Қирғизистонлик боксчига секундантлик қилаётган ўзбекистонлик мураббий ижтимоий тармоқларда олқишланмоқда
Париж-2024 бокс баҳсларида қирғизистонлик боксчи Мунарбек Сейитбек уулу мамлакат бокси тарихида илк бор Олимпиада яримфиналига йўлланма олгач, ижтимоий тармоқларда қирғизистонликлар ўзбекистонлик мураббий Акмал Ҳасановга миннатдорчилик билдирмоқда.
Гап шундаки, Мунарбекнинг мураббийи Беганас Султанбаев виза ва аккредитация ололмагани сабабли Франциядаги йирик турнирга бора олмагач, ўзбекистонлик бокс мураббийи Акмал Ҳасанов қўшни мамлакат спортчисига Парижда секундантлик қилган.
Ижтимоий тармоқларда қирғизистонлик мураббий ўз уйида шогирдининг Олимпиададаги ютуқларидан қувонч кўз ёшларини тўккани ҳақидаги видеолар тарқалгач, Қирғизистон спорт департаменти директори Айбек Абдимуминов Беганас Султанбаевнинг Парижга бора олмагани сабабини маълум қилди.
«Мунарбек Олимпиадага нисбатан кечроқ, июн ойида лицензияни қўлга киритди. Аммо мураббийларнинг аккредитация олиш муддати март ойидаёқ ёпилгани сабабли боксчининг мураббийи Беганас Султанбаев аккредитация ололмади», - дейди у.
Қийин паллада қўшни мамлакат спортчисини қўллаб-қувватлаган ўзбекистонлик мураббийнинг бу қарорини ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари «Марказий Осиё биродарлиги» дея, олқишлашмоқда.
Қайд этиш жоиз, Мунарбек Сейитбек уулу яримфинал баҳсини 9 август куни Болгария вакили Хавьер Диазга қарши ўтказади. Ушбу вазн тоифасидаги яна бир яримфиналда эса ўзбекистонлик Абдумалик Халоков австралиялик Чарли Сениорга қарши рингга чиқади. Мунарбек ва Абдумалик ўз жангларида ғолиб чиқишса, финалда ўзбек ва қирғиз боксчиси тўқнаш келади.
Мавзуга оид
08:47 / 22.12.2024
Усик Фюрини яна енгди
21:57 / 18.12.2024
Фюри ва Усик бокс жангида илк марта сунъий интеллектга асосланган ҳакам бўлади
04:18 / 15.12.2024
Муроджон Аҳмадалиев нокаут билан ғалаба қозониб, камар соҳибига айланди
15:42 / 13.12.2024