Жаҳон | 16:29 / 11.08.2024
17117
13 дақиқада ўқилади

Америкаликларга сотилган ва советлар заводини Москвага кўчириб кетган компания — Opel тарихи

Германиянинг Opel компанияси ўз тарихида жуда кўп синовларни бошдан кечирган. 1920-йиллар охирроқларида банкрот бўлиш хавфи туғилганда немислар компанияни америкаликларга сотиб юборади. Иккинчи жаҳон урушидан кейин советлар унинг Германиядаги асосий заводини Москвага кўчириб олиб кетади ва компания барчасини қайтадан бошлайди.

Фото: AP

“Немис машинаси” деган сўзлар ҳар доим сифатни англатган. Дунёдаги илк автомобил яратилгандан буён 130 йилдан ошиқ вақт ўтди. Ана шу давр мобайнида Германия автосаноати турли синовларга дуч келган бўлса-да, ривожланишдан тўхтамади.

Бугун немис компаниялари жаҳоннинг энг илғор автомобил ишлаб чиқарувчилари ҳисобланади. Улар орасида Opel компанияси ҳам бор.

Opel компанияси тарихи бундан 162 аввал оддий тикув машиналари ишлаб чиқарувчи корхонадан бошланган: 1862 йили германиялик Адам Опел тикув машиналари ишлаб чиқарувчи фабрика ташкил этади.

У 1884 йилда Парижда ташкил этилган кўргазмада илк бор велосипедларни кўради ва орадан икки йил ўтгач ўз корхонасида уларни ишлаб чиқаришни йўлга қўяди.

1886 йилда Германияда Карл Бенц илк автомобилни ишлаб чиқаради. Ана шунда Адам Опелда ҳам автомашина тайёрлаш иштиёқи туғилади.

Орадан икки йил ўтгач Адам автоконструктор Фридрих Луцман билан Рюсселсҳайм шаҳрида автомобил ишлаб чиқариш бўйича шартнома имзолайди.

Адам Опел

Кўп ўтмай завод тайёр бўлади ва шериклар Opel-Lutzmann номи остида автомобиллар тайёрлашни бошлашади. Бироқ Луцман билан ҳамкорлик узоқ давом этмайди ва 1900 йилда улар шерикликни тўхтатишади.

1901 йилда Адам Опелнинг ўғиллари Карл ва Вилҳелм Опеллар Франциянинг Automobiles Darracq S.A. фирмаси билан Opel-Darracq номи остида машина ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришади.

Кейинги йилиёқ биринчи Opel-Darracq автомобили тайёрланади ва компания уни Ҳамбургдаги кўргазмада оммага намойиш этади. Мазкур машина 10 ва 12 от кучига эга бўлган двигателлар билан жиҳозланган бўлиб, у соатига 45 км тезликда ҳаракатлана оларди.

1906 йилда Берлинда ҳам компаниянинг ишлаб чиқариш бўлими очилади ва ўша йили мингинчи автомобил тайёрланади.

Орадан бир йил ўтгач Opel-Darracq русумли автомобилларни ишлаб чиқариш тўхтатилади. Компания ўз автомобилларини ишлаб чиқара бошлайди.

1909 йилда кейинчалик Doktorwagen (Докторлар машинаси) номи билан танилган русумни ишлаб чиқариш бошланади. Ўша пайтда бу машинанинг нархи 3 950 маркадан бошланган.

Opel-Darracq автомобили

Ишлар бир маромда кетаётганда, 1911 йили компания фабрикасида ёнғин содир бўлади ва барча нарса ёниб кетади. Шундан сўнг Opel тикув машиналари ишлаб чиқаришни бутунлай тўхтатади ва фақат автомобиллар, мотоцикллар ва велосипедлар тайёрлашга ўтади.

Шунга қарамасдан, 1912 йилда компания ўзининг 10 мингинчи автомобилини ишлаб чиқаради. Ўша йили касаба уюшмалар ва ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги келишувга кўра Opel ҳафталик иш вақтини 55,5 соат (кунига 9 соатдан сал ошиқроқ), иш ҳақини эса соатига 36 пфенниг этиб белгилайди.

1914 йилда Opel 3 335 та автомобил сотишга эришади ва Германиядаги энг йирик автомобилсозлик компаниясига айланади. 1924 йилда Opel Германияда конвейер усулида автомобил ишлаб чиқарувчи биринчи компанияга айланади.

Орадан роппа-роса 14 йил ўтиб компания Германияда 42 771 дона автомобил сотади ва мамлакат автомобил бозорининг 37,5 фоизини эгаллашга муваффақ бўлади.

1928 йилда аввалига АҚШда бошланган молиявий ва иқтисодий инқироз Европани ҳам қамраб олади. Оқибатда келгуси йилда компания ўз акцияларининг 80 фоизини АҚШнинг General Motors корпорациясига сотиб юборишга мажбур бўлади.

Яна икки йилдан сўнг General Motors “Adam Opel”нинг қолган акцияларини ҳам сотиб олади ва компаниянинг 100 фоиз эгасига айланади. “Adam Opel” умумий ҳисобда америкаликлардан 33,3 млн доллар олади.

Ўша пайтда компания корхоналарида 13 минг одам ишлар, ҳар куни 500 автомобил, 6 минг дона велосипед ишлаб чиқариларди.

Opel Olympia

1935 йилга келиб Opel Берлин автосалонида ўзининг биринчи марта серияли тарзда ишлаб чиқарилаётган Opel Olympia автомобилини намойиш этади.

Келгуси йили “Adam Opel” 121 минг дона автомобил ишлаб чиқаришга муваффақ бўлади ва Европадаги энг йирик автомобилсозлик компаниясига айланади.

Яна бир йилдан сўнг компания Opel Olympia’ни мукаммалаштириб номини Opel Kadett деб ўзгартиради. Ўша йили Opel автомобил ишлаб чиқариш бўйича Европада биринчи, жаҳонда эса еттинчи ўринни эгаллайди.

1938 йилда Opel Kapitän, Opel Kadett ва Opel Admiral автомобилларини оммага тақдим этади. Орадан икки йил ўтиб компания миллионинчи автомобилни ишлаб чиқаради.

Opel компаниясининг Рюсселсҳаймдаги заводи, 1938 йил.

Ўша йил кузда Opel заводлари нацистлар томонидан эгаллаб олинади. Шундан сўнг енгил автомобиллар ишлаб чиқариш тўхтатилади ва нацистлар армияси учун юк машиналари тайёрлай бошлайди.

1944 йилда компаниянинг Рюсселсҳайм ва Бранденбургдаги заводлари авиазарбалар оқибатида вайрон бўлади.

СССРга кўчирилган завод ва янги давр

Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг General Motors яна Opel’га эгалик қила бошлайди. Бироқ бу пайтда компания заводлари вайрон бўлган, Рюсселсҳаймдаги асосий заводни товон тўлови сифатида советлар кўчириб кетишганди.

Советлар Германиядан олиб келинган ускуналарни Москва шаҳри ҳудудидаги заводга ўрнатиб, Opel Kadett машинасини “Москвич” номи остида ишлаб чиқара бошлашади.

Opel заводи ускуналари билан Москвада ишлаб чиқарилган илк "Москвич" автомобили.

Шундан сўнг Opel барча ишларни янгитдан бошлашга мажбур бўлади. Фақат 1950 йилга келиб Рюсселсҳаймдаги асосий завод фаолияти қайта тикланади. Компания муваффақиятли бўлган лойиҳа – Opel Kadett автомобилларини ишлаб чиқаришда давом этади.

1956 йилда Opel ўзининг икки миллионинчи автомобилини ишлаб чиқаради. 1962 йилда компания Бохум шаҳрида яна бир янги заводни ишга туширади.

Орадан 10 йил ўтиб миллионинчи Opel Kadett автомобили ишлаб чиқарилади. Яна 5 йилдан сўнг, 1971 йилда компания ишлаб чиқарган автомобиллар сони 10 миллионтага етади.

Ўша йилларда Opel Ascona, Opel Kapitän, Opel Admiral ва Opel Diplomat номи остида тайёрланган автомобиллар ҳам муваффақиятли сотилади. Натижада, савдо кўрсаткичлари бўйича Volkswagen AG ортда қолдирилади.

1970-йилларда Opel Германия автомобил бозорининг 20 фоизига эгалик қиларди. 1977 йилда Senator ва Monza оммага тақдим этади. Ўша пайтларда Saturn ва Holden русумлари ҳам савдога чиқарилади.

1982 йилда Opel Испаниянинг Сарагоса шаҳрида ўз заводини очади ва у ерда ўзининг яна бир муваффақиятли лойиҳаси — Opel Corsa автомобилларини ишлаб чиқара бошлайди. Шу йили Рюсселсҳаймдаги заводда 20 миллионинчи автомобил тайёрланади.

1987 йилда ишлаб чиқарилган Opel Omega

Изланишлар самараси ўлароқ, 1987 йилда Opel Omega ҳавога ифлос чиқиндиларни кам чиқарадиган машина сифатида “Йил автомобили” бўлади.

1994 йилда компания ўзининг 30 миллионинчи автомобилини ишлаб чиқаради ва АҚШда ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионатида асосий ҳомийлардан бири бўлади. Келгуси йилда Opel Полшада ҳам ўз заводини очди.

Бугунги кунда компаниянинг Белгия (1924 йилда очилган) Буюк Британия (1962), Испания (1982), Австрия (1982), Венгрия (1990), Полша (1998), Туркия (1968), Франция (1980), Венгрия (1991) давлатларида автозаводлари бор.

2017 йилда General Motors Opel компаниясини Франциянинг PSA (Peugeot Société Anonyme – Peugeot-‎Citroën) концернига ‎сотиб юборди. Кўп ўтмай PSA АҚШ-Италия автоконцерни Fiat Chrysler Automobiles (FCA) билан бирга Нидерландиянинг Stellantis компаниялар гуруҳи таркибига қўшилди.

Афсонавий Daewoo Nexia дастлаб Opel автомобили бўлган(ми?)

1996 йилда Асака шаҳрида Жанубий Кореянинг Daewoo компанияси билан ҳамкорликда автомобил ишлаб чиқарувчи UzDaewooAvto қўшма корхонаси ишга туширилади.

Ўша йилдан бошлаб Ўзбекистонда Nexia, Damas ва Tico машиналари тайёрлана бошланади. Nexia русумини кореяликлар айнан Opel’дан сотиб олишганди.

Бу автомобил илк бор 1984 йилда Opel Kadett E номи билан ишлаб чиқарилган. У 1985 йилда замонавий дизайни учун “Йил автомобили” деб топилган.

Opel Kadett E автомобили
Daewoo Racer

1986 йилда Daewoo компанияси Opel Kadett’ни немислардан сотиб олади ва кичик ўзгаришлар қилиб Daewoo Racer номи остида ишлаб чиқара бошлайди. Бу автомобил Кореяда 1994 йилгача тайёрланади.

1994 йилда Daewoo компанияси Daewoo Racer’ни бироз ўзгартиради ва уни Daewoo Nexia деб номлайди. Орадан бир ўтиб у Ўзбекистондаги заводда ҳам тайёрлана бошланади.

2016 йилда бу русум ишлаб чиқаришдан олиб ташланади. Маълумотларга кўра 20 йил давомида Ўзбекистонда 500 мингдан ошиқ Daewoo Nexia ишлаб чиқарилган.

1990-йиллар иккинчи ярмида ишлаб чиқарилган Daewoo Nexia

Opel’нинг машҳур моделлари

Opel Kadett. Бу автомобил жаҳон автосаноатида энг машҳур ва узоқ йиллар давомида ишлаб чиқарилган русум ҳисобланади. У илк бор 1937 йилда сотувга чиқарилган.

Ўтган асрнинг иккинчи ярмида Opel Kadett бир неча марта янгиланади. Ўша пайтларда у “Халқ автомобили” номини олади. Бу машинанинг сўнгги русуми Opel Kadett Е бўлган.

1987 йил Opel Kadett лойиҳаси Daewoo’га сотиб юборилади. Орадан 6 йил ўтиб 1993 йилда компания ўзининг машҳур моделини ишлаб чиқаришни тўхтатади.

Opel Astra. Компаниянинг яна бир машҳур автомобили Opel Astra ҳисобланади. У 33 йилдан буён янгиланган кўринишда ишлаб чиқарилмоқда.

Компания Opel Kadett Е машинасини кореяликларга сотиб юборгач унинг ўрнига 1991 йилдан бошлаб Opel Astra автомобилини тайёрлай бошлаган.

Бу автомобил илк бор Франкфуртдаги автосалонда намойиш этилган. У хэтчбек, седан ва универсал кўринишда ишлаб чиқарилган.

1990-йиллар бошларида ишлаб чиқарилган Opel Astra

Кейинчалик Opel Astra бир неча марта янгиланди. Аввалига у Opel Astra F номи билан савдога чиқарилган бўлса, 1997 йилда Opel Astra G, 2003 йилда Opel Astra H, 2016 йилда Opel Astra J, Opel Astra K, 2021 йилда Opel Astra L русумлари ишлаб чиқарилади.

Opel GT. Бу машина лойиҳаси 1960-йиллар бошида тайёрланган. Икки ўриндиқли илк автомобил 1968 йилда ишлаб чиқарилади. Ўша пайтларда Opel GT кузовини Франция компанияси тайёрлаб берган.

1973 йилда францияликлар билан тузилган шартнома муддати тугайди. Улар янги битим тузишни хоҳлашмайди. Шундан сўнг компания Opel GT автомобилларини ишлаб чиқаришни тўхтатишга мажбур бўлади.

Орадан 30 йил ўтгач компания бу автомобилнинг янгиланган кўринишда ишлаб чиқаришга қарор қилади. Opel GT 2006 йилда Женева автосалонида намойиш этилади, 2007 йилда сотувга чиқарилади. Компания бу автомобилни ишлаб чиқаришни 2009 йилда тўхтатган.

1970 йилда ишлаб чиқарилган Opel GT

Умумий ҳисобда Opel 100 га яқин русумда автомобиллар ишлаб чиқарган ва уларнинг аксарияти вақт ўтиши билан ишлаб чиқаришдан олиб ташланган. Ҳозирги пайтда компания кўплаб русумда замонавий автомобиллар ишлаб чиқаришда давом этмоқда.

Жумладан, Opel Mokka ва Opel Corsa автомобиллари ҳам муваффақиятли сотилаётган русумлар ҳисобланади.

Opel ҳақида қизиқарли маълумотлар

Opel томонидан ишлаб чиқарилган биринчи машинанинг аксарият эҳтиёт қисмлари ёғочдан тайёрланган эди. Унда узатиш қутиси ҳам бўлмаган ва соатига бор-йўғи 12 км тезликда ҳаракатлана олган.

Компания аввалига французларнинг автомобилини ишлаб чиқарган. Орадан икки йил ўтиб, ишчиларнинг маҳорати ошгач компания ўзининг илк автомобилини тайёрлай бошлайди. Бу автомобил соатига 45 км тезликда юра оларди.

1928 йилда Opel компаниясида ишлаб чиқарилган ва ракета двигатели билан жиҳозланган Opel RAK II спорт автомобили соатига 230 км тезликда ҳаракатланган. Ўша пайтда бу натижа қуруқликда қайд этилган энг катта тезлик ҳисобланган.

2002 йилда ишлаб чиқарилган Opel Corsa седани.

1972 йилгача Opel компанияси Германиядаги энг йирик автомобил ишлаб чиқарувчи компания бўлган. Кейин бу мақом бошқа рақобатчиларга бой берилган.

Компания логотиплари шу пайтгача 11 марта ўзгарган. Сўнгги кўринишдаги логотипдан 2008 йилдан бошлаб фойдалан бошлашган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид