Ўзбекистон | 08:24 / 15.07.2024
7342
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон литий қазиб олишни йўлга қўйишни режалаштирмоқда

Ўзбекистоннинг инвестициявий таклифларидан бири - Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги Нурликон литий конини ўзлаштириш.

Фото: mineralresources.com

Қозоғистоннинг "Инфозакон" электрон нашрида "Ўзбекистон саноат учун муҳим фойдали қазилмаларга ортиб бораётган жаҳон талабига қандай жавоб бермоқда" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё".

"Ўзбекистон–2030" стратегиясида углеводород захираларини кўпайтириш, 60 минг квадрат метр майдонда соҳани модернизация ва рақамлаштириш, уларга хорижий инвесторларни жалб этишга қаратилган геология-қидирув ишлари белгилаб берилган, деб маълум қилинган материалда.

"Мамлакатда геология саноатига ҳар йили триллион сўм маблағ йўналтирилади, – деб ёзган муаллиф. – Мақсадли дастурларнинг амалга оширилиши натижасида ўтган йили тоғ-кон саноатида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 11 миллиард долларга етди".

Материалда қайд этилишича, саноат учун муҳим фойдали қазилмалар учун катта фойдаланилмаган салоҳият мавжуд. Хусусан, мамлакатда ана шундай фойдали қазилмаларнинг 32 тури топилган.

Нашрда дунё технологиянинг жадал ривожланишини бошдан кечираётгани, шу сабабли электр автомобиллари, электротехника саноати ва "яшил" энергияда нодир металларга талаб ортиб бораётгани таъкидланган. Ушбу омиллар жаҳон бозорида молибден, теллур, селен ва графитнинг нархи сезиларли даражада ошига олиб келди.

Мақолада, шунингдек, Ўзбекистонда муҳим фойдали қазилмалар ва ноёб ер элементларини ўрганиш, қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича бир қатор муҳим чора-тадбирлар амалга оширилаётгани маълум қилинган.

Хусусан, 2023 йилда Тошкентда бўлиб ўтган "Иннопром. Марказий Осиё" халқаро саноат кўргазмаси арафасида давлат литий қазиб олишни йўлга қўйиш ниятида экани хабар қилинган. Ўзбекистоннинг инвестициявий таклифларидан бири Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги Нурликон литий конини ўзлаштиришдир.

"Мазкур жабҳада амалга оширилаётган чора-тадбирлар Ўзбекистонда "яшил" келажакка йўналтирилган илғор технология компаниялари билан қўшма лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштиришга қаратилган", – деб ёзилган мақолада.

Мавзуга оид