Ўзбекистон | 15:38 / 05.08.2024
23307
2 дақиқада ўқилади

Саидазиз Саидалиев 20 йилга озодликдан маҳрум этилди

Юнусобод туман суди “Саидазиз медгородок” номи билан танилган Саидазиз Саидалиевни 20 йилга озодликдан маҳрум этди. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, у товламачилик, фирибгарлик, жиноий уюшма ташкил этиш ва бошқа моддалар билан айбдор деб топилиб, умумий тартибли колонияда жазо ўташи белгиланди.

Фото: Олий суд

“Саидазиз медгородок” номи билан танилган Саидазиз Саидалиев 20 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда 5 август куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судидан Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Саидалиев товламачилик, фирибгарлик, жиноий уюшма ташкил этиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, безорилик, пора беришда иштирок этиш жиноятлари содир қилган деб топилди.

У жазони умумий колонияда ўташи белгиланди.

Суд мажлисида яна 28 кишига нисбатан ҳукм ўқилмоқда. Kun.uz бу ҳақда тез орада хабар беради.

Иш судя Мурод Мирзажонов раислигида кўриб чиқилди. / Фото: Олий суд

Саидазиз Саидалиев қўлга олингани ҳақида пойтахт ИИББ 2023 йил 2 декабр куни маълум қилганди.

Айбловга кўра, 37 ёшли Саидалиев спорт билан шуғулланган жисмонан бақувват шахсларни ўз атрофига тўплаб, қатор жиноятларни содир этган. Хусусан, қарздорлик ва бошқа муаммолари бўлган шахсларнинг муаммоларини қонунни четлаб ўтган ҳолда ҳал қилиб бериш эвазига моддий жиҳатдан манфаатдор бўлиш, таҳдидлар йўли билан пул маблағларини ноқонуний қўлга киритиш, безорилик ва тамагирлик ҳолатлари шулар жумласидан.

Ўтган йили ноябр-декабр ойларида “кўча олами” вакиллари экани айтиладиган бошқа қатор шахслар ҳам ушланди. Июл ойида “Бахти Ташкентский” номи билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев 20 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Мавзуга оид