Жаҳон | 09:41 / 02.08.2024
2931
4 дақиқада ўқилади

Малидаги исёнчилар 84 нафар «вагнерчи» йўқ қилингани ҳақида хабар берди

Айирмачи қуролли гуруҳлар иттифоқига кўра, «Вагнер» ХҲКнинг 84 нафар жангчиси ва Мали ҳукумати армиясининг 47 аскари Тинзауатен қишлоғи яқинидаги жангларда ҳалок бўлган.

Фото: AP

Мали шимолидаги исёнчилар 25 июлдан 27 июлгача бўлган даврда Россиянинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси 84 ёлланма жангчиси, шунингдек, Мали ҳукумати армиясининг 47 аскари йўқ қилинганини билдирди. Бу ҳақда 2 август, жумага ўтар кечаси AFP хабар берди

Айирмачи қуролли гуруҳларнинг CSP-DPA алянси 1 август куни эълон қилган баёнотга кўра, Тинзауатен аҳоли пункти яқинида туарег исёнчилари билан жангларда ҳалок бўлган ёки оғир яраланган яна 30 га яқин киши вертолётда Кидал шаҳрига етказилган.

Баёнотда, шунингдек, исёнчилар бешта зирҳли машина, бешта юк машинаси ва қурол-яроғларни қўлга олишга муваффақ бўлганлиги ҳам айтилади. AFP агентлиги таъкидлашича, унинг ходимлари бу маълумотларнинг тўғрилигини текшириш имконига эга бўлмаган. 

«Вагнер»нинг Малидаги йўқотишлари 

Аввалроқ, 29 июл куни «Разгрузка Вагнера» Telegram-каналида таъкидланишича, Мали ҳукумат армияси (FAM) ва ХҲК 13-ҳужум отрядининг «вагнерчилари» 2024 йил 22 июлдан 27 июлгача Тинзауатен қишлоғи яқинида «Азавад мувофиқлаштирувчи ҳаракати» ва Россия Федерациясида тақиқланган «Ал-Қоида Саҳелда» гуруҳи жангарилари билан жанг қилишди. ТАСС ахборот агентлигининг ХҲКга таяниб ёзишича, россиялик ёлланма аскарларга 1 минг кишигача бўлган гуруҳ қаршилик кўрсатган.  

Қайд этилишича, ХҲК 13-ҳужум отряди командири, «Пруд» чақирув белгисига эга бўлган Сергей Шевченко жангларда ҳалок бўлган. ХҲК йўқотишлари ҳақида батафсил маълумот берилмаган. 

28 июл куни Reuters, AFP ва AP агентликларининг хабар беришича, россиялик «Вагнер» ХҲК ёлланма аскарлари ва иттифоқдош Мали ҳукумати кучлари Малининг шимолида Жазоир билан чегара яқинида, туареглар ҳукмронлик қиладиган қуролли гуруҳлар коалицияси билан жангда жиддий талафот кўрган. 

Ушбу маълумотларга кўра, икки кунлик жанг натижасида Мали армияси ва рус ёлланма аскарлари колоннаси «мағлубиятга учратилган», «ўнлаб» ҳалок бўлганлар ва ярадорлар бор. «Россия ёлланма аскарлари ва Мали аскарлари қочиб кетишди, - деди бўлгинчи қуролли гуруҳларнинг CSP-DPA алянси вакили Муҳаммад Элмаулоуд Рамадан. - Бошқалар таслим бўлишди». 

Малида ҳукумат ва исёнчилар ўртасида тўқнашув

Мали ҳукумати билан экстремистик ва сепаратистик гуруҳлар ўртасидаги қуролли тўқнашув 2012 йилда бошланган. Ўшандан буён мамлакат, биринчи навбатда, хавфсизлик ва ижтимоий-иқтисодий тараққиёт соҳасида инқироз ҳолатида. 

Россиялик ёлланма аскарлар 2021 йилдан бери Малида мавжуд. 2020 йилда полковник Ассими Гоита бошчилигидаги ҳарбийлар мамлакатда ҳокимиятни қўлга олди. Улар Франция билан анъанавий алоқаларни уздилар ва Россия Федерацияси билан яқинлашишни бошладилар, «Вагнер» ХҲКдан ёлланма аскарларни мамлакатга таклиф қилдилар. 

Хунта мамлакатнинг бутун ҳудудида, биринчи навбатда шимолий Кидал минтақасида назорат ўрнатиш вазифасини қўйди. 2023 йилда ҳарбийлар Кидални қўлга олишга муваффақ бўлишди.

Мавзуга оид