Жамият | 11:32 / 10.07.2024
5357
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда бошқарувни йўқотган Нексия-3 каналга қулаб оқиб кетди

Машина оқиб кетаётганда унинг ичида ҳайдовчи ва йўловчи ҳам бўлган. Ҳодисада ҳеч ким тан жароҳати олмагани айтилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Самарқанд вилояти Оқдарё туманида бошқарувни йўқотган Нексия-3 каналга тушиб кетди. Вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг хабар беришича, ҳодиса 2024 йил куни 8 июл куни содир бўлган.

Шу куни соат 11:15 ларда ҳайдовчи Нексия-3ни Оқдарё тумани «Бошдархон» МФЙ ички йўлида бошқариб келаётганда бошқарувни йўқотган. Оқибатда машина каналга тушиб кетган ва анча жойга оқиб борган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода машина оқиб кетаётганда унинг ичида ҳайдовчи ва йўловчи борлигини кўриш мумкин.

Ҳодисада ҳеч ким тан жароҳати олмаган ва ҳалок бўлмаган. Нексия-3 эса қарийб яроқсиз ҳолга келиб қолган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Оқдарё тумани ИИБ ЖХХ ЙҲХБ томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

“Барча ҳайдовчилардан транспорт воситасини бошқариш давомида йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиб автомашинани бошқаришларини сўраб қоламиз”, дейилади хабарда.

Аввалроқ, Самарқанд шаҳрида ҳаракатланиб кетаётган Нексия-2 машинаси бошқарувни йўқотиб, Сиёб каналига тушиб кетганди.

Мавзуга оид