Ўзбекистон | 16:00 / 09.07.2024
5127
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд аэропортида йўловчи ташиш ҳажми 2024 йилнинг биринчи ярмида қарийб 50 фоизга ошган

2023 йилда Самарқанд аэропорти тарихида биринчи марта 1 010 938 йўловчига хизмат кўрсатилган ва бу 2022 йилдаги рекорд кўрсаткичдан 104,9 фоизга ёки 517 521 йўловчига кўпайган эди.

“Компаниянинг асосий мақсади - Самарқанд ва Ўзбекистонни авиаташув хизмати бўйича жаҳон стандартларига мос равишда сайёҳлар учун янада қизиқарли қилишдир. Йўловчилар оқимининг ўсиши ушбу мақсад муваффақиятли амалга оширилаётганидан далолат беради. Air Marakanda барқарор хизмат кўрсатиш сифати ва ноёб иш услубини сақлаб қолишга интилади, бу эса Самарқанд аэропортини қадимий ва навқирон Самарқандга ташриф буюрмоқчи бўлган барча саёҳатчилар учун аъло танловга айлантиради”, дейди Air Marakanda акциядори Бахтиёр Фозилов.

2024 йил бошидан Самарқанд халқаро аэропорти ўз йўналиш тармоғини кенгайтирди ва йилнинг биринчи ярмида Самарқанддан парвозлар 2 та ички ва 24 та халқаро йўналишларда амалга оширилди.

Loong Air хорижий авиакомпанияси биринчи марта Циан (Хитой) шаҳрига парвозларни амалга оширишни бошлади. Ural Airlines, Qazaq Air, Utair, Uzbekistan Airways каби авиакомпаниялар томонидан Екатеринбург, Москва, Туркистон, Тюмен, Нижний Новгород ва Иркутскка рейслар очилган эди.

Жорий йилнинг 21 март куни Air Samarkand асосий авиаташувчиси томонидан Истанбулга (Туркия) мунтазам рейслар йўлга қўйилди. Шунингдек, авиакомпания Нячанг (Вьетнам) ва Шарм-ал-Шайх (Миср) га бир нечта чартер рейсларини амалга оширди.

Йўловчилар оқимининг ўсиши таҳлилидан келиб чиқадики, асосий эътибор халқаро йўналишларга қаратилган. Самарқанддан Москва, Истанбул, Санкт-Петербург, Абу-Даби, Жидда ва Дубайга парвозлар 2024 йилнинг биринчи ярмида оммалашди. Умуман олганда, ушбу рейсларда тахминан 613 минг йўловчига (+56%) хизмат кўрсатилган. Йилнинг биринчи ярмида ички ҳаво линияларида ташиш ҳажми 34 минг йўловчини ташкил этди.

Қўшимча маълумот:

Air Marakanda - давлат-хусусий шериклик асосида Ўзбекистон Республикаси авиация соҳасидаги биринчи лойиҳа доирасида Самарқанд халқаро аэропортининг ер устида хизмат кўрсатиш ва янги терминалини бошқариш бўйича оператор-компания. Самарқанд аэропортининг янги халқаро терминали икки йил давомида World Airport Awards (SKYTRAX) халқаро аэропортлар рейтингида Марказий Осиё минтақасидаги етакчи ўнталикка кирди. 2023 йил якунларига кўра, Самарқанд аэропорти ACI EUROPE талқини бўйича ўз тоифасида йўловчи ташишнинг ўсиши суръати бўйича 3-ўринни эгаллади.

Мавзуга оид