Ерусти пиёдалар ўтиш йўли учун 107,2 млрд сўм — Тошкентга бундай ўтказгичлар керакми?
Тошкент шаҳрида 25 та ерусти пиёдалар ўтиш йўли қурилиши режа қилинмоқда. Улардан 20 тасини қуриш учун 107,2 млрд сўм маблағ талаб этилиши таъкидланяпти. Тошкент шаҳар халқ депутатлар кенгашининг қарори билан дастлабки қурилиш ишлари учун 53,6 млрд сўм ажратилди. Хўш, пойтахтга бундай ўтказгичлар керакми? Kun.uz шу масалада аҳоли ва шаҳарсозлар фикрини ўрганди.
Тошкент шаҳридаги ерусти пиёдалар ўтиш йўллари ҳақида дастлаб Kun.uz кундалик фойдаланувчилар — пиёдаларнинг фикрини ўрганди. Пиёдаларнинг бир қисми ерусти ўтиш йўллари хавфсиз ҳаракатланиш учун самарали эканлигини маъқуллаган бўлса, яна бир қисми кўприкларнинг айримларида лифт ва эскалаторлар ишламаётганлиги, бу ёш болали, ногирон, ёши катта, қўлида ўғир юк билан ҳаракатланаётган йўловчиларга ноқулайликлар келтириб чиқараётганини айтди.
Шундан сўнг Kun.uz мухбири шаҳар ичида ерусти пиёдалар ўтиш йўлларини қуриш керакми ёки йўқ, мазкур масалада жаҳон тажрибаси қандай деган саволлар билан шаҳарсозлар — Искандар Солиев ҳамда Темур Аҳмедовга юзланди.
“Шаҳар ичида бундай кўприклар керак эмас”
Шаҳарсоз Искандар Солиев Тошкент каби шаҳарлар ичида нафақат баланд ерусти, балки ерости пиёдалар ўтиш йўллари қуриш керак эмаслигини таъкидлади.
“Шаҳар ичида ерости ва ерусти пиёдалар ўтиш йўлларининг умуман кераги йўқ. Ўз номи билан “шаҳар” дейилгандан кейин бундай локацияларда, албатта, пиёдалар қатнови кўп бўлади. Аксар ҳолатларда айнан шундай нуқталарда ерости йўллари ёки пиёдалар учун мўлжалланган кўприклар қурилади аслида. Негаки мазкур тоифадаги йўллар пиёдалар умумий масофасини узоқлаштириб юборади. Оддий ер юзидан йўлни кесиб ўтганда 20 метр юрилса, ерости ёки ерусти йўлида масофа 100 метрдан кўпроққа чўзилиши мумкин.
Бундан ташқари, шаҳардаги тўсиқсиз муҳитнинг йўқолишига сабаб бўлади. Ушбу омил йўлда ногиронлик аравачаси ёки болалар аравачаси билан пиёда ҳаракатланаётган шахсларга катта ноқулайликларни келтириб чиқаради”, – дейди шаҳаршунос Искандар Солиев.
“Автомобиллар учун шаҳар қуряпмиз”
Шаҳарсоз Темур Аҳмедов эса Тошкент йўлларида устунлик пиёдаларга эмас, балки автомобилларга берилаётганини, бу хатолигини, Европа давлатлари ва АҚШ каби давлатлар тажрибаларига суяниш кераклигини айтди.
“Биз ҳозир автомобиллар учун шаҳар қуряпмиз. Ерусти ўтиш йўллари пиёдалар учун эмас, улар машиналарга кўпроқ қулайлик яратади. Европа, АҚШ каби мамлакатлар бу борада аниқ синовларни ўтказган, нимага биз уларнинг тажрибасидан фойдаланиб, тўғри хулоса чиқармаслигимиз керак? асрнинг охирги йилларидан, яъни деярли 25 йилдан буён халқаро тажрибада шаҳар инфраструктураси дизайнида пиёдалар учун тепа ёки паст эмас, тўғри йўналиш бўйлаб йўллар қурилишига ўтилган. Тўғри йўналишда тўсиқсиз ҳаракатланиш пиёдалар учун энг қулай ва самарадор эканлиги исботланган.
Пиёдалар кўприклари баландлигига эътибор берсангиз, улар деярли бир бинонинг 3 қавати билан тенг. Табиийки, одамлар учун баландликка чиқиб-тушиш ноқулай, сабаби у ердаги лифт ва эскалаторлар доимий тарзда ишламайди. Бундай ҳолатда одамлар нима қилади? Йўлнинг белгиланмаган жойидан ўтади ва турли автоҳалокатларга сабабчи бўлади. Шаҳарсозлик қоидасига кўра, йўллар биринчи навбатда, пиёдалар қулайлиги ва хавфсизлигини инобатга олиб қурилиши керак. Билингки, ерусти ўтиш йўлларини барпо этиш орқали аҳолининг бир қисмини қоидаларни бузишга ундаган бўламиз”, – дейди Темур Аҳмедов.
Мутахассислар ерусти ўтиш йўллари пиёдалар хавфсизлигини таъминлашда энг оптимал ечим эмаслигини, бунинг учун шаҳарда автотранспортлар сони ва тезлигини камайтириш, чорраҳаларда ақлли светофорларни ўрнатиш талаб этилишини қайд этди.
Мавжуд ерусти пиёдалар ўтиш йўлларидаги муаммолар
2023 йил 20 декабрь санасида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбоева Тошкент шаҳридаги ерусти пиёдалар ўтиш жойларида ишламаётган лифт ва эскалаторларни танқид қилганди. Ўшанда лифт ва эскалаторларни ўрнатиш лойиҳада белгиланганига қарамай, улар ишламаётгани ёки умуман йўқлиги тилга олинган. Хусусан, Муқимий ва Абдулла Қодирий кўчаларидаги лифтлар ишламаётганлиги, Муқимий ва Лутфий кўчалари кесишмасидаги иккита кўприкда ҳамда Шота Руставели кўчасидаги кўприкда лифт ва эскалаторлар йўқлигини таъкидлаганди Сенат раиси. Шундан сўнг Кончилик, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ҳамда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасидан Тошкент ҳокимлиги билан биргаликда ушбу масалани назоратга олиш сўралган.
Орадан 6 ойдан кўпроқ вақт ўтди, бироқ бу муаммо ҳали тўлиқ бартараф этилмади. Faktchek.uz нашри ўтказган ўрганишларга кўра, Муқимий ва Бунёдкор шоҳкўчаси кесишмасида жойлашган “Новза” метро бекати яқинидаги ерусти пиёдалар ўтиш жойларида эскалаторлар пайдо бўлмади, Бунёдкор шоҳкўчаси бўйлаб жойлашган ерусти йўл ўтказгичидаги лифт ҳамон ишламаяпти.
Чўпонота ва Бунёдкор шоҳкўчаси кесишмасидаги “Мирзо Улуғбек” метро бекати яқинида жойлашган ерусти ўтиш жойига эскалаторлар ўрнатилган, бироқ улар йўловчиларга хизмат кўрсатмаяпти, у ердаги лифтлар ишлаб турибди холос.
Кўприк қуриш бир нечта светофор ўрнатиш, асфалтга зебра ўтиш жойини чизишдан кўра анча қимматроқ. Шаҳарга янги ерусти пиёдалар ўтиш йўли керакмиди ўзи? Эскиларидаги масалалар тўлиқ бартараф этилмай, нима учун янгиларини барпо қилиш бошланяпти? Лойиҳа нима сабабдан жамоатчилик муҳокамасига қўйилмади? Янги кўприклар пойтахтнинг айнан қайси нуқталарида қурилади ва қандай кўринишда бўлади? Шу каби саволлар билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати вакили Билан боғландик. У бу борадаги саволларимизни очиқ қолдирди ва лойиҳани амалга ошириш бўйича қарор чиқарган Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши матбуот котиби билан боғланишимизни айтди. Бироқ улар билан боғланишнинг имкони бўлмади.
Диёра Набижонова суҳбатлашди
Монта устаси Шерзод Эгамбердиев
Мавзуга оид
18:02 / 21.12.2024
Фаолиятда қонун бузилиши, сертификатсиз ўқитувчилар ва норози ота-оналар – “NEWTON ACADEMY” ўқув маркази ҳақида нималар маълум?
18:36 / 20.12.2024
Тошкентдаги электромобилларни қувватлаш станцияларини демонтаж қилиш буюрилди
13:54 / 19.12.2024
Пойтахт ИИББ Отабек Бакиров устидан жиноят иши қўзғатишни рад этди
23:26 / 18.12.2024