 та истеъмолчи қоидабузарлик ҳолатларига йўл қўйгани аниқланган.  

Фото: Видеодан кадр

Ўзбекистонда табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш оқибатида давлат манфаатларига 6 ойда 550 млрд сўмлик зарар етказилган. Бу ҳақда Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан ўтказилган брифингда маълум қилинди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг олти ой давомида инспекция томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва электр ҳамда газ таъминоти корхоналари мутахассислари билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирларида 4 537 та истеъмолчиси табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланаётгани аниқланди. Унга кўра 163,3 млн метр куб табиий газ (249 млрд 312 млн сўм) ва 220,7 млн киловатт-соат электр энергиясидан (300 млрд 977 млн сўм) ноқонуний фойдаланилиши оқибатида давлат манфаатларига жами 550 млрд 290 млн сўм зарар етказилган. 

Жумладан, 89 та АГТКШ, 94 та иссиқхона, 94 та текстил корхонаси ва 2 та оҳак ишлаб чиқариш цехлари фаолиятида ноқонуний ва қоидабузарлик ҳолатлари аниқланган.

Шунингдек, ўтказилган назорат тадбирларида крипто актив ва майнинг фаолияти бўйича электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган 75 та ҳолат аниқланган. Ушбу ҳолатлар юзасидан электр таъминоти корхонаси томонидан жами 81 млрд 604 млн сўм миқдори қайта ҳисоб-китоб қилинган.

Истеъмолчилар томонидан энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича 3 382 та маъмурий иш расмийлаштирилган. Аниқланган ҳолатларнинг 1 904 таси электр энергияси, 1 478 таси эса табиий газдан фойдаланишда қоидабузарликка йўл қўйилган.

Шунингдек, инспекциянинг назорат-кимё лабораториялари томонидан нефт маҳсулотлари бўйича олиб борилган сифат назорати тадбирлари давомида АЁҚШ ва корхоналардан олинган таҳлил наъмуналаридан 91 та ҳолатда 3 млн 789 минг литр нефт маҳсулоти сифатсизлиги аниқланиб, сотувга чиқарилиши олди олинган.

Мавзуга оид