Жаҳон | 16:11 / 12.07.2024
6227
2 дақиқада ўқилади

Непалда кўчки икки автобусни дарёга олиб кетди

Қутқарувчилар қарийб 70 кишини қидирмоқда.

Фото: AFP

Жума кунига ўтар кечаси Непалда тошқин ичида жами 66 киши бўлган икки автобусни дарёга олиб тушиб кетган. Воқеа жойида кенг кўламли қутқарув амалиёти ўтказилмоқда.

Автобуслар кучли муссон ёмғири ёғаётган маҳалда шоссе бўйлаб Мадандан Ашрит шаҳри томон ҳаракатланаётганди. Тунги соат 3 атрофида пойтахт Катмандудан тахминан 120 км масофадаги Сималтала ҳудудида улар кўчки остида қолган.

Рейс маълумотларига кўра, автобуслардан бирида 24 киши, бошқасида — 42 киши бўлган, аммо ҳайдовчилар йўлда қўшимча йўловчи олган бўлиши ҳам мумкин.

Айрим маълумотларга кўра, йўловчилар орасида Ҳиндистоннинг етти нафар фуқароси ҳам бўлган.

Айни вақтгача уч кишининг тақдири маълум: уларни маҳаллий аҳоли вакиллари дарёдан, ҳалокат жойидан анча узоқдан топишган, улар шифохонага етказилган.

Автобуслар тушиб кетган Тришули дарёси кучли ёмғирлар туфайли қирғоқларидан тошиб чиққан.

Кўчки йўлнинг ўтиш қисмини тўсиб қўйгани ва сув тошқинлари қутқарувчиларнинг ишини қийинлаштирмоқда.

«Тошқин ва кўчкилар оқибатида ўнлаб йўловчилар ва уларнинг мол-мулки йўқолганидан чуқур қайғудаман. Мен барча хизматларга, жумладан маҳаллий расмийларга йўловчиларни қидириш ва самарали қутқариш учун зарур бўлган барча чораларни кўришга топшириқ бердим», — деган Непал бош вазири Пушпа Камал Дахал.

Мамлакат ҳукумати фуқароларни зарур эҳтиёт чораларини кўришга, хусусан, ёғингарчилик тугамагунича узоқ жойларга сафар қилмасликка чақирган.

Мавзуга оид