Жаҳон | 11:16 / 02.08.2024
5126
3 дақиқада ўқилади

ҲАМАС етакчисининг ўғли: Ҳания қони Ғазодаги болалар қонидан устунроқ эмас

Абдусалом Ҳаниянинг айтишича, Исроил қанчалик ўлдирмасин, Фаластин халқининг инқилобини тўхтата олмайди.

Фото: AP

Исроил қанча ўлдирмасин, Фаластин халқининг инқилобини тўхтата олмайди. Лидерларнинг ҳар бир ўлдирилиши Фаластин халқи ва ислом олами учун янги инқилобга сабаб бўлади. Бу ҳақда Теҳрондаги суиқасд чоғида ҳалок бўлган Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳаниянинг тўнғич ўғли Абдусалом Ҳания «Анадолу» билан суҳбатида айтиб ўтди.

«Бизнинг кўз ёшларимиз қурбонлар оиласининг кўз ёшларидан устун бўлмаганидек, отамнинг қони ҳам болаларнинг ёки Ғазо аҳолисининг қонидан устунроқ эмас», - деди у.

Аввалроқ, ижтимоий тармоқлардаги постида Абдусалом Ҳания «унинг (Исмоил Ҳания) мероси миллий бирлик, Ғазо секторига ҳужумлар тўхтатилиши ва халқимизнинг ғалабаси эди», деб ёзди.

«Унинг қони халқимизнинг қонидан, қурбон бўлган ўғли учун тўкилган онанинг кўз ёшларидан устунроқ эмас. Отам болалигидан кеча-ю кундуз қаршилик, инқилоб ва кураш йўлини босиб ўтган», — деди ҲАМАС етакчисининг ўғли.

Абдусалом Ҳания отаси бир неча бор суиқасдга учраганини, умрини қаршиликни тарғиб қилиш билан ўтказганини эслади.

«Ҳаниянинг ўғиллари ва набиралари 7 октябр куни Исроилнинг бурнини ерга қаратди, Ҳания халқи эса тарихдаги энг катта қирғинга дош берди», - дея таъкидлади у.

Теҳронда ҲАМАС етакчисининг ўлдирилиши

Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раиси Исмоил Ҳания Эрон янги сайланган президенти Масъуд Пезешкиён инаугурация маросимида иштирок этиш учун Теҳронга келганди.

Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) 31 июл куни эрталаб Эрон пойтахтида Исмоил Ҳания қароргоҳига зарба берилгани ҳақида маълумот тарқатди.

Эрон ва ҲАМАС Исроилни қотилликни уюштирганликда айблади. Бироқ Исроил расмийлари воқеага изоҳ беришдан ўзини тийиб турибди.

Исмоил Ҳания 2017 йил 6 май куни ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари этиб сайланган эди. У бу лавозимда Холид Машал ўрнини эгаллади.

Мавзуга оид