Жаҳон | 09:20 / 10.08.2024
2161
2 дақиқада ўқилади

Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар 15 август куни бўлиб ўтиши мумкин

Жон Кирби Америка Қўшма Штатлари, Миср ва Қатарнинг қўшма баёнотидан сўнг томонлар ҳаракатга келганини ва имкон қадар тезроқ учрашиш истагини билдирганини айтди.

Фото: AP

АҚШ Миллий хавфсизлик хизмати стратегик алоқалар координатори Жон Кирбининг айтишича, Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар 15 август, пайшанба куни Доҳа ёки Қоҳирада бўлиб ўтади.

Теле-конференция орқали уюштирилган матбуот брифингида Оқ уй маслаҳатчиси Ғазода юзага келиши мумкин бўлган ўт очишни тўхтатиш жараёни билан боғлиқ сўнгги вазиятни баҳолади.

Кирби АҚШ, Миср ва Қатарнинг қўшма баёнотидан сўнг томонлар ҳаракатга келганини ва имкон қадар тезроқ учрашиш истагини билдирганини айтди.

Шу нуқтайи назардан, у томонлар 15 август, пайшанба куни Қатар пойтахти Доҳа ёки Миср пойтахти Қоҳирада учрашишга келишиб олганлигини айтди.

Унинг сўзларига кўра, Исроил музокараларга делегация юборишини эълон қилган, Қатар эса «Ҳамас делегациянинг келишини таъминлашга» ваъда берган.

«Умид қиламизки, бу фойдали натижалар беради. Пайшанба куни томонларнинг музокара столидаги режаларини ҳеч нарса бузишини истамаймиз», деб айтган Кирби. У учрашувда АҚШ ҳам иштирок этишини билдириб, тез орада ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш зарурлигини таъкидлади.

Жума куни эълон қилинган қўшма баёнотда Қўшма Штатлар, Миср ва Қатар Исроил ва Ҳамасни 15 август куни Қоҳира ёки Доҳада Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва асирлар алмашинуви бўйича музокараларни давом эттиришга чақирди. Қўшма баёнот минтақадаги кўплаб давлатлар, жумладан Туркия томонидан қўллаб-қувватланди.

Мавзуга оид