Ўзбекистон | 14:31 / 19.07.2024
2802
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоизгача кўтарилди

Испаниянинг оммабоп El Mundo Financiero электрон нашрида "Ўзбекистонда гендер сиёсати - инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим мезони" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё".

Нашрда ёзилишича, Сенатнинг 2021 йил 28 майдаги қарори билан тасдиқланган "Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси" хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида тенглик тамойилини татбиқ этишдаги кенг қамровли ёндашувни назарда тутади

"Амалда эса натижалар янада салмоқли. Хусусан, гендер сиёсати сабаб – сўнгги етти йилда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 27 фоиздан 35 фоизга кўтарилди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида гендер тенгликка эришиш борасидаги тизимли ишларни сарҳисоб қилиб, хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши биринчи марта 35 фоизга етганини алоҳида қайд этди", – дея таъкидланган материалда.

Мамлакатда Қонунчилик палатаси депутатларининг 32 фоизи, Сенат аъзоларининг 25 фоизини аёллар ташкил этмоқда. Тадбиркор аёллар сафи икки баробарга кўпайиб, ўз бизнесини йўлга қўйган аёллар сони 205 мингдан ошди. Юз минглаб аёллар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. Cоғлиқни сақлаш ва таълим соҳасида банд бўлган аҳоли ўртасида хотин-қизлар улуши 77 фоизни, иқтисодиёт ва саноат соҳасида 46 фоизни ташкил этмоқда. Олий таълим муассасаларида таълим олаётган қизлар сони 6 баробарга кўпайиб таълим олаётган талабаларнинг ярмидан ортиғини хотин-қизлар ташкил этмоқда.

El Mundo Financiero тарқатган мақолада, шунингдек, "Ўзбекистонда бу борада олиб бораётган тизимли чора-тадбирлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам муносиб эътироф этилмоқда. Хусусан, Жаҳон банки индексида Ўзбекистон гендер тенглик соҳасида дунёдаги энг тез ривожланаётган 5 та мамлакат қаторида қайд этилди", деб ёзилган.

Мавзуга оид