Жаҳон | 11:53 / 24.07.2024
14846
3 дақиқада ўқилади

Харрис илк сайловолди митингида Трампга қарши ҳужумга ўтди

АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис ўз сайловолди кампанияси доирасидаги илк митингида партиянинг бирдамлигини тиклашга ваъда бериб, республикачилар номзоди Доналд Трампга танқид ёғдирди.

Фото: BLOOMBERG

Кўп кишилик митинг Висконсин штатининг Милуоки шаҳрида бўлиб ўтди — бу сайлов тақдири ҳал бўладиган муҳим штатлардан биридир.

Ўтган ҳафтада Милуокида Трамп расман Республикачилар партиясидан президентликка номзод сифатида кўрсатилганди.

Ҳаррис ҳозирча расман номзод сифатида илгари сурилмаган, аммо бир кун олдин уни Демократик партиядан президентликка номзод бўлиши учун етарлича делегат қўллаб-қувватлаши маълум бўлганди, президент Жо Байден сайловолди пойгасидан чиқишидан кейинги кун давомида эса унга рекорд миқдорда хайрия маблағи йиғилганди.

«Доналд Трамп мамлакатимизни ортга қайтармоқчи, — деган Ҳаррис Милуокида йиғилганларга қарата, бир кун олдин сайловолди штабида айтган гапларини такрорлаб. — Биз эркинлик, меҳр-оқибат ва қонун устувор бўлган мамлакатда яшашни хоҳлаймизми ёки хаос, қўрқув ва нафрат мамлакатида?»

Жо Байден кампания давомида Трамп ҳақида кўпинча кенг маънода демократияга таҳдид сифатида гапирган бўлса, Ҳаррис кўпроқ шахсий ёндашувдан фойдаланди ва Калифорния прокурори лавозимида ишлаганида собиқ президент каби «йиртқич» ва «фирибгар» одамлар билан кўп бор шуғулланганига ишора қилди, дея қайд этади AFP.

«Мен ҳар хил жиноятчиларнинг ишини олганман, — дейди у. — Аёлларни таҳқирлаган йиртқичлар. Истеъмолчиларни алдаган фирибгарлар. Ўз манфаати учун қоидаларни бузган фирибгарлар».

Ўз нутқида Ҳаррис абортлар мавзусига алоҳида тўхталиб, «Трампнинг экстремал тақиқларини тўхтатиш»га ваъда берган ва шундай деган: «Биз ўз танаси бўйича қарор қабул қилишни аёлларнинг ўзига қолдиришимиз ва ҳукумат уларга нима қилишни айтиб туришига йўл қўймаслигимиз керак».

Трамп бунга жавобан уни чегарадаги миграция инқирозини ҳал этишга лаёқатсизлик қилишда айблаб, сентябр ойида ABC News эфирида Байден ўрнига у билан дебат қилишга тайёрлигини билдирган.

«Мен Жо Байден билан дебатга розилик бергандим. Аммо мен у билан ҳам дебат қилишни хоҳлайман. У [Байдендан] ҳеч нарсаси билан фарқ қила олмайди», — деган у журналистларга.

Reuters агентлиги ва Ipsos тадқиқот компанияси душанба-сешанба кунлари ўтказган сўровларга кўра, Жо Байден ўз кампаниясини якунлаганидан кейинги даврда Камала Ҳаррис Доналд Трампни 2 фоизлик фарқ билан ортда қолдирмоқда.

Ҳозирда сўровда қатнашганларнинг 44 фоизи Ҳаррисга, 42 фоизи — Трампга овоз беришини билдирган.

Reuters агентлиги ёзишича, ўтган ҳафтадаги сўровларда Байден Трампдан икки фоизга ортда қолаётганди. Ўшанда Трамп ва Ҳарриснинг кўрсаткичлари 44 фоиздан эди.

Сешанба куни кечқурун республикачи конгрессменлар Вакиллар палатасига Камала Ҳарриснинг импичменти ва Жо Байденнинг истеъфоси талаб қилинган резолюциялар киритгани маълум бўлди.

Лекин улар кўриб чиқиш учун қабул қилиниши эҳтимоли деярли йўқ.

Мавзуга оид