Жаҳон | 08:55 / 29.07.2024
2422
4 дақиқада ўқилади

BamS: Экофаоллар Lufthansa томонидан миллионлаб евролик даъволарга дуч келиши мумкин

Авиакомпания вакили Франкфурт аэропортининг блокадасидан кўрилган зарар аввалги шунга ўхшаш ҳаракатларга қараганда «сезиларли даражада юқори» бўлишини айтди, деб ёзади Bild am Sonntag. Кёлндаги блокада миқдори ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Фото: Shutterstock

25 июл куни Германиянинг Франкфурт-Майндаги энг йирик аэропортини блокадага олиш учун масъул бўлган «Сўнгги авлод» гуруҳининг радикал экологик фаоллари Lufthansa улардан миллионлаб евро товон талаб қилишини кутишлари керак. Бу ҳақда 28 июл, якшанба куни Bild am Sonntag (BamS) газетаси ўзида мавжуд маълумотларга асосланиб хабар берди. 

BamS хабарига кўра, авиакомпания вакили Франкфурт аэропортининг блокадасидан кўрилган зарар миқдори аввалги шунга ўхшаш ҳаракатларга қараганда «сезиларли даражада юқори» бўлишини айтди. Шунингдек, газетада Германиянинг учта аэропортида учиш-қўниш йўлаклари тўсиб қўйилганидан сўнг Lufthansa жами 740 минг евро миқдоридаги зарарни қоплашни талаб қилгани ҳақида ҳам маълумот бор.

Франкфурт аэропорти ишининг мажбурий тўхтатилишидан ташқари, атроф-муҳит фаоллари 24 июл куни Кёлн/Бонн аэропорти учиш-қўниш йўлагидан унча узоқ бўлмаган жойда худди шундай акцияни ўтказишди. Ушбу ҳодиса учун етказилган зарар миқдори ҳозирча хабар қилинмаган. 

Экофаоллар иккита аэропорт ишини қандай қилиб тўхтатиб қўйди?

25 июл куни эрта тонгда «Сўнгги авлод» гуруҳининг бир неча намойишчилари Франкфурт-Майн аэропортига кириб, учиш-қўниш йўлакларига ўзини ёпиштириб олди. Улар 2030 йилгача газ, нефт ва кўмир қазиб олиш ва фойдаланишни тўхтатишни талаб қилишди. Fraport операторига кўра, режалаштирилган 1400 та рейсдан 230 га яқини акция туфайли бекор қилинган. Етти нафар фаол қўлга олинган. Бу бир неча ойлардан бери давом этаётган, бундай ҳаракатлар учун жазо чораларини кучайтириш ҳақида мунозарани кескинлаштирди. 

Бир кун олдин беш киши Кёлн/Бонн аэропортида панжарадан ўтиб, уч соат давомида ҳаво ҳаракатини тўхтатиб қўйган эди. Намойишчиларга қарши йиғилишлар тўғрисидаги қонунни бузганлик, ҳаво қатновига хавфли тарзда тўсқинлик қилганлик ва ҳудудга ноқонуний кирганлик айблови бўйича иш очилган, деди полиция вакили. Аэропорт ёпилиши сабабли ўнлаб рейслар бекор қилинган ёки кечиктирилган. Минглаб йўловчилар, жумладан, болали оилалар мактаб таътиллари авжида бир неча соат давомида терминал биносида қолиб кетишди.

Германия авиация хавфсизлиги қонунини кучайтиришни режалаштирмоқда 

Германия транспорт вазири Фолкер Виссинг атроф-муҳит фаолларининг сўнгги ҳаракатини кескин қоралади. «Аэропортларга зўрлик билан бостириб кирган, учиш-қўниш йўлаклари ва самолётларни тўсиб қўйган ҳар қандай одам одамлар ҳаётини хавф остига қўяди», деди у Funke медиа-гуруҳига берган интервюсида. Виссингнинг сўзларига кўра, Бундестаг Авиация хавфсизлиги тўғрисидаги қонунни имкон қадар тезроқ қабул қилиши керак. Унда аэропорт фаолиятига халақит берган қоидабузарларга беш йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган.

Худди шундай позицияни Германия аэропортлари ассоциацияси - ADV ҳам билдирган ва у «атроф-муҳит фаолларининг жиноий босқинини» кескин қоралаган. «Бундай хатти-ҳаракатлар жиддий жиноий оқибатларга олиб келиши керак», деб тушунтирди ADV бизнес менежери Ралф Бейзел. Унинг сўзларига кўра, ассоциация «Авиация хавфсизлиги тўғрисида»ги қонуннинг қатъийлаштирилишини қўллаб-қувватлайди. 

Шимолий Рейн-Вестфалия ички ишлар вазири Херберт Ройл ҳам кескин танқид билан чиқди. «Бу одамлар қилаётган ишнинг норозилик ва фикр билдириш билан алоқаси йўқ. Булар бир вақтнинг ўзида бир нечта жиноий ҳуқуқбузарликлардир», деди у Rheinische Post газетасига берган интервюсида. 

Европада радикал экофаолларнинг ҳаракатлари 

Худди шундай акциялар 24 июл куни бошқа мамлакатлар аэропортларида ҳам бўлиб ўтди. Лондоннинг Хитроу аэропортида «Нефтни тўхтатинг» гуруҳининг 9 нафар фаоли ҳибсга олинди. Норвегияда 12 нафар фаол Осло аэропортини тўсиб қўйди. Шунга ўхшаш ҳодисалар Испания ва Финландияда ҳам қайд этилган. 

Мавзуга оид