Парламентда танаффусга чиқиш масаласида камчилик кўпчилик устидан ғалаба қозонди
Депутатларнинг кўпчилиги танаффус қилмасдан мажлисни давом эттиришни ёқлаб овоз беришди, аммо якунда танаффусга чиқиш варианти қабул қилинди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 23 июл куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида ғаройиб ҳолат кузатилди. Йиғилиш YouTube орқали жонли эфирга узатилди. Унда депутатлар мажлисда танаффус қилиш масаласи бўйича овоз беришди. Якунда камчилик овоз тўплаган вариант қабул қилинди.
«Регламент бўйича танаффусга чиқишимиз керак. Яна 4 та асосий масала қолди. Ҳозир ёки танаффус қилмасдан давом эттирамизми ёки танаффус қилиб, соат учда давом эттирамизми? Соат тўртда «Ҳукумат соати» бор. Нима дейсизлар?», деб ўртага савол ташлади спикер Нурдинжон Исмоилов.
Шунда мажлисни танаффус қилмасдан давом эттириш ҳақидаги таклиф овозга қўйилди. Натижаларга кўра, 89 нафар депутат танаффуссиз давом эттириш таклифини қўллаб-қувватлади, 13 нафари қарши бўлди, 1 киши бетараф яна 15 нафари овоз бермади.
Шундан сўнг спикер овоз бермаганларни интизомга чақирди ва таклифни такроран овозга қўйди. Бу сафар қўллаб-қувватловчилар сони ўзгармади, қаршилар эса 22 нафарга етди.
«Мен тушунмадим, нима қиламиз, давом этайликми ёки танаффус эълон қиламизми?», деб такрор сўради спикер Исмоилов.
Ушбу таклиф бўйича фикр билдирган депутат Жаҳонгир Ширинов камчилик кўпчиликка бўйсуниши кераклигини ва мажлисни давом эттириш шартлигини айтди. Спикер ўринбосари Алишер Қодиров эса «Мен ишни давом эттиришга розиман, лекин битта нарсани ҳисобга олишимиз керак, 22 одам ҳозир кайфият билан ишламайди», деди.
Шундан кейин, кам овоз тўплаган бўлса-да, мажлисни тўхтатиб, танаффусга чиқиш қарори қабул қилинди.
Мавзуга оид
17:03 / 29.11.2024
Ўзбекистон йод танқислиги бўйича оғир ҳудуд бўлиб қолмоқда — Сенат
16:12 / 22.11.2024
Танзила Норбоева Россияда МДҲ давлатлари Парламентлараро Ассамблеясида иштирок этди
18:37 / 17.11.2024
Ҳудудлардан сайланган сенаторлар эълон қилинди
22:55 / 16.11.2024