Ўзбекистон | 08:53 / 11.07.2024
6274
3 дақиқада ўқилади

Жиззахда 10 та туман ҳокимининг рақобатга зид қарорлари бекор қилинди

Рақобат қўмитаси вилоятдаги 10 та туман ҳокимлиги ва 9 та ташкилотнинг 124 та ҳужжатида қонун талаблари бузилганлигини аниқлади. Ушбу ҳолатлар юзасидан ҳокимликларга тегишли тақдимнома ва кўрсатмалар киритилиб, қарорлар бекор қилинган.

Фото: 123RF

Жиззах вилоятидаги айрим туман ҳокимларининг қарорларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.

Маълум қилинишича, қўмитанинг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2024 йилнинг биринчи ярми мобайнида 10 та туман ҳокимлиги ва 9 та ташкилотда жами 38 925 та ҳужжат хатловдан ўтказилган. Шундан 124 та ҳужжат, яъни 78 та қарор, 32 та фармойиш ва 14 та чиқим хатларини қабул қилишда қонун талаблари бузилгани аниқланган.

Жумладан:

– Бахмал туман ҳокимининг 2023 йил 31 майдаги фармойишига асосан «20 минг тадбиркор-500 минг малакали мутахассис» дастурини ташкил этиш бўйича туман ишчи гуруҳи таркибига бир нечта банк масъуллари ҳамда «Ўзагросуғурта» туман бўлими раҳбари киритилган;

  • Дўстлик туман ҳокимининг 2023 йил 28 декабрдаги қарорига асосан туман ҳудудидаги транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш бўйича комиссия таркибига бир нечта тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари киритилган бўлиб, айнан ушбу хўжалик юритувчи субъектларнинг бино-иншоотлари танланган;
  • Бошқа ҳолатда Зафаробод тумани ҳокимининг 2023 йил 14 июндаги хатига асосан Жиззах вилояти ҳокимига 2023 йил манзилли дастурга киритилган объектлар қурилишига Imronbek-Imona МЧЖни бош пудратчи этиш тавсия қилинган;
  • Мирзачўл туман ҳокимининг 2023 йил 10 мартдаги қарорига асосан транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш бўйича туман комиссияси таркибига Mirzacho‘ltrans директори ҳамда Umid tezkor ta’mir катта устаси киритилган бўлиб, техник кўрикдан ўтказиш жойи сифатида 33 та ҳолатда Umid tezkor ta’mir биноси танланган;
  • Фориш тумани ҳокимининг 2023 йил 20 январдаги қарорига асосан транспорт воситаларини йиллик техник кўрикдан ўтказиш комиссияси таркибига «Ўзбекинвест» суғурта компанияси менежери ва «Халқ банки» туман бўлими бошқарувчилари киритилган.

Иш юритувга олинган 4 та ҳолат бўйича Ғаллаорол, Пахтакор, Зафаробод туман ҳокимликлари ҳамда вилоят Маданият бошқармасига иш қўзғатилган ва ҳудудий махсус комиссиянинг қарорига асосан кўрсатмалар юборилган. Шунингдек, Зарбдор, Дўстлик, Арнасой, Мирзачўл, Янгиобод, Фориш ва Бахмал туманлари ҳокимликларига қонунбузилиш ҳолатларини тўхтатиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан тақдимномалар киритилган.

«Рақобат тўғрисида»ги қонун талабларини бузган маҳаллий давлат бошқаруви органлари ҳамда туман ҳокимликларининг ҳужжатлари бекор қилинган ва амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилган.

Мавзуга оид