Ўзбекистон | 18:44 / 05.08.2024
13658
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Тожикистон Сарез кўлидан ичимлик суви олишни йўлга қўйиши мумкин

Икки давлат ўртасида сув хўжалиги соҳасида янги қўшма трансчегаравий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: wikiway.com

Минтақа давлатлари тоза ичимлик суви билан таъминланиш учун Сарез кўли ресурсларидан фойдаланиши мумкин. Бу масала Тожикистон ва Ўзбекистон делегациялари томонидан икки давлатнинг сув ресурсларидан комплекс фойдаланиш бўйича қўшма ишчи гуруҳи йиғилишида кўриб чиқилди.

3 август куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишни Тожикистон энергетика ва сув хўжалиги вазири Далер Жума ҳамда Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев бошқарди.

Делегациялар Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида сув хўжалиги соҳасида янги қўшма трансчегаравий лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди, деб хабар берди Тожикистон Энергетика вазирлиги. Томонлар сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ниятида эканлигини билдирган.

Сарез кўлининг чучук сувидан ичимлик эҳтиёжлари учун фойдаланиш масаласи 2018 йилда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Тожикистон раҳбарининг Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида муҳокама қилинган эди. Президентлар савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссияга бу имкониятни ўрганиш бўйича топшириқ берди.

Эмомали Раҳмон халқаро форумлардаги нутқларида Тожикистон чучук сувнинг улкан ресурсларига эга эканини бир неча бор таъкидлаб, Марказий Осиё мамлакатларини узоқ муддатли ичимлик суви билан таъминлаш учун Сарез тоғ кўлидан фойдаланишни таклиф қилиб келмоқда.

Республика ҳукумати ҳам, шунингдек, Сарездан Осиёнинг бошқа мамлакатларига, хусусан, Эрон, Иордания ва Бирлашган Араб Амирликларига ичимлик суви етказиб беришни йўлга қўйишни таклиф қилган.

Сарез кўли Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилоятида денгиз сатҳидан тахминан 3,5 минг метр баландликда жойлашган. Кўлнинг узунлиги 70 км дан ортиқ, максимал чуқурлиги тахминан 500 метр, сув ҳажми 17 км³. Кўл 1911 йил феврал ойида кучли зилзила оқибатида ҳосил бўлган, бу вақт давомида қулаган тошлар ва кўчкилар Бартанг дарёси йўлини тўсиб қўйган. Оқибатда Усой деб номланган табиий тўғон ҳосил бўлган.

Мавзуга оид