Жаҳон | 21:31 / 11.07.2024
17213
10 дақиқада ўқилади

Экспертлар Киевдаги болалар шифохонасига ҳужум ҳақида: «Бу Россия ракетаси эди»

Зарба акс этган тасвирларда бу Х-101 ракетаси бўлгани белгиларини кўриш мумкин.

Фото: Видеодан кадр

Душанба куни Киевдаги «Охматдет» болалар шифохонаси ҳудудига тушган ракета, катта эҳтимол билан, россиялик ҳарбийлар томон учирилганди, деб ҳисоблайди BBC нашрининг маълумотларни текшириш бўйича бўлими BBC Verify журналистлари билан гаплашган экспертлар.

Украина ички ишлар вазири Игор Клименко шифохонага зарба оқибатида икки киши ҳалок бўлиб, 32 киши яраланганини айтган, жумладан саккиз нафар бола турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган. Украина ҳукуматининг сўнгги маълумотларига кўра, ўша куни Киевда россияликларнинг ракета зарбалари оқибатида жами 31 киши ҳалок бўлиб, 117 киши яраланган.

Украина ҚК ҳаво кучлари мамлакат шаҳарлари, жумладан Киев бўйлаб жами 38 та ракета учирилганини маълум қилган: «Кинжал» ва «Циркон» гипертовушли ракеталари, иккита Х-22, денгиздан учириладиган «Калибр» русумли 14 та қанотли ракета ва стратегик бомбардимончилардан учириладиган Х-101 русумли 13 та қанотли ракета.

Украиналик ҳарбийлар 30 та ракета, хусусан, «Кинжал», 11 та Х-101 ва 12 та «Калибр» уриб туширилганини маълум қилган. Аммо ракеталарнинг бир қисми Киев шаҳри маркази атрофига — мамлакатдаги энг йирик «Охматдет» болалар шифохонаси жойлашган Лукяновка районига тушган.

Россия мудофаа вазирлиги «юқори аниқликдаги қуроллар» билан «Украина ҳарбий саноат объектлари ҳамда Украина қуролли кучлари авиация базалари» нишонга олинганини маълум қилган.

Шу билан бирга, Россия ҳукумати вакиллари бирор далил келтирмаган ҳолда Киевдаги болалар шифохонасига Россия ракетаси эмас, украинлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ракетаси парчалари тушганини билдирган.

«Мен сизни РФ мудофаа вазирлигининг ҳар қандай фуқаролик нишонларига ҳужумлар бўлганини истисно қиладиган баёнотига амал қилишга чақираман. У ерда гап қарши ракеталар қулагани ҳақида боради», — деган Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков.

Россия ТИВ расмийси Мария Захарова Россия қўшини Украинадаги «ҳарбий объектларга қарата юқори аниқликдаги қуроллар билан гуруҳли зарбалар йўллагани», болалар шифохонасига эса гўёки «ғарбнинг NASAMS зенит-ракета комплекси ракеталаридан бири тушгани»ни айтган.

Бу Россия ракетаси бўлганига оид қандай версиялар бор?

Кремл ва Россия мудофаа вазирлигининг баёнотлари зарба вақтида олинган видеоёзувларга асосланган картинага зид келади.

Украина хавфсизлик хизмати воқеа жойидан Х-101 ракетаси қолдиқлари топилганини маълум қилган

BBC ҳарбий шарҳловчиси Павел Аксенов таъкидлашича, зарба камера объективларига муҳрланган ва видеоёзувлардан камида биттасида ракета анча аниқ кўринган.

Унинг дум қисми сезиларли даражада қалинлашган бўлиб, бу жойи россияликларнинг қанотли ракетаси двигателидек кўринади — зенит ракеталарда эса бундай жойи бўлмайди.

Бундан ташқари, бошқа бир видеода турбореактив двигател ишлашидан чиқадиган товуш эшитилади, зенит ракеталардан фарқли ўлароқ, қанотли ракеталарнинг аксар қисми шундай двигател билан жиҳозланади.

Ва ниҳоят, ракета ерга баланд бурчак остида тўғридан тўғри ҳаракатлангани шуни кўрсатадики, бу охирги паллагача бошқариладиган парвоз бўлган. Бу ракета ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилмагани, муайян нишонга қараб кетаётганини кўрсатади.

BBC Verify бўлими икки видеони таҳлил қилиш орқали уларнинг геолокациясини аниқлаган. Бундан ташқари, қуроллар бўйича олти нафар эксперт бир овоздан бу ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ракетаси бўлмаганини тасдиқлаган.

Уларнинг барчаси видеодаги ракетанинг муайян тури борасида юз фоизлик ишончга эга бўлмасалар ҳам, бу катта эҳтимол билан Россиянинг авиациядан учириладиган қанотли ракетаси бўлган деб ҳисобламоқда.

Олти нафар экспертдан тўрт нафари BBC билан суҳбатда бу Россиянинг Х-101 ракетаси бўлиши мумкинлигини тахмин қилишган — бу Украина томонининг баёнотларига ҳам мос келади.

Бу Х-101 ракетаси бўлгани ҳақидаги версияни Осло университетидан бўлган эксперт, ракета технологиялари билан профессионал даражада шуғулланувчи Фабиан Ҳофманн ҳам тасдиқлайди. Россиядаги манбаларнинг Киевдаги шифохона қарши учирилган ракета нишонига айлангани ҳақидаги даъволарини Ҳофманн «мутлақо ақлсизлик»деб атаган.

Ҳофманн видеодаги ракета шифохонага яқинлашаётганида бус-бутун бўлгани, унинг фюзеляжида ҳеч қандай шикастланиш кўринмагани ва двигател одатдагидек ишлашда давом этганига эътибор қаратган. Эксперт шунингдек ракета парвози траекторияси «тўлиқ назорат остида» бўлиб кўринганини ёзади.

Украина хавфсизлик хизмати ҳам шундай ахборот бериб, болалар шифохонасига урилган ракета парчалари фотосуратларини эълон қилган. Суратларга иловада бу парчалар Х-101 ракетасига тегишли экани айтилган.

Ҳарбий эксперт Юрий Федоров «Агентство» нашрига интервюсида «видеодаги тутун устунлари жиддий жанговар каллак портлаганидан дарак бериши, уриб туширилган ракета парчалари қулаганида бундай портлаш келтириб чиқара олмаслиги»ни айтади.

«Видеоматериаллар таҳлили ва воқеа жойида ўтказилган баҳолашлар шуни кўрсатмоқдаи, катта эҳтимол билан, болалар шифохонаси тутиб олиш тизимларидан эмас, тўғридан тўғри зарбадан шикастланган», — деган БМТнинг Украинадаги Инсон ҳуқуқларини мониторинг қилиш бўйича миссияси раҳбари Даниэл Белл.

Унинг сўзларига кўра, шифохона Россия ракетаси зарбасидан жабрлангани эҳтимоли юқори.

Украинлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими нега тўхтата олмаган?

BBC шарҳловчиси Павел Аксенов россиялик ҳарбий блогерлар зарбадан кейиноқ Россия ракеталари украинларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларидан ўта олгани ва нишонларга бориб урилгани ҳақида ёзишганини эслатади.

Бу украинлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими бир вақтнинг ўзида кўп сонли ракеталар пайдо бўлиши туфайли максимал даражада юклангани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Экспертларнинг сўзларига кўра, шифохонага зарбадан кейинги портлаш кучини уриб туширилган ракета парчалари ҳосил қила олмасди

Бу версияни BBC Украина хизматига берган интервюсида Украина ҚК бош штаби бошлиғининг ҳаво ҳужумидан мудофаа масалалари бўйича собиқ ўринбосари, генерал Игор Романенко ҳам тасдиқлайди. Унинг сўзларига кўра, россияликлар кўп миқдордаги ракеталарни бир вақтда, турли ташувчилардан учириш орқали украин ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини қийнаб қўйган — ракеталар парвоз вақтида йўналишини ҳам ўзгартирган.

Бундан ташқари, Россия армияси тактикани бироз ўзгартирган ва ҳужумни икки босқичда амалга оширган — ракеталарнинг биринчи партияси тунда учирилган, иккинчиси — тушга яқин.

«Улар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига ҳаддан ортиқ юклама ташлашди. Бизда биринчи навбатда барча баллистик ракеталар бўйича ишлаш учун зенит-ракета комплекслари батареялари етарли эмас», — дейди Романенко.

BBC рус хизмати ҳарбий шарҳловчисининг сўзларига кўра, Х-101 ракетаси анча янгилиги, унда радиолокацион кураш воситаларининг самарадорлигини пасайтирувчи технологиялар қўллангани туфайли ҳам бу ҳужум ўтказиб юборилган бўлиши мумкин.

Қолаверса, ушбу ракета нишонга яқинлашаётганида қарши учириладиган ракеталарни чалғитиш учун иссиқлик тузоқлари тарқатади ва дипол рефлекторлар (радарлар самарадорлигини камайтирувчи фолга) чиқаради. Бошқа томондан, двигател уни пайқаш даражасини ҳам оширади, аммо шунга қарамай, Х-101 ракеталарини тутиб олиш осон эмас.

Нега шифохона нишонга айланди?

BBC Verify гаплашган экспертларнинг сўзларига қараганда, шифохона ҳудудига келган россияликлар ракетаси мақсадли зарба бўлган. Аммо экспертлар нега айнан шу объект нишон бўлгани борасида аниқ жавоб беришмаган: бу ўринда фақат турли версиялар ҳақида гапириш мумкин.

«Радуга» конструктор бюросидаги ишлаб чиқарувчилар айтишича, 5 минг километр масофага ҳаракатланишидан ташқари, анча аниқ йўналтириш тизимига ҳам эгалиги Х-101’ни стратегик ракета қилади.

Х-101 учун айтилган эҳтимолий оғиш доираси (ўқ-дорининг камида 50 фоизи тушиши керак бўлган нишон атрофидаги доира радиуси) 20 метрни ташкил этади.

Шу билан бирга, йўналтириш тизими сунъий йўлдош сигналига боғлиқ эмас — у маҳаллий ҳудуд рельефининг борт компютери хотирасига юкланган электрон харитасидан фойдаланади. Финал босқичида ракета ўзини йўналтириш тизимини ишга туширади, турли маълумотларга кўра, бу ёки радиолокацион, ёки оптик-электрон бўлиши мумкин, бу эса аниқликни янада оширади.

Украиналик ҳарбий эксперт, Defense Express агентлиги таҳлилчиси Иван Киричевский BBC Украина хизматига айтишича, зарба беришда Х-101 ракетасининг «Изделие 504АП» деб ҳам номланадиган такомиллаштирилган версияси ишлатилган бўлиши мумкин.

«Бу версиянинг алоҳидалиги — унда координаталар бўйича йўналтирувчи компютердан ташқари, нишон тасвири бўйича йўналтирадиган оптик-электрон станция ҳам бўлади», — дея изоҳлайди Киричевский.

Бошқа сўз билан айтганда, экспертнинг сўзларига кўра, россиялик ҳарбийлар ракетани учиришдан олдин, ракета нишонга аниқ етиб бориши учун компютер хотирасига нафақат координаталарни, балки «Охматдет» тасвирларини ҳам киритиши керак бўлган.

Мавзуга оид