Жамият | 08:06 / 25.07.2024
21871
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда ўзганинг уйи олдидаги дарахтни кесиб кетган ниқобли икки шахс ушланди

Мирзо Улуғбек туманида 2 нафар шахс фуқаронинг уйи олдидаги дарахтни яширин равишда кесиб кетди. Улар қўлга олинган.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида 2 нафар шахс ўзга бир фуқаронинг уйи олдидаги дарахтни яширин равишда кесиб кетгани акс этган видео тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Gazeta.uz’га маълумот берди.

2024 йилнинг 14 июл куни тахминан соат 00:55 атрофида Мирзо Улуғбек туманидаги кўчаларнинг бирида, 1950 йилда туғилган фуқаро З.А.нинг яшаш хонадони олдига 2 нафар юзларига ниқоб таққан номаълум шахслар Lacetti автомашинасида келиб, уйини олдидаги дарахтни кесиб кетишган.

Кўрилган тезкор тадбирлар натижасида ушбу ҳуқуқбузарликни 1989 йилда туғилган О.У. ва 1990 йилда туғилган Н.Ғ. содир этгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Мавзуга оид