Жаҳон | 07:12 / 06.08.2024
9198
3 дақиқада ўқилади

Исроил ҲАМАС ва «Ҳизбуллоҳ» қўмондонлари ўлдирилганини маълум қилди

Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАС қўмондони ва Ливан жанубида «Ҳизбуллоҳ» қўмондони ўлдирилгани ҳақида хабар берди.

Фото: AP / Hussein Malla

Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) 5 август, душанба куни Ғазо секторида ҲАМАС ҳаракатининг баталион қўмондони Жобир Азиз ўлдирилганини маълум қилди. Бир неча соат ўтиб ЦАҲАЛ Ливан жанубидаги ҳаво ҳужумида «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати қўмондони Али Жамол Алдин Жавод ҳам ҳалок бўлганини билдирди.

Исроил армияси маълумотларига кўра, Жобир Азиз бир кун аввал, 4 август куни Ғазо секторидаги ҲАМАС қўмондонлик пункти жойлашган Ҳасан Саламия ва Носир мактабларига берилган зарба натижасида ҳалок бўлган. Қўмондон билан бирга «бошқалар» ҳам йўқ қилинди. Азиз 2020 йилдан бери ҲАМАСнинг «Ал-Фурқон» баталионига қўмондонлик қилиб келади. У 2023 йил октябр ойида Исроилга қарши терактлар режалаштирган ва уларда иштирок этган, дейди ЦАҲАЛ.

Ливан жанубидаги Эбба ҳудудида «Ҳизбуллоҳ»нинг «Радван» махсус кучлари қўмондони Али Жамол Алдин Жавод ҳам ўлдирилган. ЦАҲАЛ хабарга ҳужум акс этган видеони илова қилган. Унда Исроил армияси ҳаракатланаётган машинага ҳужум қилгани тасвирланган. 

Исроилнинг Байрутга зарбаси

30 июн куни Исроил Байрут чеккасига зарба бериб, 70 дан ортиқ одамни жароҳатлаган эди. ЦАҲАЛнинг билдиришича, зарбада Маждал Шамс қишлоғига уюштирилган ҳужумда 12 бола ва ўсмир ўлимига жавобгар бўлган «Ҳизбуллоҳ» қўмондони нишонга олинган. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. 

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 39 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид