Жамият | 11:51 / 16.07.2024
7440
12 дақиқада ўқилади

Силга мойил болалар оддий мактаб ўқувчиларига қўшиб юборилмоқда. Ота-оналар хавотирда

Республикадаги 22 та силга мойил ва сколиоз бўлган болалар учун санаторий туридаги мактаб-интернатлар ёпилиб, ўрнида умумтаълим мактаблари ташкил этилиши мумкин. Kun.uz суҳбатлашган фтизиатр, ота-оналар ва санаторийлар директорлари масъулларнинг бу борадаги режаларидан хавотир билдирди.

Нима қилишни билмаяпмиз”

Силга мойил ва сколиоз ўқувчиларнинг 22та махсус санаторий туридаги мактаб-интернатларига қабул тўхтатилган. Уларнинг ота-оналари фарзанди кейинги йил қаерда ўқишини билолмай сарсон бўляпти.

Тошкент вилояти Бўка туманида яшайдиган Дилафруз Миккиеванинг фарзандлари Ҳасан ва Зуҳра Чиноз туманидаги Сил ва нафас олиш органлари сурункали касалликлари хавфи бўлган болалар гуруҳи учун санаторий туридаги ихтисослаштирилган 4-сонли мактаб-интернатида таълим оларди. 2024 йилнинг март ойида унга фарзандларини мактабдан олиши кераклиги айтилган. Лекин оилада сил касали бўлгани ва болаларга қарашга оиланинг кучи етмаётгани учун улар бу мактабга муҳтож.

Ҳозир нима қилишни билмаяпмиз. Мактаб болалар қабули тўхтатилганини айтяпти. Биз эса уларни кейинги йил қаерда ўқитамиз?” – дейди Мадина Мусаева.

Чиноз туманидаги мактаб интернат вакили Ифтихор Ашрафнинг айтишича, мактабга қабулни давом эттириш бўйича ота-оналардан мурожаат келиб тушяпти.

Очиғи қайси асосга кўра мактабда қабул тўхтатилганини билмаймиз. 2023-2024 ўқув йилида 93 нафар бола ўқиди. Шундан 54 нафари соғломлаштирилиб, мактаб-интернатдан чиқарилди. Ҳозирги вақтда 39 нафар ўқувчи мактаб-интернати ҳисобида қолган. Кейинги йил қабули учун ота-оналардан талаб келиб тушяпти. Лекин вазирлик бунга рухсат бермаяпти”, – деди у.

Вазирлик нега рухсат бермаяпти?

Ҳар йили май-июн ойларидан бошлаб санаторий туридаги мактаб интернатларга йўлланма асосида болаларни рўйхатга олиш бошланади. Лекин бу йил қабул ташкил этилмаган.

Kun.uz ҳолатга ойдинлик киритиш учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан боғланди. Вазирлик тегишли ҳужжат асосида мактабларда текшириш ўтказилгани ва республикадаги 22 та мактаб санаторийлар умумтаълим мактабларига айлантирилишини маълум қилди.

Бу – санаторий туридаги мактаб-интернатларнинг бюджети ошгани, улардаги ўқувчиларнинг 96 фоизи “махсус таълим ва тиббий ёрдам муҳтож эмаслиги” билан изоҳланмоқда.

Бош вазир Абдулла Ориповга киритилган ҳужжатда кўрсатилишича:

  • сколиоз касаллиги мавжуд болалар учун 10 та, сил ва сурункали нафас йўллари касалликлари хавфи мавжуд бўлган болалар учун 12 та санаторий туридаги мактаб-интернатларда 5120 нафар ўқувчи таҳсил олади;
  • ўрганишлар давомида улардан 4947 нафари тиббий кўрикдан ўтказилган бўлиб, шулардан 4778 нафари, яъни 96,6 фоизида таянч ҳаракатланиш ва нафас йўллари тизимида оғир нуқсонлари мавжуд эмас, деган хулосага келинган ва бу ўқувчилар умумтаълим мактабларида таълимни давом эттиришга тавсия қилинган;
  • тиббий ва реабилитация хизматини кўрсатиш бўйича тиббий ходимлар штатлари асоссиз aжратилган.

Муассасаларнинг соғломлаштириш жараёнларига махсус ихтисосликка эга тиббий ходимлар жалб этилган. Шу боис, болаларни овқатлантириш харажатлари ва педагогларнинг иш маошига қўшимча устамалар умумтаълим мактабларига нисбатан юқори этиб белгиланган”, – дейилади бош вазирга киритилган хатда.

Таъкидланишича, бундай санаторий болалари умутаълим мактабларидаги инклюзив синфларда ўқишини давом эттиради. Кам таъминланган оилалар фарзандлари, етим ва қариндошлари билан вақтинча яшайдиган болалар учун куни узайтирилган гуруҳларда бепул овқатлантириш хизмати сақлаб қолинади. Санаторийлар ўрнида ташкил этиладиган 22 та умумтаълим мактабида инклюзив синфлар учун тюторлар (ёрдамчи педагог ходимлар) штатлари бўлади.

Бироқ Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида, алоҳида таълимга эҳтиёжи бор болаларни инклюзив синфларга йўналтирадиган психологик-тиббий-педагогик комиссиялар (ПТПК) шифокорлари таркибига силга мойил болаларга кўрсатма берадиган фтизиатр киритилмаган.

Санаторий мактаб раҳбарлари нима демоқда?

Жойларда санаторий туридаги мактаб-интернатларга талаб қанчалик юқори эканини билиш учун Kun.uz мухбири 22 та мактаб-интернатнинг 10 га яқини раҳбарлари билан боғланди. Уларнинг аксари вилоят ва туманларда касаллар кўплиги ва бундай мактабларга эҳтиёж борлигини маълум қилишди.

Ўлмас Қораев, Жондор туманидаги 19-сон Сил касаллигига мойил болалар учун ихтисослаштирилган санаторий туридаги мактаб-интернати директори:

Йилига 2 марта қабул бўлар эди, лекин 2024 йил январ ойидан тўхтатилган. Мактабда 250 дан ортиқ бола ўқирди. Улар сил касали билан оғриган оила фарзандлари ҳисобланади. Бухорода 3 та санаторий туридаги мактаб интернати бўлса, уларнинг ҳаммаси ёпиляпти. Тўғри, 3 та мактаб битта вилоят учун кўпдир, лекин уларнинг ҳеч бўлмаса биттаси қолиши керак деб ҳисоблаймиз. Чиндан ҳам шароити оғир оилалар бор. Масалан, мактабимизда ўта оғир шароитдаги оила фарзандлари 50 нафарча чиқади.

Фазлиддин Сатторов, Ғиждувон туманидаги 2-сон Сил касаллигига мойил болалар учун ихтисослаштирилган санаторий туридаги мактаб-интернати директори:

Бизда 275 нафар ўқувчи қабул қилинар эди. Ҳозир ҳар куни ота-оналар келиб, қабулни очишимизни сўрашяпти. Қоида бўйича 250 нафардан ошмаслиги керак. Менимча ҳам фақат эҳтиёжи борларни қабул қилиб, шу белгилаб берилган сондан оширмай қабулни давом эттириш керак. Мактабда ўта камбағал, қорни тўймайдиган, қиш, ёзда уст-бош билан тўлиқ таъминланмайдиган болалар ўқийди. Ғиждувонда бундай мактабларга эҳтиёж бор.

Умитой Хушвақтова, Шаҳрисабз тумани 15-сонли Сил касаллигига мойил болалар учун ихтисослаштирилган санатория туридаги мактаб-интернати директори:

Мактабимиз 386 ўринга мўлжалланган. Қанча ўқувчи келса, йўлланма билан ўқитиб келаётгандик. Сил касалига мойил бўлганидан кейин у касални юқтирмаслик учун алоҳида ўқитилиши керак. Сил касалига мойил болаларнинг юқори нафас йўллари доимий равишда шамоллаб юради. Масалан, ҳозир шифокорлар тавсияси билан 260 нафар бола даволанишга муҳтож бўлиб турибди. Уларнинг ота-онаси ҳам кутиб турибди, нима қиламиз энди деб. Буларнинг ичида ижтимоий аҳволи оғир, етим-есир болалар ҳам бўлади. Кўплари сил билан контактда бўлган. Уларни мактабга қўшиб ўқитиб бўлмайди, алоҳида ўқитиш керак. Агар уларга қаров яхши бўлмаса, касални бошқа болаларга юқтиришади.

Бахтиёр Боймирзаев, Наманган шаҳридаги 40-сонли умумий ўрта таълим сколиоз болалар санаторий мактаб-интернати директор ўринбосари:

Бизда ҳам қабул тўхтатилган. Лекин сабабини айтишмаяпти. 1-синфнинг ўзига 40 га яқин бола ариза берган. 2-9 синфгача эса 40 га яқин бола бор. 230 бола эса даволаняпти. Уларга хизмат қилаётган 150 га яқин ходим бор. Умуман вилоят миқёсида мингга яқин сколиоз билан оғриган бола бор. Яъни талаб кўп. Агар бу болалар оддий мактабга борса, ҳафтада 2 марта 40 минг сўмга массаж олиши керак. Бизда эса бу текинга. Агар уни олмаса, касаллик ривожланиб кетиб қолади.

Ота-оналар эса болалари мактабда калака қилинади деган фикрда. [Бошқа болалар] четга суриб қўяди. Ота-она боласининг массажига пул топди ҳам дейлик, лекин болага синфдошлари томонидан бериладиган руҳий зўриқишлар ёмон таъсир қилади. Болалар мактабга боришни хоҳламай қолади. Биз бир йили ўқувчиларни 11-синфгача олиб чиқдик, 11 нафар битирган боладан 10 нафари олий таълимга кирди. Яъни бу санаторияда болаларнинг таълимга, кейинчалик жамиятга мослашиши яхши олиб борилади. Оддий мактабларга борса, улар чеккага сурилиб, жамиятга фойдаси тегмайдиган шахсларга айланади. Ота-онасига қарам бўлиб қолади.

Ғофуржон Фаттоев, Сариосиё тумани 66-сонли сколиоз билан касалланган болалар учун ихтисослаштирилган санаторий туридаги мактаб-интернати директори:

Бу касаллик билан бизда 400 га яқин бола даволанади. Уларнинг асосий қисми 1- ва 2- даража, 3- ва 4- даража деярли йўқ. Вилоят бўйича 3- ва 4-даража 40-50 нафар чиқиши мумкин. Лекин бундай мактабларнинг ҳаммаси ёпиладими ёки йўқми, билмаймиз ҳозирча.

Маҳмуд Маматов, Сирдарё вилояти халқ таълими бошқармасига қарашли Сил касаллигига мойил бўлган болалар санаторий туридаги 70-мактаб-интернати директори:

Ота-оналарга ҳали бир тўхтамга келганимиз йўқ деган фикрни айтяпмиз. 250 ўринли мактабимиз бор. Бу йил 230 нафар ўқувчи битирди. Ўтган йили яна 100 нафар бола навбатда турган эди, лекин уларни ололмадик, чунки қувватимиз етмайди. Шунинг учун қўшимча келишув қилиб Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги санаторияга жўнатдик. Умуман, талаб 400 га яқинлашади.

Феврал ойида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигидагилар ўрганиб кетди. Болаларнинг ўзи билан бир гаплашди, лекин ҳеч қанақа анализлар, рентген, болаларни чуқур тиббий кўрикдан ўтказиш бўлмади. Касаллик тўйиб овқатланмаса ёки зах жойда бўлса, яна қайта авж олади. Ота-оналар ўзи касал бўлиб туриб боласига қарайдими ёки ўзига қарайдими? Камбағаллик қисқариши ўрнига кўпайиши мумкин.

Нодирбек Сотволдиев, Булоқбоши тумани 11-сонли Сил касаллигига мойил болалар учун ихтисослаштирилган санаторий мактаб интернати:

Бунақа мактаблар бўлиши керак. Бир ҳисобдан, болаларни жамиятга қўшиш ҳам тўғри, лекин бу – асосан шароити яхши бўлмаган оилалар касаллиги. Нимжон болалар қишда усти юпқа бўлиб қолиши натижасида ҳам ёмонлашиб кетади. Санаторийда эса бу томонлари жуда яхши таъминланган. Агар у уйига борса, қайси шароитда ётади, қандай кийинади, совқотмайдими деган саволлар бор.

Туманнинг ўзида 400 дан ошиқ мактаб ёшидаги сил касали билан контактда бўлган оила фарзандлари бор. Тўғри, биз уларнинг ҳаммаси қамраб ололмаяпмиз. Қолгани умумтаълим мактабларига боришга мажбур.

Эсонбой Усмонов, Ангрен шаҳар 73-сонли сколиоз билан касалланган болалар учун ихтисослаштирилган санаторий туридаги мактаб-интернати раҳбари:

Мактабимда 204 нафар бола ўқийди. 60 нафари бу йил чиқиб кетиши керак. Сколиознинг 1, 2-даражадагилари умумтаълим мактабларига чиқиш ўқиши мумкин, лекин улар доимий назорат остида бўлиши керак. Чунки уларнинг 20 фоизи бир йилда 3- ёки 4-даражага айланиб кетиш эҳтимоли бор. Биз қараб даволасак, касаллик кейинги даражага ўтмайди. Касалликнинг ёмон бўлиб кетишига йўл қўймаймиз. Даволовчи жисмоний тарбия, овқатлари ва доимий массажлар билан ёрдам берамиз.

Фтизиатр фикри

Сирдарё вилоятидаги Сил касаллигига мойил бўлган болалар санаторий туридаги 70-мактаб интернати болалар фтизиатри Умида Юсупованинг айтишича, сил касалига мойил болаларнинг бошқалар билан қўшилиб ўқиши бошқа болалар ҳаётини ҳам хавф остига қўяди.

Санаторий туридаги мактаб интернатида болаларга тиббиёт ходимлари томонидан доимий қараб турилади, тез-тез шамоллаши олдини олиш учун муолажалар қилинади. Бизда сил касаллигининг ўткир, яъни юқумли давридагилар ўқимайди. Яъни юқтириш хавфи йўқ. Лекин уларга доимий яхши овқатланиш ва яхши қаров бўлмаса, касаллик ўткир даврга ўтиши мумкин. Бу эса атрофдагиларга, бошқа оддий болаларга хавф туғдиради. Бизда эса ўткир давридан ўтгандан кейин соғломлаштирилади. 1 йилдан 3 йилгача уларнинг тўлиқ тузалиб кетишига ёрдам берамиз. Чунки улар оддий оила фарзандлари, уйида ҳам яхши овқатланмайди”, – дейди мутахассис.

Зуҳра Абдуҳалимова,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид