Жаҳон | 08:50 / 17.07.2024
2843
2 дақиқада ўқилади

Косово озодлик армияси собиқ қўмондони 18 йилга қамалди

Ҳаага суди «Бўри қўмондон» лақабли Петер Шалани қотиллик, қийноқлар ва ноқонуний ҳибсга олишларда айбдор деб топди. Унга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш айблови олиб ташланди.

Фото: Piroschka van de Wouw/Pool, Reuters

Ҳаагада жойлашган Косово махсус палаталари (Kosovo Specialist Chambers, Косоводаги жиноятларни тергов қилиш бўйича махсус трибуналнинг расмий номи) Косово озодлик армияси (КОА) собиқ қўмондонларидан бири Петер Шалани 1990-йилларнинг охиридаги уруш жиноятларида айбдор деб топди ва 16 июл, сешанба куни уни 18 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Суд «Бўри қўмондон» лақаби билан танилган Шала 1999 йилда Косовонинг Сербиядан мустақиллик учун олиб борган уруши пайтида бир кишининг ўлдирилиши, шунингдек, яна 20 га яқин киши ноқонуний ҳибсга олиниши ва қийноққа солинишига алоқадор экани исботланган деб топди.

Трибунал аъзолари айбланувчига нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш айбловини қийноқлар билан бир хил деб топиб, уни оқладилар. Раислик қилувчи судя Маппи Велдт-Фоглиа Шалани 1999 йил май ва июн ойларида исёнчилар айғоқчи ёки серб кучлари билан ҳамкорлик қилган деб ҳисоблаган бир қатор этник косово албанларига нисбатан зўравонлик қўллаганликда айбдор деб топди. 

«Бўри қўмондон» 2021 йилда Белгияда ушланган

Петер Шала 2021 йил март ойида Белгияда қўлга олинган. Икки йил ўтиб, 2023 йил февралида бошланган суд жараёнида у тўртта айблов бўйича ҳам ўзининг айбсизлигини таъкидлади. 

«Косово учун махсус суд палаталари ва ихтисослаштирилган прокуратураси» аралаш суд органи 2016 йилда халқаро ҳамжамият босими остида тузилган. Расмий равишда у Косово адлия тизимининг бир қисмидир, аммо ундаги барча лавозимларни фақат чет эл судялари ва прокурорлари эгаллайди - жиноий таъқиб қилишда кўпроқ мустақилликни таъминлаш учун. Трибунал 1998 йил бошидан 2000 йил охиригача Косовода содир этилган ҳарбий жиноятлар, инсониятга қарши жиноятлар, қийноқлар ва мажбурий кўчирилишларни тергов қилиши керак. 

Мавзуга оид