Ўзбекистон | 10:27 / 08.07.2024
20462
2 дақиқада ўқилади

“Қани СЭС, қани Солиқ?” – Шавкат Умрзоқов пойтахт дўконларидан бирида “рейд” ўтказди 

Шаҳар ҳокими Юнусобод туманидаги дўконда аҳолига айниган мевалар сотилаётгани бўйича эътироз билдирган. “Нима сотишяпти булар аҳолига? Қаерга қараяпсизлар? Эртага одамлар заҳарлансинми?” – дейди у.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов Юнусобод тумани Собиробод маҳалласидаги муаммоларни ўрганди, дея хабар берди ҳокимлик матбуот хизмати.

Қайд этилишича, маҳаллага ташриф давомида ечимни талаб қиладиган бир нечта жиддий камчиликларга эътибор қаратилган.

Жумладан, маҳалладаги савдо объектлари санитария-эпидемиология ва ёнғин меъёрларига жавоб бермаслиги, дўконларда айниган сабзавот ва мевалар сотилаётгани аниқланган.

“Мана нима сотяпти, аҳволини қаранг, кўринг. Қани СEС, солиқ, нима сотишяпти булар аҳолига? Қаерга қараяпсизлар? Эртага одамлар заҳарлансинми? [Ўриклар] моғорлаб ётибди. Олмалари ҳам шундай, тагига сувларигача тушиб кетган”,– деган шаҳар ҳокими.

Бундан ташқари, ташрифда инфратузилмани ривожлантиришга ва аҳолининг хавфсиз ҳаракатланишига тўсқинлик қилаётган ноқонуний қурилмалар борлиги ҳам аниқланган. Ҳокимликка кўра, уларнинг мавжудлиги зудлик билан аралашувни ва қонунчиликка мувофиқлаштиришни талаб қилади.

“Қолаверса, маҳалла кўчалари чиқинди билан ифлосланиб, санитарияга зид шароитларни юзага келтирмоқда. Бунда чиқиндини белгиланмаган жойларга ташлаган аҳолининг ўзи ҳам масъул экани таъкидланди. Бундан ташқари, чиқиндиларни йиғиш жойлари етишмайди, бу эса муаммони янада чуқурлаштиради. Қурилиш чиқиндилари ўз вақтида олиб кетилмаётгани ҳудуднинг ташқи кўринишини ёмонлаштириб, ҳаракатланишга тўсқинлик қилмоқда.

Маҳаллада дарахтларнинг қуруқ шохлари кесилмаган, бу эса, айниқса, шамолли об-ҳавода шохларнинг одамларнинг устига тушиши ва жароҳат олиш хавфини келтириб чиқаради.

Ариқлар чиқиндига тўла бўлиб, дренаж тизимларини ифлослантиради ва ёғингарчилик мавсумида сув тўпланишига олиб келади. Бу сув тошқини ва санитария шароитининг ёмонлашишига олиб келиши мумкин”, – дейилади расмий хабарда.

Таъкидланишича, 259-мактабдаги капитал реконструкция жараёни ўрганилган.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Умрзоқов 2023 йил мартида пойтахт ҳокими вазифасини бажарувчиси сифатида, 2024 йил 3 апрелда расман ҳоким лавозимида иш бошлаганди. 

Мавзуга оид